
“СУНАН ТЕРМИЗИЙ” ШАРҲИ– “АРФУШШАЗИЙ” АСАРИНИНГ ЁЗИЛИШ УСЛУБИ ҲАМДА ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИДА ТУТГАН ЎРНИ (1-қисм)
Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизийнинг шоҳ асари бўлмиш “Сунан Термизий” асари ҳадисларни ўрганиш ва тадқиқ қилишда катта аҳамиятга эга. Зеро бу асар Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг “Саҳиҳ”ларидан кейинги ўринда турадиган пайғамбаримизнинг ҳадисларини ўта аниқлик ва гўзал тартибда сақлаган китобдир. Имом Термизийнинг бу китоби ўн икки-ўн уч асрдан бери ўрганилиб, унга шарҳлар ёзиб келинмоқда. Улардан бири “Арфушшазий” асари бўлиб, бу шарҳ йигирманчи асрда Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий (1877-1933) томонидан ёзилган.
Аллома Анваршоҳ Кашмирий ўзининг ушбу “Арфушшазий” асарини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”дан сўнг “Имом Термизий (роҳимаҳуллоҳу таоло) таржимаи ҳоллари” мавзуси билан бошлаган. Унда Имом Термизий ҳақида ишончли, кучли манбалар асосида, манбаларини ҳам келтириб туриб, қимматли маълумотларни келтирган. Ундаги айрим маълумотларни Имом Термизий ҳақида ёзилган бошқа шарҳларда топиш амри маҳол. Аллома Имом Термизийнинг таржимаи ҳолларини батафсил келтиргач “Жомиут Термизий”нинг фазилатлари ва унинг гўзалликлари” мавзуси остида ушбу китобнинг қанчалик юксак даражада эканини исботлаб берган. Бу китоб ҳақида қадим-салаф уламоларидан тортиб, ҳозирги давргача етиб келган уламоларнинг “Жомиут Термизий” асарига нисбатан айтилган мақтовларини, ушбу китобнинг фазилатли жиҳатларини санаб чиққан. Айниқса, Ҳофиз Қутбиддин Қасталоний томонидан ёзилган манзумани келтиргани бунга яққол мисолдир.
“Муаллиф муқаддимаси”да Анваршоҳ санадга шарҳ ёзиш билан бир қаторда ҳадис илмига тегишли айрим истилоҳларни изоҳлаган, ҳадис китобларининг турлари, уларнинг даражалари, “Олтита саҳиҳ” китобларининг у киши наздидаги мартабалари, муаллифларининг мазҳаблари тўғрисида ўз қарашларини баён этган. Шунингдек, Имом Термизийнинг айрим фазилатлари ва “Абу Исо” номи билан куняланиш ҳақидаги маълумотларни тақдим қилган. Кашмирий “Сунан Термизий”ни шарҳлар экан, бошқа шориҳларга нисбатан ўзгача йўл тутган.
Кашмирийнинг ҳадиси шарифларни шарҳлашдаги ўзига хос тутган йўлларини икки қисмга ажратиб ўрганиш мумкин. Улар:
-биринчиси, алломанинг ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишдаги умумий йўналишлари,
-иккинчиси, “Саҳиҳи Бухорий” китобидан дарс беришда Анваршоҳ Кашмирийнинг ўзига хос тутган йўллари;
1. Алломанинг ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишдаги умумий йўналишларини йўрганадиган бўлсак, Алломанинг бу борада ўзига хос сифат ва хусусиятлари бор. Бундай хусусиятларни у зотдан кейин ҳали бировда кўрилмаган. Уларнинг гўзаллиги қалблардан жой оларди:
- Шайх ҳадиснинг рижоллари (санаддаги кишилар) борасида қисқа маълумот бериб кетганлар. Агар бобда уни келтиришга эҳтиёж туғилса ё уни зикр этишда бирор бошқа манфаат бор деб ҳисобласа, албатта уни батафсил келтирарди. Жарҳу таъдил (ровийларни айбли ё адолатли деб билиш илми) да гапни кўп чўзмаган. Анваршоҳнинг ўзи бундай деган: “Мен рижоллар борасидаги нақлларни, ҳамда улар ҳақидаги деди-деди, миш-мишларни кўп келтирмадим. Чунки мен буни адолатли деб топишдаги асосий мезон деб ҳисобламайман. Айримлари гап мувофиқ кетаётганда сукут қилиниб ўтказиб юборилади. Ихтилоф чиққанда ё баҳсу мунозарага чорлаганда айбли деб топилади. Бу эса бирор нарсани ўзгартира олмайдиган, етарли бўлмаган, балки баҳсу мунозарага керак бўладиган ишдир.
- Кашмирий мазҳаб имомлари ўртасидаги ихтилофларнинг келиб чиқишига асос бўлган ишларни, хусусан, далил келтиришда кўп такрор-такрор келадиган масалаларни баён қилишга алоҳида эътибор қаратган. Бу борада кўнгилни хотиржам қиладиган даражада маълумот берган.
- Аллома қадимги уламоларнинг гапларидан, хоссатан, аҳли илмларнинг кўпчилигига етиб келмаган сара маълумотларни нақл қилган.
- Бирор бир китобни ё асарни зикр этса, ниҳоятда холислик билан қадрини туширмасдан ё мақтаб кўкка кўтармасдан унинг илмий даражаси, хусусиятларини айтиб ўтган. Бу билан толиби илмларга осонлик яратган ва тўғри, ҳақиқий илмга восита қилиб берган.
- Аллома баҳсларни ва лафзларни такрор-такрор келтириб муаммоларга ечим топишга уринган.
- Кашмирий гапни қисқа қилишга, изоҳларни кўпайтириб юбормасликка ҳаракат қилган. Натижада худди илмини яшираётган, зиқналик қилаётгандек бўлиб кўринади. Аслида бу у кишининг сўзлари фасоҳатли, чуқур маъноли эканидан дарак беради. Ҳатто шайхнинг айрим гапларини шарҳлаш, тушунтиришга бир рисола ёзишга эҳтиёж туғилади.
- Анваршоҳ мавзуга тегишли бўлган гапларни зикр этиш билан қаноатланмаган, балки гоҳида шундай ишларни зикр қилганки, у билан мавзунинг орасида нозик боғлиқлик мавжуд. Буни баён этишга интилгани ва толиби илмларга манфаат бўлишини кўзлагани учун амалга оширган.
- Баъзан айрим нарсаларни зикр этиб уни илмий танқид қилган ва шогирдларига илмий танқид йўлларини ўргатган, ҳамда уларга бу нарсанинг асосини билдириб қўйган. Сўнгра илм аҳлларининг гапларидаги хусусият, белгиларини уқтириб, бу ишда эҳтиёткорроқ бўлиш лозимлигини таъкидлаган. Буюк уламоларимиз қадру қиймати борасида ҳар томонлама пишиқ ўрганиб сўнг гапириш, албатта, матлуб бир ишдир.
Низомиддинов Ҳошимжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar