
ҲАЖ ҚАНДАЙ ИБОДАТ? (1-қисм)
Ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлардан бир фарқи шуки, у ҳаммага ҳам бир пайтнинг ўзида фарз бўлавермайди, балки айрим шартларига мувофиқ келган мусулмонларгагина фарздир. Қодир бўлган одамларга Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш фарз. Уламолар кишига ҳаж фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши кераклигини таъкидлашган:
1) мусулмон бўлиши;
2) балоғатга этган бўлиши;
3) оқил бўлиши;
4) ҳажга қодир бўлиши;
5) соғ- саломат бўлиши;
6) ҳукумат ман қилмаган бўлиши;
7) йўлда омонлик бўлиши;
8) аёл кишига маҳрами бўлиши;
Кимда ушбу шартлардан бирортаси бўлмаса, унга ҳаж фарз бўлмайди.
Ҳаж – Исломнинг беш арконидан бири бўлган улуғ рукн, Аллоҳга маҳбуб ибодатдир. Бу ибодат Аллоҳ таолога юзланиш, У Зотнинг тажаллийси, нурининг маркази бўлган масканда адо этилади. Ҳадиси шарифларда келишича, Байтуллоҳи шариф шундай маконга жойлашганки, унинг айни устида, еттинчи осмонда Байтул Маъмур, унинг устида эса Аллоҳ таолонинг Арши жойлашган. Аллоҳ таолонинг таважжуҳи, нури ва тажаллиёти дастлаб Каъбатуллоҳга нозил бўлиб, кейин бутун оламга тарқалади. Шу сабабли бу ерга келиш бахтига мушарраф бўлган мусулмонлар учун улкан саодат бор.
Ҳаж ошиқона ибодат бўлиб, у ерга бориш фақат ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаж эълонига «лаббай» деб жавоб берган кишиларгагина насиб этади. У неча маротаба лаббай деган бўлса, Каъбатуллоҳни ўшанча марта тавоф қилиш шарафига муяссар бўлади. Шунингдек, у ерга бориб, ҳаж ибодатини адо этиш яна бир саодатга сабабдир.
Ҳаж ибодатида улкан ҳикматлар бўлиб, бу ҳикматларнинг барчасини инсоннинг ожиз ақли тўла англаб олиши қийин. Шундай бўлса ҳам уламолар ижтиҳод қилганлар.
Ҳажда исломий бирлик ёрқин намоён бўлади. Ҳаж чоғида мусулмонларнинг ҳис-туйғулари, ибодатлари ва ҳатто суратлари бир хил бўлади. Бу эрда ирқчилик, маҳаллийчилик, табақачилик каби салбий ҳолатларга ўрин қолмайди. Ҳамма бир Аллоҳга иймон келтириб, бир Байтуллоҳни тавоф қилади. Тинчлик Исломнинг шиори экани ҳажда яна бир бор намоён бўлади. Ҳамма тинч, юрт тинч, ибодат тинч, халқ тинч бўлади.
Ҳаж улкан исломий анжуман бўлиб, ҳар бир мусулмон дунёнинг турли бурчакларидан келган дин қардошлари билан учрашади, турли масалаларни муҳокама қилади. Ислом ва иймон ришталари мустаҳкамланади.
Ҳажда мусулмон банда омонлик юрти бўлмиш Маккаи мукаррамага сафар қилади. Макка – улуғ, муқаддас шаҳар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда унинг номи билан қасам ичган. Ўзининг уйи бўлмиш Каъбанинг шу шаҳарда қарор топишини ирода қилган.
Ҳаж улуғ руҳий озуқа берадиган ибодат бўлиб, унда мусулмон банданинг вужуди Аллоҳ таолога тақво билан, Унга тоат қилишга азму қарор билан, гуноҳларига надомат билан тўлади. Бу сафарда мусулмон кишининг Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўмин-мусулмонларга бўлган муҳаббати зиёда бўлади. Дунёнинг ҳамма тарафларидаги дин қардошларига нисбатан дўстлик туйғулари уйғониб, мустаҳкамланади.
