18.04.2024

СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ИДДАОЛАРИГА РАДДИЯ

  Аллоҳ таолога ҳамду сано, Набийимиз салоллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломларимиз бўлсин. Бугун бутун дунё жамоати ҳозирги кун курашининг энг таъсирлиси ғоявий кураш эканини бод-бод айтмоқда. Айрим мамлакатлар дўстлигини ҳам, душманлигини ҳам, ўз мафкураси орқали бажаришга интилмоқда.

Бизнинг давлатимиз аҳолиси асосан Исломга мойил, эътиқодли экани барчага маълум ва айнан шу жиҳатимиздан фойдаланиб, ислом ниқоби остида бизларга қарши иш олиб бормоқда.

Мана шундай йўллардан бири мусулмонларни бир-биридан ажратиб, биров-бировига душман қилиш ғоясидир. Бунда улар мусулмонларни бўлақларга бўлиб ташлаш энг таъсирчан усул эканини биладилар. Аллоҳ таоло ўз каломининг «Оли-Имрон” сураси 103-оятида шундай марҳамат қилиб: 

«Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади»деган бўлса, ҳадисларда: “Динда ихтилоф қилмангларки, тағин қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”, деб огоҳлантирилади.

Айнан ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган «Сохта салафийлар» фирқаси шулар жумласидандир.Сохта салафийлик бу – Исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч даврига мувофиқ равишда ҳаётга тадбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Охирги йилларда аксар бемазҳаблар тарафидан саҳоба ва тобеинлар манҳажи ниқоби остида “салафийлик” байроғини баланд ҳилпиратиш ҳолатлари кўпайди. Наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг издошлари ҳам бугун “ваҳҳобий” деган атамадан воз кечишиб ўзларини солиҳ салафлар йўлидамиз деб иддао қилишмоқда. Иддаолари: “Иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж каби 5 та фарздан ташқари жиҳод – олтинчи фарз ва ҳар бир мусулмон учун фарзи айн”дир.

Раддия: Иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж исломнинг 5 та аркони ҳисобланади. Ундан бирор нарса олиш ёки қўшишга фақат Аллоҳ ва унинг Расули ҳақлидир. Шулардан закот ва ҳаж қодир бўлганларга фарзи айн ёки қодир бўлмаганларнинг зиммасидан соқит бўлади.  

Минг афсуски, онги тўлиқ ривожланиб улгурмаган, Исломга қизиқувчан, лекин диний илми, фикри бўлмаган ёшларимиз уларга эргашиб, адашиб қолмоқда.

Уларнинг тутган йўлидан яна бири – иқтисодий ночорроқ ёшларни пул орқали, ўз ватанига хоинлик қилишга ундамоқдалар!

Бу адашишликлар динга, дунёга, ватанга, оиласига, ўз жонига қимматга тушмоқда. Мақолани ёзишдан мақсадимиз – ҳурматли ота-оналаримиз ўз фарзандларидан огоҳ бўлишсин, боиси улар ёш ва қизиқувчан. Баъзи ота-оналар ўз фарзандларига: “Намоз ўқисанг, уларга қўшилиб кетасан”, деб ўқишдан қайтармоқдалар. Бу мутлақо нотўғри. Бу Аллоҳнинг буйруғига қаршидир. Бундан ташқари тўсилган нарсага интилиш инсон табиатига хос. Шунинг учун Исломга қизиқиши бор фарзандларни расмий масжидларга киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди. У ерда ҳурматли домлаларимиздан Исломдаги йўлни билиши ва ўзларини қизиқтирган саволларни бериб тўғри жавоб олишлари керак.

Алҳамдулиллаҳ барча имом-хатибларимиз илмли, эътиқодли, фикрлари терандир. Энг асосийси, улар Худонинг олдида сиз-у бизни тўғри йўлга солишга масъулдирлар. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Ёшларимизни адаштириб, биз ота-оналарнинг юзини ерга қаратишдан Аллоҳ асрасин. Амин, я Раббал оламийн.

 

Насрулло Тўхтаев – Таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar