10.05.2024

ОЛИМЛАРНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛИШДАН САҚЛАНИШ ЛОЗИМ

Раддия

Барча мусулмонлар аҳли иттифоқ қилган, аҳли илмлари ижмоъ қилган масалалардан бири бу – уламоларни масхара қилиш ва уларни ҳақорат қилиш ёйинки камситиш ҳаром эканлиги ҳақидадир! 

Аслида, биз мусулмон шахсни кофирга чиқариш, уни кофир деб аташга қаршимиз! Такфир бу муайян мусулмон шахсни кофирга чиқариш, уни кофир деб аташ демакдир. Кофирга чиқариш бугунги куннинг энг катта бало-офатларидан бири саналанади. Шунинг учун ҳам, олим ва илм аҳлиларни масхара қилган, уларни ҳақорат қилган ёки камситган кишини кофир деб эълон қилишдан узоқмиз. Аммо, гуноҳнинг гуноҳ эканлигини айтиш лозим бўлганидек, куфрнинг куфр иш эканини айтиш ҳам уламолар, аҳли илмларниннг вазифасидир. Бу билан уламо ва аҳли илмларни масхаралаган, уларни ҳақорат қилган ёки камситган кимсаларни огоҳ қилинади ва уларга танбеҳ берилган бўлади. 

Уламоларни ғийбат қилиш оддий одамларни ғийбат қилишдан ҳам кўра гуноҳи оғирроқ эканлигида шак-шубҳа йўқ. Ғийбат эса гуноҳи кабира – катта гуноҳлар жумласидандир.

Шариатда бирор мўъминни, хусусан, бирор уламони-илм аҳлини ҳақорат қилган кимсага уч даррадан тортиб то ўттиз тўққиз даррагача уриш ва, керак бўлса, тавбасига таянтириш мақсадида бир неча кун ҳибс қилиб қўйиш жазоси таъйинланган. (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 162).

“Ҳидоя”да келишича, Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ етмиш беш даррагача урушни таклиф қилган. (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1896. – Б. 514).

Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасининг бошида Аллоҳ таоло Ўз расулини ҳурмат қилиш, улуғлаш лозимлигини кескин иборалар билан таъкидлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида у зотдан олдин гапирмасликка, бир-бировга овозни кўтармасликка, у зотнинг муборак номларини айтиб чақирмасликка, у зотни узоқдан бақириб чақирмасликка, у зоти шарифдан берухсат бирор иш қилмасликка, ҳатто қурбонликни у зотдан олдин сўйиб қўймасликка, рўзани у зотдан олдин бошламасликка буюрилган:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُقَدِّمُوا بَيْنَ يَدَيِ اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌ {1}يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَرْفَعُوا أَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّ وَلَا تَجْهَرُوا لَهُ بِالْقَوْلِ كَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَن تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنتُمْ لَا تَشْعُرُونَ {2} إِنَّ الَّذِينَ يَغُضُّونَ أَصْوَاتَهُمْ عِندَ رَسُولِ اللَّهِ أُوْلَئِكَ الَّذِينَ امْتَحَنَ اللَّهُ قُلُوبَهُمْ لِلتَّقْوَى لَهُم مَّغْفِرَةٌ وَأَجْرٌ عَظِيمٌ {3} إِنَّ الَّذِينَ يُنَادُونَكَ مِن وَرَاء الْحُجُرَاتِ أَكْثَرُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ {4}

 

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ ва унинг пайғамбари олдида (иккисининг изнисиз бирор сўз ёки ишни) тақдим этмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир. Эй, имон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд овоз (дағал сўз) қилгандек баланд овоз қилмангиз! Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган кишилар – айнан ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Улар учун мағфират ва улкан мукофот бордир. (Эй, Муҳаммад!) Албатта, (хотинларингиз яшайдиган) ҳужралар ортидан туриб, Сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари (андиша ва фаросат билан) ақл ишлатмайдилар” (Ҳужурот, 1-4 оятлар).

Бировни ҳақорат қилиш ва унинг оқибати ҳақида гап борганда, бир нарсани жуда яхши билиб олишимиз лозим. Ота-боболаримиздан қолган бир гап бор: ғайридинни ҳам кофир деб сўкиб бўлмайди, деган. Бу гап айни ҳақиқатдир! Ҳанафий мазҳабида танилган фиқҳий манбалардан бири “ал-Қуня”да келтирилишича, бирорта яҳудийга ёки мажусийга “эй, кофир!” деса-ю, унга бу гап оғир ботса, айтувчи мусулмон гуноҳкор бўлади. (Нажмиддин Мухтор аз-Зоҳидий. ал-Қуня ал-муня. – Калкутта: Маҳонандий, 1830. – Б. 172).

Хулоса

Мақолада айтганимиздек, бугун кўп тарқалаётган, одамларни ўзининг домига тортиб кетаётган ишлардан бири, энг катта, аммо, яширин бостириб келаётган фитналардан бири бу уламоларни масхаралаш, уларга таъна қилиш, аҳли илмларни кофирликда айблаш, уларни ҳақорат қилиш, уларнинг қилган ёки айтган ишларини киноя билан гапириш, шахснинг ўзини эмас, ҳатто илмини камситиш, илмини масхара қилиш ва илмини ҳақорат қилиш каби жараёнлардир. Бу мутлақ фикр эркинлиги, ҳар кимнинг бошқага нисбатан муомаласининг эркин бўлиши каби вайронкор ғоялар натижаси бўлиб, у – инсоннинг имонига зарар қилишига, алалоқибат ҳатто юртларни вайрон қилишга олиб келадиган ҳолатлардир. Ҳатто жиноятчи маҳбусни ҳам сўкиш, ҳақорат қилиш ва масхаралаш диний шариатга кўра ҳам, дунёвий қонунларга кўра ҳам мумкин эмас. Оддий эркин шахсларни ҳақоратлаганга шариат ҳам қонун ҳам жазо таъйинлайди. Энди, у уламо ва олим бўладиган бўлса, уни сўкиш, ҳақорат қилиш ва масхаралаш гуноҳ устига гуноҳ бўлишига шак-шубҳа йўқдир.

 

Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar