
Қуръон ўргатган ҳисоб: Мерос илмининг ноёб низоми
Ислом дини ҳаётнинг барча соҳаларига оид аниқ қоидаларни белгилаб берган. Уларнинг бири – мерос илми, яъни ъилм ал-мирāс, оила аъзолари ўртасида мол-мулкни адолатли тақсимлашни ўргатадиган муҳим фиқҳ соҳаси ҳисобланади. Бу илм Ислом ҳуқуқи (фиқҳ)нинг энг мураккаб, лекин энг нозик ва зарурий қисмларидан биридир. Қуръон, ҳадис ва фуқаҳолар ижмои орқали белгиланган бу илм, мусулмон жамиятида иқтисодий барқарорлик, оила бирлик ва адолат мезонларига хизмат қилади.
Мерос илмининг асосий манбалари.
А) Қуръони Карим – меросга оид энг асосий ҳукмлар “Нисо” сурасида баён қилинган. Асосан, 11-12 ва 176 оятда меросхўрлар ҳақлари ҳақида баён қилинган. Далил сифатида қуйидаги оятни тушуниш мумкин:
“Аллоҳ сизларга фарз қиладики: агар (меросхўрнинг) фарзанди бўлса, унга (ота-онанинг) молидан эркакка икки аёлнинг улуши баробарида (мерос) берилади...”[1] Ушбу сурада ота-она, фарзандлар, эр-хотин, ака-ука ва опа-сингилларнинг улушлари аниқ кўрсатилган.
Б) Ҳадислар – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос илмининг аҳамияти ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисни мазмунида шундай марҳамат қиладилар:
“Эй Абу Ҳурайра! Фароизни оʻрганиб, уни оʻргатинглар, зеро у илмнинг ярмидир. Ва у менинг умматимдан биринчи боʻлиб унутиладиган ҳамда биринчи боʻлиб олинадиган нарсадир”[2]. Яна бир бошқа ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисни мазмунида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Илмни ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Фаройиз (мерос) илмни ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Чунки мен (яқинда) вафот қиламан. Албатта, илм ҳам кўтарилади, фитналар юз беради. Шунда икки киши фарз (мерос) масаласида баҳслашади, лекин уларга бу масалани айтиб бера оладиган ҳеч кимни тополмайдилар.”[3]
C) Фиқҳ асарлари – Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофиъий, Имом Молик ва бошқа фиқҳ олимлари мерос тақсимоти бўйича алоҳида боблар ва рисолалар ёзганлар. Айниқса, ҳанафий мазҳабида "Китоб ал-Фароиз" номи билан машҳур бўлган бўлимда мерос масалалари чуқур ёритилган.
Мерос илмининг ўзига хос жиҳатлари.
Исломдаги мерос тақсимоти тизими чуқур математик асосга эга. Мерос улушлари 1/2, 1/3, 1/4, 1/6, 1/8 каби касрлар орқали белгиланади. Ҳар бир қариндошнинг улуши – оила таркиби, яқинлик даражаси, тирик меросхўрларнинг мавжудлигига қараб белгиланади. Мисол учун:
Фарзандлар бўлса, ота-онага 1/6 дан улуш берилади.
Фарзанд йўқ бўлса, хотинга 1/4 ёки фарзанд бўлса 1/8 улуш тегади.
Ўғил фарзандга – икки қиз улушига тенг миқдор (яъни 2:1 нисбатда) берилади қизлар билан меросхўр бўлганда ва ҳоказо. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мерос тақсимлашда ҳар бир ҳолат меросхўрларнинг кимлиги ва саноғига қараб аниқланади.
Замонавий аҳамияти.
Бугунги кунда мерос масалалари кўплаб ижтимоий низолар ва суд ишларининг асосий сабабларидан биридир. Исломнинг аниқ кўрсатмалари эса ушбу масалага адолатли ечим беради. Шу боис, мусулмон жамиятларида мерос илмини билиш нафақат диний, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам муҳим саналади.
Юртимизда бу борадаги илмий изланишлар, фиқҳий конференциялар, мерос тақсимотига оид электрон дастурлар яратиш йўналишида ишлар олиб борилмоқда. Бу эса Қуръон ва Суннатга асосланган мерос қоидаларини замонавий ҳаётда ҳам қўллаш имконини беради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динидаги мерос илми – бу фақатгина мол-мулкни бўлиш илми эмас. У – адолат, ҳаққонийлик, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим воситадир. Бу илмни ўрганиш, унга амал қилиш –мусулмон кишининг бурчидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: Мерос илмини – “… илмнинг ярмидир...”
1. Фойдаланилган манбалар:
2. Қуръони Карим – Нисо сураси, 11–14-оятлар
3. Имом Суютий, “Ал-Жомиъ ас-Сағир”
4. Имом Ибни Можа, “Сунани ибн Можа”
5. Шайҳ Сирожиддин Муҳаммад ибн Абдур-Рошид ас-Сажовандий, “Ас-Сирожийя фил-Мерос”
6. Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Тафсири Ҳилол, 1– 4 жилдлар.
7. Бошқа манбалар.
Ризаев Ғайрат - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Niso surasi, 11- oyat.
[2] Ibn Moja, Doraqutniy rivoyat qilgan.
[3] Imom Suyutiy: al-Jomi‘ as-Sag‘ir, 5745-raqamli hadis.
Izohlar