Ҳажнинг одоблари
1. Ҳаж қилмоқчи бўлган одам, аввало, Аллоҳ таолога астойдил тавба қилсин. Гуноҳларини тарк эта туриб, аввал содир бўлганларига надомат қилиб, бундан сўнг такрорламасликка азму қарор қилсин.
2. Кимга зулм этказган, кимни хафа қилган ёки кимнинг кўнглини қолдирган бўлса, улардан узр сўрасин.
3. Энг муҳим жиҳатлардан бири – қилаётган ҳаж ибодатидан Аллоҳ таолонинг розилигини ва охиратининг ободлигини кўзласин. Дунё ва унинг зийнатларини, риёкорлик, ном чиқариш, фахрланиш каби нарсаларни зинҳор ва зинҳор хаёлига келтирмасин. Акс ҳолда, барча қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда, бефойда кетади.
4. Ота-оналари тирик бўлишса, уларнинг розиликларини олсин, дуоларини сўрасин.
5. Ҳаж сафари билан овора бўлиб, бошқа ибодатларга эътиборсизлик қилмасин. Айниқса, намозга эҳтиёт бўлсин, чунки намоз зарурлиги жиҳатидан ҳаждан ҳам эътиборлидир.
6. Сафар чоғида доимо Аллоҳ таолони зикр этсин, дуолар қилсин, истиғфорлар айтсин. Қуръони Каримни тиловат қилсин. Тилини бўлмағур гаплардан, беҳуда сўзлардан, ёлғон, ғийбат, чақимчилик, сўкиш каби бузуқликлардан тийилсин. Қўлидан келганича одамларга яхшилик қилиш пайидан бўлсин
7. Ўтган уламоларимизнинг энг муҳим насиҳатларидан бири шуки, ҳожилар ҳаж давомида қалбни машғул қилувчи, хаёлни олиб қочувчи тижоратдан холи бўлишлари керак. Ўзларини хор тутсинлар, зебу зийнатга эътибор бермасинлар.
8. Ҳажга қилинадиган сарф-харажат ҳалолдан бўлиши шарт.
9. Исроф ва зиқналикдан четланган ҳолда, ўртача йўл тутиб, чин кўнгилдан зоди роҳила (йўл озиғи) ва таомини бемалол қилишга этибор қаратсин. Ҳаж йўлида еб-ичиш учун сарфланган ҳар бир сўмга етти юз баробар савоб берилади.
10. Шаҳвоний нарсалар, фисқ-фужур ва жанжалга йўл қўймаслик. Аллоҳ таоло буни Қуръони Каримда таъкидлаган. Бу борадаги шаҳвоний нарсалар арабчада «рафас» дейилади ва барча шармсиз гап-сўз ҳамда хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади. Аёлларга хушомад гапларни айтиш, шаҳвоний гап, ишора ва ҳаракатлар қилиш каби нарсалар рафасга киради. Фисқ эса, Аллоҳнинг ҳар бир тоатидан чиқишдир. Жанжал маълум ва машҳур нарса. Ҳаж қилувчи киши мазкур нарсалардан алоҳида эҳтиёт бўлиши лозим.
11. Бақувват, юрса қийналмайдиган кишиларнинг пиёда ҳаж қилишлари афзал. Бемор, қари ва узрли кишиларнинг эса ибодатларига нуқсон етмаслиги учун улов миниб ҳаж қилганлари афзал.
12. Ўзига вожиб бўлмаса ҳам, ҳожи жонлиқ сўйиб, қурбат ҳосил этишга ҳаракат қилсин. Қиладиган қурбонлиги семиз ва чиройли бўлишига эътибор берсин. Қурбонлик вожиб бўлса, ўзи емасин. Агар қурбонлик ихтиёрий бўлса, ўзи ҳам есин.
Ҳажнинг қабул бўлгани аломатларидан яна бири, аввалги маъсиятларни тарк қилиб, ёмон дўстлар ўрнига яхши дўстлар орттириш, ғафлат ва беҳуда мажлислар ўрнига зикр ва илм мажлисларида иштирок этадиган бўлишдир.
Ҳаж ҳақида кенгроқ ва батафсилроқ қилиб кейинги мақолаларимизда ёритиб борамиз…
Мамаюсупов Жўрахон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar