ҚАНДАЙ ОЯТЛАР МУҲКАМ ВА ҚАНДАЙ ОЯТЛАР МУТАШОБИҲ ДЕЙИЛАДИ?
Раддия
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида айтади:
هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آَيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آَمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ
У Сизга Китобни (Қуръонни) нозил қилган зотдир. Унда шу Китобнинг «онаси» саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва (шу билан бирга) яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага номаълум) оятлар ҳам бор. Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса, дейдилар: «Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир». (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар.
Қуръони каримда маъноси аниқ ва равшан оятлар билан бир қаторда баъзан “муташобиҳ” – иштибоҳли оятлар, яъни асл маъноси бандасига номаълум мураккаб оятлар ҳам мавжуд. Масалан, “Тоҳо” сурасининг 5-оятида: “Раҳмон аталмиш зот Арш узра муставий бўлди”, – дейилади. Бу ердаги “муставий бўлди” иборасини тик турди, тўғри бўлди, ўрнашди, эгаллади каби мазмунда таржима қилиш мумкин бўлсада, булардан қайси бири тўғри экани ёки бошқа маъноси борлиги фақат Аллоҳнинг ўзига маълум. Бу каби оятларга фақат имон келтириб, Аллоҳдан эканлигини тасдиқлаб қўйишнинг ўзи кифоядир. Лекин Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Мужоҳид ибн Жабр ва Имом Нававий раҳимаҳуллоҳлар уларни тафсир қилиш жоиз деганлар.
Ушбу ояти каримада Қуръони каримнинг оятлари иккига – муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши ҳақида сўз кетмоқда.
Қуръони каримда келган муҳкам – ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. «Улар китобнинг аслидир», яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил этади. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қилади.
Уламолар муҳкам ва муташобиҳнинг илмий ва аниқ маъноларини чегаралашда ҳамда уларнинг ҳар бири ўз ичига олган нарсаларни белгилашда кенг ва кўп ихтилоф қилганлар. Шу билан бирга, уларнинг бу икки нарсанинг таърифида айтган гаплари кўп бўлишига қарамай, мазкур таърифларни икки асосий йўналишга тақсимлаш мумкин.
Биринчи йўналишга кирган уламоларнинг таърифида «Муташобиҳ илми – Аллоҳ Ўзига хос қилиб олган ва инсонлардан ҳеч кимга билдирмаган нарса» дейилади. Бунга қиёмат ҳақидаги илм ҳамда сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари илмига ўхшаш нарсалар мисол қилинади. Албатта, бу қисмдаги таърифлар муташобиҳнинг нозик маъносини ўз ичига олгандир.
Ушбу йўналишдаги таърифларга мисоллар:
1. Имом Қуртубий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу, Шаъбий ва Суфён Саврийга нисбат берган таърифда қуйидагилар айтилади:
«Қуръоннинг муҳкам оятлари – таъвили маъруф бўлган, маъноси ва тафсири фаҳмланганларидир. Муташобиҳ эса уни билишга йўл бўлмаган, илмини Аллоҳ Ўзи хослаб олган ва халқига билдирмаган қиёмат қоим бўлиши вақти ва сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари каби нарсалардир».
Имом Қуртубий бу таърифни мақтаган ва: «Бу муташобиҳнинг таърифида айтилганларнинг энг гўзалидир», – деган.
2. Аҳли суннага нисбат берилган таърифда айтилади:
«Муҳкам – ундан кўзланган мурод очиқ-ойдин ёки таъвил ила билинган нарсадир. Муташобиҳ – илмини Аллоҳ таоло Ўзига хослаб олган, қиёматнинг қоим бўлиши, Дажжолнинг чиқиши ва сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари каби нарсалардир».
3. Саййид Маҳмуд Олусий ҳанафийларга нисбат берган таърифда қуйидагилар айтилади:
«Муҳкам – далолати равшан бўлган ва насхни қабул қилмайдиган нарсадир. Муташобиҳ – ақл билан ҳам, нақл билан ҳам маъносини идрок этиб бўлмайдиган нарса бўлиб, илмини Аллоҳ таоло Ўзига хослаб олган, қиёматнинг қоим бўлиши ва сураларнинг аввалидаги кесик алифбо ҳарфлари каби нарсалардир».
Ушбу таърифлардан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, таъриф эгаларининг фикрича, «муҳкам» инсон ўзининг идроки ва таъвил қилиш қудрати ила фаҳмлаш ҳамда таъвил қилишга қодир бўлган нарсадир. «Муташобиҳ» эса илмини Аллоҳ таоло Ўзига хослаб олган нарсадир.
Иккинчи йўналишга кирган уламоларнинг таърифида «муташобиҳ» кенг маънода олинган бўлиб, идрок қилиш қийин бўлган, маъносида енгиллик бўлмаган, тушуниш учун таъвил лозим бўлган, яъни маънони бошқа тарафга буриш керак бўлган ҳамда уни баён қилишда бошқа воситаларга эҳтиёж тушадиган оятларнинг барчаси муташобиҳ дейилган.
Бу қисмга оид таърифларнинг мисоли қуйидагилар:
1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва кўпчилик усулийларнинг таърифи:
«Муҳкам фақат битта таъвилни кўтарган нарсадир. Муташобиҳ эса бир неча таъвилни кўтарадиган нарсадир».
2. Имом Фахриддин Розийнинг таърифи:
«Муҳкам – далолати кучли бўлган насс ва зоҳирдан иборатдир. Чунки бу иккиси далолатнинг кучли бўлишида иштирок этадилар. Бунда насс бошқа нарсани ман қилади, зоҳир эса бошқа нарсани ман қилмайди.
Муташобиҳ эса далолати кучли бўлмаган нарса бўлиб, мужмал, муъаввал ва мушкиллардир. Уларнинг ҳар бири далолати кучли бўлмаган далиллардир».
Бу таърифларни келтиришдан мақсад шуки, ҳозирги пайтда юзага чиққан баъзи кишилар муҳкам ва муташобиҳ оятларни фарқига бормасдан, айнан шу айтилган важҳларга кўра амал қилмасдан, аҳли сунна ва жамоага эргашувчи мусулмонларни адашишда айблайдилар. Натижада, ояти каримада айтилганидек, қалбида оғиш, алданиш ва алдашга мойиллик бор бу кимсалар ўша муташобиҳ оятларга эргашадилар ва одамларни тўғри йўлдан адаштирадилар. Масалан, улар “Яд”, “Истиво”, “Нузул” сингари мавзуларда баҳс этишни яхши кўрадилар. Улар ўзлари сезмаган ҳолда юқоридаги оят таҳтига дохил кимсалардан бўлиб қолганларини сезмайдилар. Шунинг учун биз айтамизки, минг йиллик мазҳабларга эргашиш кишини икки дунёдаги бахту саодатини кафолатлайди, акс ҳолда “муташобиҳ”га эргашганлардан бўлиб қолиш хавфи катта бўлади.
Аллоҳ барчамизни адашиб қолишдан асрасин! Амийн!
Абдуллаев Ботиржон – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar