16.05.2024

“РАФЪ УЛ-ЯДАЙН” ҚИЛИШНИНГ ҲУКМИ АСЛИДА ҚАНДАЙ?

Раддия

Ислом фиқҳида “рафъ ул-ядайн” деб аталган масала бор. У “икки қўлни кўтариш” масаласи дейилади. “Икки қўлни кўтариш” деганда эса одатда намозга киришгандаги такбири таҳримада қўлларни кўтариш эмас, айнан рукуъга боришда ва қайтишда қўлларни кўтариш назарда тутилади. Гарчи такбири таҳримадаги қўлларни кўтариш ҳам, ҳадисларда келтирилган саждалар орасида қўлларни кўтариш ҳам “рафъ ул-ядайн” дейилса-да, бироқ бугунги мусулмонлар орасида ундан рукуъга бориш ва қайтишдаги қўл кўтаришлар тушунилади.

Рукуъга кетаётган вақтда ва ундан бош кўтарганда “рафъ ул-ядайн” килинадими-йўқми, шу масалада фақиҳлар ўртасида турли фиқҳий қарашлар мавжуд. Шофеъий ва ҳанбалийлар бу иккита ўринда ҳам “рафъ ул-ядайн” қилишни суннат дейдилар. Муҳаддисларнинг катта жамоаси ҳам “рафъ ул-ядайн”ни қилиш керак, деб ҳисоблайдилар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу ўринда рукуъга кетишда ҳам, рукуъдан тургандан кейин ҳам “рафъ ул-ядайн”ни макруҳ дейишади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг бир гаплари Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг гапларига мувофиқ экан. Бироқ, Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг ўзлари китобларида: Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаби “рафъ ул-ядайн”ни тарк қилиш эканига ишора қилганлар (Имом аш-Шофеъий. Китоб ал-Умм. 7-жилд. – Байрут: “Дор ал-Фикр”, 1983. – Б.211). 

Чунки, Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг Ибн ал-Қосим раҳимаҳуллоҳ деган шогирдларидан ҳам моликийларда “рафъ ул-ядайн” қилинмаслиги нақл қилинган (Имом Молик. Ал-Мудаввана ал-кубро. 1-жилд. – Қоҳира: “Дор Саодат”, 1905. – Б. 165). 

Моликийларнинг китоблари ўрганилганда, уларнинг ихтиёр қилган гаплари “рафъ ул-ядайн” қилмаслик экани маълум бўлади. Демак, моликийлардаги фатво берилган гап “рафъ ул-ядайн” қилмаслик экан.

Қадимги даврларда “Рафъул ядайн” масаласи жуда кўп маротаба кўтарилган. Мазҳаблар ўртасида ихтилоф авжига чиққан. Катта баҳслар бўлган, ғулувлар бўлган, ташаддуд бўлган. Ихтилофлар бўлиб зиддиятлар кучайгани учун ҳар тараф бошқасига қаттиқлик қилади. Шунда шофеъийлар ҳатто “рафъ ул-ядайн” қилмаса намоз фосид бўлади, деган. Унга қарши эса ҳанафий олимларидан баъзи бирлари бу иш амали касир бўлиб, намоз фосид бўлади, деб туриб рисола ёзган экан.  

 Ҳанафий олими, “Мунят ал-мусоллий” муаллифи Садидуддин Кошғарий раҳимаҳуллоҳ «Рафъул ядайн»ни макруҳ деган (Садидуддин Кошғарий. Мунят ал-мусоллий. – Дамашқ: “Дор ал-улум”, 2007. – Б. 205).

“Фиқҳи Кайдоний” муаллифи Лутфуллоҳ Кайдоний раҳимаҳуллоҳ эса ҳаром деб баҳолаган (Лутфуллоҳ Кайдоний. Фиқҳи Кайдоний. – Қозон: “Университет”, 1908. – Б. 9).

Лекин, ҳақиқат шуки, на шофеъийларда, на ҳанафийларда «Рафъул ядайн» қилиш ёки қўл кўтармаслик намозни бузувчи эмас.

Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ кўл кўтариш масаласи тўғрисида “Найлул фарқадайн фи рафъил ядайн” деган алоҳида бир рисола ёзганлар. У ерда айтганларки, «Рафъул ядайн» ҳадислари маънан мутавотир. Тарки «Рафъул ядайн» ҳадислари эса амалан мутавотир (Анваршоҳ Кашмирий. Найлул фарқадайн фи рафъил ядайн. – Деҳли: “ал-Мажлис ал-илмий”, 1931. – Б. 22). 

Амалан «Рафъул ядайн» қилинмас экан. Таомил билан тарк собит экан. Амалан тарк мутавотир дегани шуки, икки илм маркази – Куфа ва Мадина. Мадинада моликийлар бўлган, Куфада ҳанафийлар бўлган. Бу шаҳардлар ўз замонининг илм марказлари ҳисобланган. Имом Моликнинг фатво берилган сўзлари тарк қилиш, биз ҳанафийларники ҳам тарк бўлди. Таомил шуни билдирадики, ўша ердаги саҳобалар ҳам қилмаган. Саҳобаларни кўриб қилишмаган, ўзларича тарк қилмаганлар. Мадинада тарк бўлишига таомил шу эканки, аллома Ибн Рушд “Бидоятул мужтаҳид”да ёзган эканларки, Имом Молик тарк рафъул ядайн маслакини таомили аҳли Мадинани кўриб ихтиёр қилган эканлар (Ибн Рушд. Бидоят ал-мужтаҳид. – Байрут: “Дор ал-Маърифат”, 1982. – Б. 133-134).

Куфаликлар таркка таомил қилишига далил шофеъий мазҳабли Муҳаммад ибн Наср Марвазий раҳимаҳуллоҳ ёзишларича, “Бирон бир шаҳар Куфачалик «рафъул ядайн» таркига ижмоъ қилмаган”, деганлар (Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий. Ихтилоф ал-уламо. – Байрут: “Олам ал-кутуб”, 1985. – Б. 48). 

Уларда тўлиқ қилинмаган экан. Ислом оламининг иккита илм марказида таркка таомил бўлди. Таркни таомил билан собит эканига далил бўлади. 

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ Макка аҳлининг таомилига эътибор қилганлар. Бу борада Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ айтган эканларки, бу амал Маккада «рафъул ядайн» қилиш Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида бошланган. Чунки Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу «Рафъул ядайн»га қоил бўлганлар. Шундан кейин аҳли Маккада бу иш ривож топиб кетди (Анваршоҳ Кашмирий. Найлул фарқадайн фи рафъил ядайн. – Деҳли: “ал-Мажлис ал-илмий”, 1931. – Б. 22).

Биринчи ривоят буюк саҳоба, саҳобалар ичида фақиҳлиги билан ажралиб турган зот, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирилган. “Сунан” ҳадис тўпламларининг аксарида бу ривоят зикр қилинган. Бу ривоятни Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳам келтирдилар: 

عَنْ عَلْقَمَةَ قَالَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ مَسْعُودٍ أَلاَ أُصَلِّي بِكُمْ صَلاَةَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ فَصَلَّى فَلَمْ يَرْفَعْ يَدَيْهِ إِلاَّ فِي أَوَّلِ مَرَّةٍ.

Алқама айтишича, Абдуллоҳ ибн ал-Масъуд розияллоҳу анҳу:

“Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини ўқиб берайми?”, деб туриб, намоз ўқиб бердилар. Шунда, икки қўлларини фақат аввалги мартада кўтардилар” (Термизий, 1/257).

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда фақат бир марта қўл кўтарганлар. Бу ҳадис бизнинг мазҳабимизга очиқдан-очиқ далил бўлади. Сариҳ ва саҳиҳ. Шу ерда Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг хос шогирди Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ушбу бобда тан олиб, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва тобеъинлардан иборат бир қанча илм аҳли буни айтадилар”, деганлар.

Иккинчи далилимиз. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ мазкур жойда Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳунинг ривояти ҳам мавжудлигини айтиб ўтганлар. У Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳунинг муҳаддис Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ тоомонидан келтирган қуйидаги ривоятларидир: 

كَانَ إِذَا اِفْتَتَحَ الصَّلَاةَ ‌رَفَعَ ‌يَدَيْهِ ‌إِلَى ‌قَرِيبٍ مِنْ أُذُنَيْهِ، ثُمَّ لَا يَعُودُ

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ўқий бошласалар, қўлларини қулоқлари яқинига кўтарар эдилар, сўнг қайтармас эдилар” (Абу Довуд, 1/750).

Бизнинг учинчи далилимиз Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоят ҳисобланади. Бу ривоят “Мусаннаф Ибн Абу Шайба”да мавқуф  нақл қилинган: 

تُرْفَعُ ‌الْأَيْدِي فِي سَبْعَةِ مَوَاطِنَ: إِذَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ، وَإِذَا رَأَى الْبَيْتَ، وَعَلَى الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ، وَ فِي عَرَفَاتَ، وَفِي جَمْعٍ، وَعِنْدَ الْجِمَارِ

“Қўллар етти ўринда кўтарилади. Намозга турган пайтда, Байтуллоҳга юзланганда, Сафода, Марвада, Арофатда, Муздалифада, тош отиш пайтида” (Ибн Абу Шайба, 3/2471; 9/16481-16485; Таҳовий, 2/3821; Байҳақий, 5/9210).

“Мўъжам ат-Табароний”да эса бу ривоят марфуъ қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан айтган ҳадислари сифатида келтирилган:

‌تُرْفَعُ ‌الْأَيْدِي إِلَّا فِي سَبْعِ مَوَاطِنَ حِينَ يَفْتَتِحُ الصَّلَاةَ وَحِينَ يَدْخُلُ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ فَيَنْظُرُ إِلَى الْبَيْتِ، وَحِينَ يَقُومُ عَلَى الصَّفَا، وَحِينَ يَقُومُ عَلَى الْمَرْوَةِ، وَحِينَ يَقِفُ مَعَ النَّاسِ عَشِيَّةَ عَرَفَةَ وبِجَمْعٍ، وَالْمَقامَيْنِ حِينَ يَرْمِي الْجَمْرَةَ

“Қўллар фақат етти ўринда кўтарилади: намозни бошлаган пайтда, Масжиди ҳаромга кириб Байтуллоҳни кўрган пайтда, Сафода турган пайтда, Марвада турган пайтда, одамлар билан бирга кечқурун Арафотда ва Муздалифада турган пайтда, шайтонга тош отадиган икки ўринда” (Табароний, 11/12072).

Ибн Хузайма раҳимаҳуллоҳ ўз саҳиҳида бу ривоятни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ҳадис сифатида келтириб ўтган (Ибн Хузайма, 4/2703).

“Ҳидояи шариф” муаллифи ҳам бу ҳадис билан далилланганлар (Бурҳониддин Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: “Юсуфий”, 1902. – Б. 102). 

Етти ўриннинг бири бўлмиш намоз бошлашда қўллар кўтарилади, дейилди. Лекин, рукуъ вақтида «рафъул ядайн» бор деб нақл қилинмади.

Тўртинчи далилимиз Аббод ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ деган зотдан нақл қилинган. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “ад-Дироя фи тахриж аҳодис ал-Ҳидоя” асарида Аббод ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳдан марфуъ ривоят келтирган бўлиб, унда бундай дейилган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. ад-Дироя фи тахриж аҳодис ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Байрут: “Дор ал-Маърифат”, 1995. – Б. 152):

عَنْ عَبَّادِ بْنِ الزُّبَيْرِ أَنَّ رَسُولَ اللهِ كَانَ إِذَا افْتَتَحَ الصَّلَاَة رَفَعَ يَدَيْهِ فِي أَوَّلِ الصَّلَاِة، ثُمَّ لَمْ يَرْفَعْهُمَا فِي شَيْءٍ حَتَّى يَفْرُغَ

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошласалар, иккала қўлларини намознинг аввалида кўтарар эдилар. Сўнг (намозни) тугатгунча бирон нарсада кўтармас эдилар” (“Шарҳ Сунани Абу Довуд”, 3/298; “Нахб ал-афкор”, 4/163; “Базл ал-мажҳуд”, 4/28).

Ҳофиз ибн Ҳажар бу ҳадисни нақл қила туриб, санадига қараб кўрилсин, деб кетган эканлар. Ҳанафий муҳаддислари қараб кўришган, ундаги барча ровийлар сиқа экан. Аббод ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ тобеин бўлган. Шунинг учун бу ҳадис мурсал бўлиши мумкин. Мурсал шофеъийлардан бошқаларда ҳужжат.

Кейинги далилимиз Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳунинг ҳадислари. Баъзи ҳанафийлар “Саҳиҳи Муслим”да Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳунинг марфуъ ҳадисларидан далилланишади. У ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар-да, бундай дедилар”, дейилган:

مَا لِي أَرَاكُمْ رَافِعِي أَيْدِيكُمْ كَأَنَّهَا أَذْنَابُ خَيْلٍ شُمْسٍ!! اسْكُنُوا فِي الصَّلَاةِ!

“Нима бўлди, менга қўлларингизни қайсар отларнинг думи каби кўтараётганингизни кўраяпман?! Намозда сокин (тек) туринглар!” (Муслим, 1/430; Абу Довуд, 1/1000; Ибн Ҳиббон, 2/1009; Аҳмад, 34/20964; Ибн Абу Шайба, 5/8673; Абу Авона, 4/1596; Табароний, 2/1826; Байҳақий, 2/3521). 

Бу ҳадис санади эътиборидан саҳиҳ бўлганлиги боис “Саҳиҳи Муслим”да тахриж қилинган.

Саҳобаларнинг асорлари ҳам бизнинг мазҳабни қувватлайди. Марфуъ ҳадислардан ташқари жуда кўп саҳоба ва тобеинларнинг асорлари бор. Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ Асвад, Умар, Али, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ривоятлар келтирганлар (Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Шарҳ маоний ал-асор. 1-жилд. – Байрут: “Дор ал-кутуб ал-илмия”, 2013. – Б. 290-295).

Демак, Али, Умар ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумдек фақиҳ саҳобалар тарки рафъ қилишни айтадилар. Бир қанча тобеъинлар ҳам шуни қиладилар, яъни рукуъга бориш-келишда қўлларини кўтармайдилар. Бунинг ҳаммаси ҳанафийларнинг мазҳабини қувватлайди. 

Бизникилар рукуъда «рафъул ядайн»ни матрук, яъни икки қўл рукуъга боришда кўтарилмайди, деймиз. Бу ерда «рафъул ядайн»ни тарк қилишнинг ўзига яраша тавжиҳлари ва талқинлари бор. 

Биринчиси, «рафъул ядайн»ни қилмаслик ҳақидаги ривоятлар Қуръон оятларига мувофиқдир. Аллоҳ таоло айтади: وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ – “Ва (намозда) Аллоҳга бўйсунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!” (“Бақара” сураси, 238-оят).

Бунинг тақозоси намозда ортиқча ҳаракатлар кам бўлишлигидир.

Шунинг учун қайси бир ҳадислар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “рафъул ядайн” кам қилинган ривоят бўлса, ўша ҳадислар Қуръонга мувофиқроқ, деймиз.

Агар намознинг тарихига бир қараб кўрадиган бўлсак, биринчи намозда гапиришлик ҳам бор эди. Аввалига намозда кўп нарса жоиз эди. Секин-асталик билан ҳаракатдан сукунат тарафга ўтилган. Аввал рукуъга боришда ҳам, рукуъдан қайтишда ҳам, саждаларга бориш-келишда ҳам қўл кўтарилаверган, ундан кейин таркка қайтилган. Шундан охирида қўл кўтармаслик қолган, деймиз. “Найл ул-фарқадайн”да келишича, машҳур тобеъин Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳдан саждага борди-келдида ҳам қўлларини кўтаргани ривоят қилинган. Чунки, Молик ибн ал-Ҳувайрис розияллоҳу анҳунинг ҳадисида бу ҳам келган эди. Бироқ, саждага борди-келдидаги иккала қўлни кўтаришни барча фақиҳлар тарк этишган. Буни аввал бўлган, кейин қолдирилган дейишади. Биз эса шу жойда саждага борди-келдида иккала қўлни кўтариш қолдирилганидек, рукуъга борди-келдида ҳам кўтаришнинг ҳукми бекор қилинган, деймиз, холос.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ровийларнинг барчаси фақиҳ ровийлар ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бир ўзлари «Рафъул ядайн»ни қилувчи ровийларнинг ҳаммасидан устунроқ фақиҳдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ровийларнинг ҳаммаси ҳам фақиҳ зотлардир. Шунга, бошқа аҳодислар муқобилига бу ҳадис мусалсали фуқаҳо сифатида таржиҳ топади.

