28.04.2025

ФОТИМА БИНТИ ХАТТОБ

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳали очиқ даъватга чиқмаган пайтлар эди. У зотга имон келтириш билан мушарраф бўлганлар сони энди ўнтага етиб қолган. Ўша имон билан шарафланганларнинг бири Умар ибн Хаттобнинг синглиси Фотима бинти Хаттоб (р.а.) эди.

Фотима Саъид ибн Зайд (р.а.) билан оила қурган ва иккалалари ҳам турмушларини иймон нури ила саодатлантиришган эди. (Сиз Саъид ибн Зайдни яхши танийсиз. У зот (р.а.) ҳаётлик даврида жаннат билан башоратланган ўн саҳобанинг бирларидир.) Эр-у хотин бирга-бирга ибодат қилишар, Қуръон ўқишар, ўрганишар эди. Ҳазрати Фотима билан эри Саъид Аллоҳ ва Расули (с.а.в.) йўлига фидойи экан, айни пайтда унинг акаси Умар у пайтда Пайғамбарнинг беаёв душмани, ўтакетган жоҳил, қалбини жаҳолат зулмати қоплаган бир кимса эди.

Бутунлай исканжа ва зулм ичида ҳам, мусулмонларнинг сони кун сайин ортиб бораётганидан бошқа мушриклар қатори ўша биз суйган Умар ҳам таърифсиз қўрқув ва ҳайратда қолди. Макка аҳли нима қилиб бўлса-да, мусулмонларнинг йўлини кесишни ўйларди. Ниҳоят улар, Муҳаммадни (с.а.в.) ўлдирамиз, деган бир тўхтамга келишди. Ўзларича режа тузишди. Умар ҳам уларнинг ичида эди. Ва бу қабоҳатли ишни шу Умар бўйнига олди. Унинг қувватига, қатъийятига, жасоратига ишонганлар, масала хал бўлди, дея олдиндан ҳукм чиқариб қўйишди. Умар ибн Хаттоб дарҳол йўлга тушди. Қўлида қилич. Не ажабки, Аллоҳ таоло унга йўлда қариндоши Нуайм ибн Абдуллоҳни рўбарў қилди...

Умарнинг ниятидан хабардор бўлган Нуайм уни бутунлай ниятидан қайтаролмаса-да, йўлини бошқа тарафга буриб, муддатни узайтиришнинг уддасидан чиқди: синглиси Фотима ва куёви Саъиднинг мусулмон бўлганини айтиб, уни қаттиқ ғазаблантирди.

Ҳазрати Ҳаббобдан Қуръон ўрганишаётган эр-хотин Умар келганини билиб муаллимларини ва Мусҳаф саҳифаларини яширишди. Сўнг эшикни очишди. Лекин бироз олдин эшик ортидан эшитилган Қуръон Умарнинг ғазабини янгилаб улгурган эди.

- Мен сизларнинг Муҳаммаднинг динида эканингиздан хабарим бор, - деди ва куёви Саъидни калтаклай кетди. Фотима (р.а.) эрини акасининг қўлидан қутқармоқчи бўлганида, ғазабнок қувватли мушт унинг ҳам юзига тушди ва ёриб юборди. Кўзига ўлим кўриниб тургани ҳолда Фотима Умарга бундай деб ҳайқирди:

- Сен аёл кишини уришдан уялмайсанми? Тўғри, биз мусулмон бўлдик. Аллоҳ ва Расулига имон келтирдик. Биз ишонамизки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг элчисидир. Энди қўлингдан келганини қил!

Фотиманинг бу сўзлари ўзига ўлим ҳукмини чиқариш билан баробар эди. Аммо Аллоҳнинг иродаси ва ҳикматини кўрингки, бу қаҳрамонлик Умарнинг ичига талотум солди. Қонталаш, лекин жасорат балқиб турган юз Умардек бағритош қотилнинг қалбини титратди, унинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлди, қилмишига пушаймон этди, қалбини юмшатди.

Орадан бир оз ўтиб, Умар шундай деди:

- Боя сизлардан эшитганларимни менга ҳам беринглар, бир кўрай.

Мусҳафга нисбатан ҳурматда бўлишини талаб қилган ҳолда Фотима (р.а.) жавоб берди:

- Акагинам, сен Аллоҳга шерик тутганинг учун нопоксан, ҳолбуки, бу Китобга фақат покиза инсонларгина қўл текизади. Тур, олдин таҳорат ол!

Умар ғусл қилди. Кейин унга Қуръондан Тоҳа сурасининг баъзи оятлари ёзилган саҳифаларни беришди. Умар уларни ўқиб, чуқур ўйга толди. Юзида ҳидоятнинг нурлари жилолана бошлади.

"Бу қандайин шарафли, қандайин лаззатли калом! Бундан-да гўзал, бундан-да ширин сўз бўлиши мумкин эмас!"

Умарнинг юмшаганини кўриб, Ҳазрати Ҳаббоб ҳам бекинган жойидан чиқди.

Кейин тўртови Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ҳузури муборакларига боришди. Умар калимаи шаҳодат келтирди ва... энди биз севган Умарга айланди, саодатли ҳаётини бошлади.

Ҳазрати Фотиманинг (р.а.) жасорати Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.) каби бир зотнинг ислом билан шарафланишига сабаб бўлди. Зеро, Умар (р.а.)нинг умри охиригача қилган яхшиликлари ҳеч бир камаймасдан Фотима бинти Хаттобнинг ҳам дафтарига ёзиқликдир.

Фотима (р.а.) эри билан бирга Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилди. Умрининг сўнгига қадар фазилатли яшади. Акасининг халифа бўлганини, адолатли идора қилганини кўриш саодатига муяссар бўлди, Ва унинг даврида Аллоҳ даргоҳи сари рихлат этди.

Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин! Омин.

 

Мухторов Исроилжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқтувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar