АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА КИМЛАР?
Раддия
Аҳли сунна вал жамоа ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисми тутган йўлдир. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин(чаҳорёрлар) розияллоҳу анҳумнинг суннатларини ушлаган ва саҳобалар, тобеинлар, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомларидан иборат дин пешволари йўлига эргашган жамоадир. Аҳли сунна вал жамоа, мазкур улуғларнинг йўлини, узилмай келаётган силсила билан қабул қилиб олганлар.
Манбаларга қараганда Аҳли сунна вал жамоа атамасини дастлаб Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Оли Имрон сураси 106оятини тафсир қилганда ишлатган бўлсаларда, бу атама исломнинг илк даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди. Суннат ва жамоат аҳли ким дейилса, илмда пешво саҳобалар ва уларнинг йўлини тутган зотлар, дейилади.
Имом Муслим Ибни Сирин раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар:
لَم يَكُونُوا يَسْأَلُونَ عَنِ الْإِسنادِ فَلَمَّا وَقَعَتْ الْفِتْنَةُ قَالُوا سَمُّوا لَنَا رِجَالَكُم فينظرُ إِلَى أَهْلِ السُّنَّةِ فَيُؤْخَذُ حَدِيثَهُمْ وَيُنْظَرُ إِلَى أَهْلِ الْبِدَعِ فَلَا يُؤْخَذُ
حديثهم
Яъни: "Одамлар фитна (ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳид қилиниши) содир бўлгунига қадар бир-биридан иснод (ҳадисларни кимдан эшитганини) сўрамас эдилар. Ундан кейин (ҳадис эшитган) кишиларингиз номларини айтингчи, дейишарди. Кейин агар аҳли сунна бўлса, ҳадиси олинарди, аҳли бидъат бўлса, ҳадиси олинмасди".
Аҳли сунна вал жамоани ташкил қилган саҳобалардан тобеинлар илм ўргандилар, улардан эса мужтаҳид олимлар дин илмини қабул қилиб олдилар.
Иккинчи ҳижрий асрда баъзи илм аҳли муташобиҳ оятларнинг зоҳирига "ёпишиб", Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини исботлашда муболаға қилиб, "тажсим" (Аллоҳ таолога жисм нисбат бериш)га ўтдилар. Бунинг муқобилида мўътазила фирқаси чиқиб, Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаймиз, деб оят-ҳадисларда собит бўлган сифатларни йўққа чиқардилар. Ўша пайтда яшаган Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа аҳли сунна вакиллари (раҳимаҳумуллох) уларга раддия билдирганлар. Ўзларидан аввалги саҳобийлар, тобеинлар ва мужтаҳид уламоларнинг йўлини тутиб, муташобиҳ оятлар ҳақида: "Аллоҳ таолонинг сифатлари ояти карималарда қандай бўлса шундай имон келтирамиз, таъвилига киришмаймиз", дедилар. Мўътазила ва мушаббиҳаларнинг бидъатлари юзага чиқиб, уларнинг сўзлари тарқалгандан кейин бир қанча уламолар Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини каломий ҳужжатлар ва усулий далиллар билан қувватладилар. Бу ишни Имом Абул Ҳасан Ашъарий, Имом Абу Мансур Мотуридий каби зотлар Аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиш, шубҳаларни даф қилиш, нақлий ва ақлий далиллар келтириш билан чиройли адо этдилар.
Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий Аҳли суннанинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар:
المرادُ بِالسُّنَّةِ ما عَلَيْهِ إماما أَهْلِ السُّنَّةِ وَالجَمَاعَةِ الشَّيْخ أَبُو الحَسَن
الْأَشْعَرِيُّ وَأَبو مَنْصُور الماتريدي
Яъни: "Аҳли суннат ва жамоатдан мурод Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир"
("Аз завожир ан иқтирофил кабоир" китоби).
إذا أُطْلِقَ أَهْلُ السُّنَّةِ وَالجَماعة فالمراد بهم الأشاعرة والماتريدية
Яъни: "Ҳофиз Муртазо Забидий айтадилар: "Аҳли сунна вал жамоа дейилганда Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийлар тушунилади"
("Итҳафу садатил мут- тақин шарҳу иҳёи улумид дин" китоби).
Аллома Тошкубризода айтадилар:
ثُمَّ اعْلَم أَنَّ رَئيسَ أَهلِ السُّنَّةِ وَالجَمَاعَةِ فِي عِلْمِ الْكَلام - يعني العقائد - رَجُلانِ، أَحَدُهُما حَنَفِيٌّ وَالْآخَرُ شَافِعِيُّ، أَمَّا الْحَنَفِيُّ فَهُوَ أَبو منصور محمد بن محمود الماتريدي، إمامُ الهُدى ... وَأَمَّا الْآخَرُ الشَّافِعِيُّ فَهُوَ شَيْخُ السُّنَّةِ وَرَئيسُ الجَمَاعَةِ إمامُ المُتَكَلِّمِينَ وَناصِرُ سُنَّةِ سَيِّدِ المُرسَلِينَ وَالذَّابُ عَنِ الدِّينِ وَالسَّاعِي فِي حِفْظِ عَقَائِدِ المُسلِمينَ، أَبو الحَسَنِ الْأَشْعَرِيَّ الْبَصْرِيُّ
Яъни:"Маълум бўлсинки, Аҳли сунна ва жамоатнинг калом илми(яъни, ақоид)даги раислари икки кишидир: бирлари ҳанафий, бошқалари Шофеий мазҳабида. Ҳанафийлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий, у зот "Имомул Худа" деб ном таратган. Шофеийлари "Суннат шайхи", "Жамоат раиси", "Мутакаллимлар имоми", "Пайғамбарлар саййиди суннатларига ёрдам берувчи", "Дин ҳимоячиси", "Мусулмонлар ақидасини saqlashga ҳаракат қилувчи" Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир"
("Мифтахус саъада" китоби).
Имом Маҳмуд Зоҳид Кавсарий айтадилар:
فالأَشْعَرِيُّ والماتريدي هما إماما أَهْلِ السُّنَّةِ وَالجَمَاعَةِ فِي مَشارِقِ الْأَرْضِ وَمَغَارِبها ، لَهُم كُتُبٌ لاَ تُحْصَى ، وَغَالِبُ ما وَقَعَ بَيْنَ هَذَيْنِ الْإِمَامَينِ مِنَ الخلافِ مِنْ قَبِيلِ الخِلافِ اللَّفْظِي
Яъни: "Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийлар машрику мағрибда Аҳли суннат ва жамоат имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир".
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларни катта жамоасини лозим тутишни ўргатиб, шундай дейдилар:
فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ
Яъни: "Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа) ни лозим тутинг" (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, ҳозирги кунда катта жамоат эътиқодда Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий мазҳаблари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар (Ҳанафий, Моликий, Шофеий ва Ҳанбалий) мазҳабларга эргашганлардир. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Manba asosida tayyorlandi: “Fiqh va aqidaga oid ixtilofli masalalar yechimi” Toshkent 2024. ( 6-9 betlar)
Мамаюсупов Жўрахон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar