ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР ВА МОТУРИДИЯ, АШЪАРИЯ ЭЪТИҚОДИ (2 қисм)
Тобеъийнлар даври
Раддия
Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Турли араб бўлмаган ҳалқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим ва пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар. Бир тарафдан тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажралиб чиқа бошлади. Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди. Бу ҳақиқатни халифа Жаъфар Мансур ва Имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўганларида йўллари турлича бўлиб, Имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Жаъфар Мансур Имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: "Яқин орада мен билан сендан илмлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манови иш ила машғул бўлиб қолдим (яъни, халифалик). Сен одамларга диний ишларини енгиллаштириб берсанг ", деди. Имом Молик рози бўлдилар ва "Муватто" китобини таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида "Муватто" китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва Имом Моликка: "Жуда яхши қилибсан, агар ҳохласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман", деди. Имом Молик: "Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди", дедилар.
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, Имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам Ислом оламининг турли жойларида фиқҳ уламолари етишиб чиқа бошлади. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.
Биринчиси: Қуръони Карим, фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.
Иккинчиси: Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатлари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, суннатга муржаат қилади. Уни топиб ҳукмини баён ҳам қилади.
Учинчиси: Ижмоъ-бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларнинг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўпдаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умарнинг (р.а.) таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) Қуръонни жамлашга амр бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоъ орқали амалга ошди.
Тўртинчи: Қиёс. Яъни, аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.
Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам ҳаром деб атаганлар.
«Шариат» сўзи араб тилида икки маънода қўлланилади: «сувга олиб борадиган йўл» ва «тўғри йўл». Масалан, «Сўнгра (эй, Муҳаммад!), Биз сизни (диний) ишдан иборат шариат узра (барқарор) қилдик...» (Жосия, 18), оятида шариат сўзи, «тўғри йўл» маъносида келган.
Ислом ҳуқуқида уламолар наздида, Қуръон ва суннатда келган илоҳий кўрсатмалар (ҳукмлар)нинг мажмуидир. Бошқача қилиб айтганда ислом динининг амалий қисми. Ҳуқуқшунослар эса, ислом қонунчилик мажмуини назарда тутудилар.
«Фиқҳ» эса, луғатда «чуқур тушуниш», «идрок этиш», «билиш» маъноларини билдиради. Истилоҳий маъноси эса, «фиқҳ» – шариат ҳукмларини ўрганиш, шариат қоидаларини барча қисмлари билан англаш ҳамда қайси мақсадда ишлаб чиқарилганини тушуниш ва ўзлаштирилган ушбу илмни амалга тадбиқ этишдир. Фиқҳнинг манбаси: Қуръон, суннат, ижмо ва қиёс.
Фиқҳ билан чуқр шуғулланган олимлар фақиҳлар (фиқҳ олими, ҳуқуқшунос) деб номланди. Булар орасида энг кўзга кўринган ва фиқҳий мазҳаби ҳозиргача етиб келган мужтаҳид олимлар қуйидагилардир: Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфий, имом Молик ибн Анас Мадиний, имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал Шайбоний.
Мазкур мазҳаблар олдинги мавзуда айтилганидек, ақида нуқтаи назардан бир хил, фақат фиқҳий жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади. Шунингдек, булар бир-бирини инкор қилмайди, балки қўллаб-қувватлайди. Мазҳабларнинг мақсади диний манбалардаги матнларни кенг халқ оммасига осон тушунтириш бўлган ва бу билан оддий халқ ўз масалаларини тезда хал қилганлар.
«Мазҳаб» арабча сўз бўлиб, «йўналиш», «йўл», «диний таълимот» маъноларини билдиради. Ислом шариати ва ақидасининг муайян бир тизимга солинган ҳолатдаги кўриниши мазҳаб дейилади. Бундан кўриниб турганидек, мазҳаблар икки қисм – фиқҳий ва ақидавийга бўлинади. Фиқҳий мазҳаблар тўртта: ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалий. Ақидавий мазҳаблар: мотуридий ва ашъарийлардир.
Фойдаланган адабиётлар:
- Абдулҳаким Шаръий Жузжоний “Ислом ҳуқуқшунослиги” ТИУ Тошкент 2002й.
- Қодиров Зоҳидхон “Имом Аъзам” “Мовароуннаҳр” Тошкент 1999й.
- ТИУнинг исломшунос тадқиқотчилари “Ҳидоят ортига яширинган залолат” ТИУ Тошкент 2010 й.
- www.fiqh.uz
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar