АМИР ТЕМУР АРАБ ТАРИХЧИСИ НИГОҲИДА
Мустақиллик шарофати билан кўҳна Турон тарихида ўчмас из қолдирган соҳибқирон Амир Темур шахсияти ва у тузган улкан Темурийлар салтанати тарихи борасида улкан ишлар қилинди. Бугунги кунда ҳам кўплаб йирик китоблар, илмий-оммабоп рисола-ю мақолалар ёзилмоқда. Шундай бўлса-да, Амир Темур шахси ва Темурийлар даври ҳақида ёзилган кўплаб тарихий асарлар ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.
Зеро, шу нарсани таъкидлаш керак-ки, унинг шахсияти ва давлатни идора қилишдаги фаолиятиини ҳар томонлама пухта тадқиқ этиш фақатгина мамлакатимиз эмас балки бутун жамиятнинг тараққиёти учун ҳам хизмат қилишдаги ўрни бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Амир Темур тарихига оид кўплаб тарихий асарлар яратилган бўлиб уларнинг аксарияти араб ва форс тилларидадир. Шунингдек, айтиш керакки, биз бугун сўз юритмоқчи бўлган мавзу Амир Темур ва Мамлукийлар ўртасидаги турли соҳалардаги ўзаро алоқалар тўғрисида мамлукий тарихчи-олимлар томонидан ёзилган асарлар ҳақидадир. Бу борада ёзилган асарлар сони талайгина бўлиб, бугунги кунда кўплаб олим ва тадқиқотчилар томонидан кенг кўламда ўрганилиб, оммага тақдим этилмоқда. Шундай асарлардан бири Ибн Арабшохнинг “Тарихи Таймур” асаридир.
У киши ҳақида тўхталсак, у ислом оламидаги машҳур тарихчи Ибн Арабшох номи билан танилган Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Иброҳим (791-854/1389-1450) бўлиб Дамашқда туғилган. У киши ёзган “Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” (Темур тарихида тақдир ажойиботлари) номли асари энг машҳур асарларидан саналади. Ибн Арабшоҳ асарни “Ажоиб ал-мақдур фи навоиб Таймур” (Темур кетирган мусибатларда тақдир ажоиблари) деб номлаган бўлса-да, кейинги барча нашрларда “Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” (Темур тарихида тақдир ажойиботлари) номи билан зикр этиладиган бўлди. Муаллиф ушбу асарни ўз мулоҳазаларига, ўз замондошларининг ҳикояларига таяниб ёзганлиги асарнинг ўзига хос аҳамиятини оширади. Асар XV асрда ёзилган бўлса-да, европа давлатларида XVII асрдан бошлаб кенг тарқала бошлади. 1536 йили Якоб Голиус Лейденда ушбу асарнинг арабча матнини дарслик сифатида нашр эттирди. “Тариху Таймур” асари XIX асрга келиб бир неча бор нашр қилинди. Асар инглиз, лотин, франсуз, турк ва рус тилларига таржима қилинган. Шу билан биргаликда 1974 йили 12 апрелида таниқли исломшунос олим Убайдулло Уватов (1940-2020) томонидан “Ибн Арабшохнинг “Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” (Темур тарихидаги тақдир ажоиботлари) асарининг таржимаси ва илмий таҳлили” мавзусидаги номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиши, 1992 йилга келиб ушбу асарнинг алоҳида монография сифатида нашр этилиши ҳам бутун ўзбек халқи учун янгилик бўлди.
Бугунги кунда ушбу асарнинг бир қанча қўлёзма нусхалари мавжуд. Жумладан, муаллифнинг ҳаётлик вақтида кўчирилган икки нусхаси Туркиянинг Аҳмад ас-Солис кутубхонасида бири (инв №3049) иккинчиси (инв №3050) рақами остида сақланмоқда. Шу билан бирга ушбу китобнинг бир қанча қўлёзма нусхалари дунёнинг турли хил давлатларидаги кутубхоналарда сақланмоқда.
Шу нуқтаи назардан ўша даврни илмий жиҳатдан ўрганиб, унинг ибратли ва замонамизга мос жиҳатларини ҳаётга тадбиқ этиш бугунги кундаги олимларнинг муҳим вазифаларидан бўлиши керак.
Нуралиев Умид – Таълим муассасаси АРМ кутубхоначиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar