Луқотанинг қандай турлари бор?
Алоуддин Касоний роҳимаҳуллоҳ “Бадое ас-Саное фий тартиб Аш-шарое” китобида луқотанинг тури борасида бундай дейдилар:
“Луқота икки турли бўлади:
Биринчиси: Ерга тушган ва эгаси маълум бўлмаган нарсалар (пул ва шунга ўхшаш нарсалар).
Иккинчиси: Йўқолган жониворлар. Масалан: Туя, мол, қўй ва бошқа ҳайвонлар.
Йўқолган нарса луқота деб номланди. Луқота сўзи аслида اللَقْطُ – сўзидан олинган бўлиб, ердан олиш, кўтариш маъноларини англатади. Сабаби луқота одатда ердан топиб олинади”.
Луқотанинг бир нечта ҳолатлари баёни:
Луқотани аслида иккита ҳолати мавжуд:
Биринчиси: Луқотани ердан олишдан олдинги ҳолат.
Иккинчиси: Луқотани ердан олгандан кейинги ҳолат.
Биринчиси яъни, луқотани ердан олишдан олдинги ҳолатнинг бир неча ҳолатлари бор. Бу ҳолат ҳам ўзи учга бўлинади:
Биринчи ҳолат: Ердан олиш мандуб бўлади.
Иккинчи ҳолат: Ердан олиш мубоҳ (жоиз, мумкин) бўлади.
Учинчи ҳолат: Ердан олиш ҳаром (ножоиз) бўлади.
Биринчиси: Ердан олиш мандуб (тавсия) бўлган ҳолат:
Бунда луқотани топиб олган одам агар уни олмаса зое бўлиб кетишидан қўрқса эгасига қайтариб бериш учун олиши, олмасдан ташлаб кетишидан кўра афзалроқ бўлади. Чунки, ерга тушган нарсани зое бўлиб кетишидан хавфсираса, луқотани эгасига қайтариб бериш мақсадида олиши мусулмон инсоннинг молини маънан тирилтириш бўлади. Бу эса, мустаҳаб амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло билгувчи.
Иккинчиси: Ердан олиш мубоҳ бўлган ҳолат: Бунда луқотани ердан олмаса ҳам зое бўлиб кетиш хавфи бўлмаса, эгасига қайтариб бериш учун олишдир.
Учинчиси: Ердан олиш ҳаром бўлган ҳолат:
Бунда луқотани топиб олувчи одам уни ўзи учун олади, эгасига қайтариб бериш мақсадида олмайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилинади: “Луқотани фақат адашган инсон яшириб қўяди”. Ушбу ҳадиснинг маъноси: Кимки луқотани эгасига қайтариб бериш мақсадида эмас балки, ўзи учун олса адашгандир. Сабаби, луқотани эгасига қайтариб бериш ниятида олиш ҳаром эмас. Ўзганинг молини унинг изнисиз ўзи учун олиш, бировнинг молини ғасб қилиш билан маънода бир хил бўлади. Бировнинг молини ғасб қилиш ҳаром амал эди. Ҳаром амалга маънода ўхшаш бўлгани учун бу амал ҳам ҳаром бўлади. Чунки, ҳукмлар маънолар яъни, иллатларга қараб қурилади. Иллат топилган ўринда эса ҳукм топилади деймиз.
Шунингдек, жонзотларни топиб олиш ҳукми ҳам бир хил бўлади. Яъни, туя, мол ва қўй каби жонзотларни топиб олувчи одам эгасига қайтариб бериш учун эмас балки, уни ўзи учун олиши ҳаром бўлади. Сабаби, луқотани эгасига қайтариб бериш ниятида олиш ҳаром эмас. Ўзганинг молини унинг изнисиз ўзи учун олиш, бировнинг молини ғасб қилиш маъносида бўлади. Бировнинг молини ғасб қилиш ҳаром амал эди. Ҳаром амалга маънода ўхшаш бўлгани учун бу амал ҳам ҳаром бўлади дейилмоқчи.
Бу айтилган гапларнинг барчаси луқотани топиб олишдан олдинги ҳолатга тегишли бўлган ҳукмлари эди. Луқотани топиб олгандан кейинги ҳукмлар ҳақида эса келгуси мақолада сўз юритилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, луқотани зое бўлиб, йўқ бўлиб кетишидан хавфсирасак бундай пайтда луқотани эгасига қайтариб бериш мақсадида олишимиз мандуб бўлади. Агар луқотани зое бўлиш хавф-хатари бўлмаса, бу каби ҳолатларда луқотани эгасига қайтариб бериш мақсадида олишимиз мубоҳ бўлади. Агар луқотани ўз манфаатларимиз мақсадида ишлатиш учун олсак, бундай пайтларда луқотани олиб, уни ўз манфаатларимиз йўлида ишлатишимиз ҳаром амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу каби ҳолатдан Ўзи паноҳида асрасин!
Аллоҳ таолодан бу ўрганган илмимизга амал қилиб, бошқаларга ҳам бу илмларни ўргатишни ва дунё ва охиратимиз учун захира қилишини сўраб қоламиз.
Луқотани топиб олгандан кейинги ҳукмлар ҳақида эса келгуси мақолада ўрганамиз иншааллоҳ.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Алоуддин Абу Бакр ибн Масуъд Ал-Касоний. Бадоеус-Саное фий тартиб Аш-Шароеъ. – Байрут: Дор Ал-Кутуб Ал-илмия. 2003. Ж.8. – Б. 326-327.
- Абу Довуд. Сунани Абу Довуд. – Ливан: Дару рисалатул аламийя. 2019. Ж.8. – Б.169.
- Алоуддин Абу Бакр ибн Масуъд Ал-Касоний. Бадоеус-Саное фий тартиб Аш-Шароеъ. – Байрут: Дор Ал-Кутуб Ал-илмия. 2003. Ж.8. – Б. 327-328.
Шарипов Исроилжон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar