14.05.2024

МАЙЙИТГА ҚУРЪОН ЎҚИБ, БАҒИШЛАШ ЖОИЗМИ?

Раддия

Дарҳақиқат, Исломда ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақларига дуо қилиш тарғиб этилган ишлардандир. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда мусулмон уммати ўз ўтмишдошларини хотирлаб, ҳақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифланган. Зеро, Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай дейди:

“Улардан кейин келганлар: “Роббимиз! Бизларни ҳам, биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни ҳам мағфират қилгин ва бизнинг қалбимизда иймон келтирганларга нисбатан ғилли‑ғаш қўймагин. Роббимиз! Албатта, Сен ўта шафқатли ва раҳмлисан” (Ҳашр сураси, 10‑оят).

 “Улардан кейин келганлар” дейилганда Ислом умматининг илк авлоди – саҳобалардан кейинги мусулмонлар, умуман олганда, мусулмонларнинг кейинги авлодлари назарда тутилган. Демак, Ислом умматининг хусусиятларидан бири шуки, уларнинг кейинги келганлари олдин ўтганларини яхшиликда ёдга олиб, ҳақларига хайрли дуоларда бўлади.

Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари билан шариатимизда жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид диний таълимотларни чуқур ўрганган уламоларимиз Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳаққига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатмага биноан эканлигини таъкидлайдилар. Улар: “Бу борада келган ҳадислар ўрганилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган кишисининг номидан бирор эзгу амал қилмоқчи бўлиб, унинг савоби етиши ҳақида сўраган кишиларга: “Ҳа, савоби етади”, – деб жавоб берганлар. У зотдан Қуръон тиловатининг савоби етиши ҳақида сўралгани ривоят қилинмаган бўлса‑да, бошқа саволларга берган жавобларидан хулоса қилиш мумкинки, агар у ҳақда сўралганда, унга ҳам: “Ҳа, савоби етади”, – деб жавоб берган бўлардилар”, –дейдилар.

Бадриддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Саҳиҳи Бухорий”га ёзган шарҳида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қуйидаги ҳадисни келтиради: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо новдасини икки қабрга суқа туриб: “Шояд, шу сабаб булардан азоб енгиллатилса”, – дедилар.

Хаттобий айтади: “Бу ҳадисда қабр устида Китоби Азизни (Қуръонни) ўқиш мустаҳаб эканига далил бор, чунки дов‑дарахтнинг тасбеҳи туфайли маййитга азоб енгиллатилиши умид қилинар экан, Қуръони Азим тиловатида умидворлик ва барака янада улкандир”.

Бадриддин Айний шу каби айрим ривоятларни келтиргач, “Ўтганларга намоз, рўза ва садақанинг савоби етишининг ўзи Қуръон тиловатининг ҳам савоби етишини билдиради”, – дейди.

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар”, –дедилар”.

Бу ҳадисни Имом Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деб айтган ва: “Бу ерда ўлим тўшагидаги инсон назарда тутилган”, –деган. Аммо кўпчилик уламолар: “Лафз умумий бўлгани учун бу ҳадис ўлим тўшагида ётган кишини ҳам, ўлган одамни ҳам ўз ичига олади”, – дейишади.

Умуман олганда, ҳанафий мазҳабининг деярли барча мўътабар манбаларида садақа, намоз, рўза, тиловат ва бошқа яхши амалларни бошқанинг номидан қилиш мумкинлиги, савоби етиши ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилган. Жумладан, бу ҳақида “Ҳидоя”, “Баҳру-р‑роиқ”, “Бадое’” ва бошқа асарларда сўз боради.

Хулоса қилиб айтганда, мўътабар манбаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки саҳобаларнинг бирор ўтган кишига хатми Қуръон бағишлаганлари нақл қилинмаган бўлса‑да, бу умумий тарзда рухсат берилган, тарғиб қилинган ишлардандир. Юқорида ўтган ҳадислар ва умумий шаръий йўриқлар шуни кўрсатади. Шунга кўра, Қуръон хатм қилиб, савобини ўтган ота‑она ва бошқа яқинларга бағишлаш улуғ савобли амаллардандир. Хатм ўша маййитнинг номидан ният қилиб бошланса, яна ҳам яхши бўлади. Аммо тирик одам номидан хатм қилинмайди, унга тиловат савоби бағишланмайди, чунки бундай баданий амалларни бировнинг номидан қилиш учун ўша шахснинг шу амални қилишга буткул қодир бўлмаслиги шарт қилинган (“Раддул‑мухтор”).

Хатми Қуръондан савоб ҳосил бўлиши учун уни холис Аллоҳ учун бажариш лозим. Турли моддий манфаатлар илинжида қилинса, савоб ҳосил бўлмайди ва ўтганларга ҳам савоб етмайди.

 

 

Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид. Хатми Қуръонга  марҳабо. – Тошкент: Ҳилол нашр, 2023. 
  2. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Сунний ақидалар. – Тошкент: Ҳилол нашр, 2021.

 

Izoh qoldirish

Izohlar