Бу масалада Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ билан Имом ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳ ўртасида мунозара бўлган. Воқеа шундай бўлган экан: Маккаи мукаррамада бир жойда фақиҳи уммат Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ва Имом Авзоъий бирга бўлиб қолади. У ерда «Рафъул ядайн» масаласи қўзғалган. Имом Авзоъий Имоми Аъзамдан сўрадилар: “Нимага намозда рукуъга кетаётган ва рукуъдан тураётган пайтда қўлларингизни кўтармайсизлар?”. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа жавоб берадилар: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу борада бирор нарса саҳиҳ бўлмагани учун кўтармаймиз!”. 

Яъни, эътирозлардан саломат бўлган бирор бир ривоят бизга етиб келмаган. Имом Авзоъий айтдиларки: “Қандай саҳиҳ бўлмайди?! Бизга Зуҳрий ҳадис айтди, у эса Солимдан, у ўз отасидан, у эса бундай деди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни бошлаганларида, рукуъда, рукуъдан турганда қўлларини кўтарар эдилар”. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ривоятларини Имом Авзоъий келтирдилар. Солим шу Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли бўлади. Буни эшитган Имоми Аъзам айтдиларки: “Бизга Ҳаммод ҳадис айтди, у Иброҳимдан, у эса Алқамадан, у эса Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни бошлаганларида қўлларини кўтарар эдилар. Ундан бошқа бирон нарсада қайтармас эдилар”.

Бу ҳадисни эшитган Авзоъий эътироз қилдилар: “Мен сизга “Бизга Зуҳрий ҳадис айтди, у эса Солимдан, у эса ўз отасидан, у шундай деди”, деб айтяпман, сиз бўлсангиз менга: “Бизга Ҳаммод ҳадис айтди, у Иброҳимдан, у эса Алқамадан, у эса Ибн Масъуддан”, деб айтасизми, дедилар. 

Бу ерда Имом Авзоъий санад эътиборидан ўзларининг тариқларини кучли демоқдалар. Имом Авзоъийнинг бу эътирозларининг мақсади шу эдики, менинг санадим олий, менинг санадимда саҳобийгача фақат иккита восита бор, Зуҳрий ва Солим. Сизнинг санадингизда учта ровий бор. Шунинг учун олий санад эътиборидан менинг санадим ривояти рожиҳ – кучлироқ, деган эканлар. Шунингдек, менинг санадимдаги ровийлар ҳадис билан махсус шуғулланган одамлар, демоқчи бўлдилар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа бунга жавоб берган эканлар: 

“Зуҳрийдан кўра Ҳаммод фақиҳроқдир, Солимдан эса Иброҳим фақиҳроқ, Алқама саҳоба бўлмаса-да фиқҳда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан паст эмас. Лекин, Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг саҳобалик фазли бор. Абдуллоҳ – у Абдуллоҳ, унга ҳеч ким тенглаша олмайди”, дедилар. 

Имом Авзоъий буни эшитиб хомуш бўлиб, жим қолган эканлар.

Хуллас, намозда “рафъ ул-ядайн” қилувчиларнинг ўзига хос далиллари бўлгани каби уни қилмайдиган биз ҳанафийларнинг ҳам ўзига яраша кучли далиллари мавжуддир. Ҳанафийларнинг далиллари Қуръон оятлари мазмунига мувофиқ, саҳиҳ ва маъноси сариҳ ҳадислардан иборат. Шунинг учун ҳам, асрлар давомида ҳанафийлар ва моликийлар “рафъ ул-ядайн” қилмасдан келадилар. 

 

 

Ҳикматуллоҳ домла Абиев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar