03.05.2024

FIQHIY MAZHABLAR VA MOTURIDIYA, ASH’ARIYA E’TIQODI (1 қисм)

Мазҳабларнинг пайдо бўлиш тарихи

Раддия

Расулуллоҳ с.а.в. даврларида фиқҳ масалаларида ҳеч қандай муаммолар чиқмасди, чунки Пайғамбаримиз с.а.в. ўзлари барча масалаларни илоҳий ваҳий орқали, ўз сўзлари ё амаллари билан ечиб берардилар. У зот с.а.в.нинг ҳар бир сўзлари, ҳар бир буйруқлари қонун ўрнида турарди. Аммо Пайғамбаримиз с.а.в. вафотларидан кейин фиқҳдаги келиб чиққан масалаларга янги амрлар ва қўлланмаларга эҳтиёж сезилди. Расулуллоҳ с.а.в. ўзларининг саҳобаларини шундай  сифатлаган эдилар:

عن ابن عباس ، قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « أَصْحَابِي كَالنُّجُومِ بِأَيِّهِمْ اِقْتَدَيْتُمْ اِهْتَدَيْتُمْ »

Менинг саҳобаларим юлдузлар сингаридирлар. Улардан ҳар бирига иқтидо қилсангиз – изидан борсангиз, тўғри йўлдан борган бўлурсиз” ва саҳобалари ҳам ояти каримага бўйсунуб, амал қилашарди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللّهِ وَالرَّسُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلا

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлмиш бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ ишдир[1]

وَأَمْرُهُمْ شُورَى بَيْنَهُمْ

Улар ўзаро кенгаш асосида иш олиб борадилар[2]

Ушбу ояти карималар ва ҳадиси шарифлар барча мусулмонлар учун асосий қоидалари ҳисобланарди. Шунингдек пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўз вакилларини, ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш юбора бошладилар. Жумладн, Яманга Муоз ибн Жабални (р.а.) юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида пайғамбар (с.а.в.) у кишини тўхтатиб, " У ерда сенга бар масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан? " деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) " Аллоҳнинг китоби ила ", деб жавоб бердилар. Расули Акрам (с.а.в.): " Аллоҳнинг китобидан топа олмасангчи? " деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) " Аллоҳнинг пайғамбари суннати ила ", деб жавоб бердилар. Пайғамбар (с.а.в.): " Аллоҳнинг пайғамбари суннатидан ҳам топа олмасангчи? " деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал (р.а.) қараб турмасдан, " фикрим ила ижтиҳод қиламан ", дедилар. Пайғамбар (с.а.в.) бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: "Аллоҳ расулининг вакилини, Аллоҳни ва расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин ", дедилар[3].

Саҳобалар давридаги эргашишлик

 Биринчи ва иккинчи халифалар даврида мусулмонлар орасида ҳеч қандай зиддиятлар чиқмади. Аммо учинчи халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон р.а. даврларида ҳар қандай фитна ишлар бошланди. Катта можаролардан кейин шаҳид бўлган Усмон ибн Аффон р.а. ўрнига Али ибн Абу Толиб к.в. халифа бўлдилар. Шу орада Ислом дунёсидаги иккита катта талофот, жуда кўп мусулмонларнинг шаҳид бўлишига сабаб бўлган иккита катта уруш бўлиб ўтди. Биринчиси “Жамал” ва кейингиси “Сиффин” деган урушлар бўлиб ўтди. Шунинг таъсирида:

  1. Миср ва Мадина аҳолиси Пайғамбаримиз с.а.в. амакиваччаси Али ибн Абу Толибни қўллаб-қувватладилар.
  2. Басра аҳолиси Пайғамбаримиз с.а.в.нинг сафдошларидан бири бўлган Талҳанинг тарафдори бўлдилар.
  3. Куфа аҳолиси Пайғамбаримиз с.а.в.нинг холалариниг  ўғли Зубайр ибн Аввом р.а.ни қўллаб-қувватладилар.
  4. Шом аҳолиси эса Ислом халифаси Усмон ибн Аффон р.а. ва у кишининг авлодларини истардилар.

Исломда ҳокимият масаласини ечиш бўйича иккита оқим Суннийлар ва Шиалар оқими юзага келди. Биринчи оқим Қуръондан кейин диний ва ҳуқуқий муаммоларни ечишда Сунна ва ижмога таянганликлари учун “Аҳли сунна вал жамоа” ёки “Суннийлар”[4] деб аталганлар. Ушбу оқим ҳазрат Муҳаммад с.а.в. вафотларидан кейин барча мусулмон раҳбарлари, саҳобалар, тобиинларнинг кўпчилигини ўз ичига олади[5].

Фойдаланган адабиётлар:

  1. Абдулҳаким Шаръий Жузжоний “Ислом ҳуқуқшунослиги” ТИУ Тошкент 2002й.
  2. Қодиров Зоҳидхон “Имом Аъзам”  “Мовароуннаҳр” Тошкент 1999й.
  3. ТИУнинг исломшунос тадқиқотчилари “Ҳидоят ортига яширинган залолат” ТИУ Тошкент 2010 й.
  4. www.fiqh.uz

 

Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати


[1] Нисо 59

[2] Шўро 38

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  “Мазҳаблар ҳақида” www.fiqh.uz

[4] Сунна тарафдорлари

[5] “Ислом ҳуқуқшунослиги” китобидан 79-бет

Izoh qoldirish

Izohlar