НЕГА МАВЛИД МАРОСИМИДАГИ ЯХШИ АМАЛЛАР “СОХТА САЛАФИЙЛАР” ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛАДИ?
Раддия
Сохта салафийларнинг берадиган асосий саволларидан бири: “Мавлид маросими шариатда борми? Уни ўтказиш зарурми?”, – деган маънода бўлиб, бу уларнинг мавлидни бидъат ва ҳатто ҳаром дейишигача олиб боради. Сохта салафийларнинг ушбу мияларини бузган вайронкор ғоя мана шу савол остида яширин.
Мавлид маросимини ўтказиш албатта шариатда бор! Уни тўрт мазҳаб аҳли, аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашувчи барча мусулмонлар якдиллик билан жоиз санаганлар. У саҳобалар давридан бери келаётган муборак урф-одатдир, мавлид ижмоъ билан жоиз саналган маросимдир.
Саҳобалар даврида мавлидлар ҳозирги кўринишда эмас эди, лекин мавлиднинг моҳияти бор эди. Гап моҳиятда. Саҳобалар даврида қироат ва тажвид илми ҳам, фиқҳ илми ҳам, калом ва ақида илми ҳам, тасаввуф ҳам ҳозиргидек эмасди. Бироқ, ўша даврларда бу илмларнинг барчаси бор эди. Худди шунингдек, ҳайит намозлари саҳобалар даврида ҳозиргидек юзлаб масжидларда эмас, балки бутун шаҳарда битта жойда, у ҳам бўлса очиқ майдонда – “мусалло” деган алоҳида очиқ осмон остида ўқилар эди. Саҳобалар даврида масжидларга кўрпачалар тўшалмасди. Саҳобалар даврида беморларга чилёсин ўқиш ҳам йўқ эди. Саҳобалар ўзбек паловини ейишмаганди, масалан, улар даврида балиқни мана бундай қилиб қовурилиб, бу шаклда дастурхонга тортилгани ҳақида бирорта саҳиҳ ҳам, заиф ҳам, тўқима мавзуъ ҳам ривоятлар йўқ. Урф-одатлар, у дунёвий бўладими, диний бўладими, замонлар ва вақтлар ўтиши билан замон ва маконга қараб ўзгариб туради. Шариатнинг асл қоида ва кўрсатмалари қиёматгача ўзгармайди. Масалан, рамазонда рўза тутиш, намознинг ракъатлари, ароқ ва зинонинг ҳаромлиги кабилар ўзгармайди, лекин ушбу қоида ва кўрсатмалар асосида шаклланган урф-одатлар, маросим ва маъракалар ўзгариши мумкин. Демак, мавлиднинг моҳияти нима?
Мавлид бир йилда бир ой бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва сийратларини ўрганишдир. Майлид ойи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эслаш ойлигидир. Мавлид маросими севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломни эслаш маросимидир. Моҳият шу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳадис китоблари орқали ўрганасизми, сийрат ва тарих китоблари орқали ўрганасизми ёки шеърият ва бадиий асарлар орқали ёд этасизми, фақат саловот ва дурудлар ёки ҳатто нашидалар ва қўшиқлар айта-айта эслайсизми, буларнинг фарқи йўқ. У замонларга, маконларга ва одамларга қараб белгиланади. Мақсад Пайғамбаримиз алайҳиссаломни эслаш бўлиши керак.
Саҳобалар даврида ва ундан кейинги бир неча юз йилликда мавлидлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ўрганиш, у зотнинг суннатларини билиш, сийратларини ўқиш билан бўлган. Ҳассон ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳум каби саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни мадҳ қилиб шеърлар битганлар. “Қасидаи бурда” ўша даврларда битилган.
Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларида шахсан ўзига алоҳида курси қўйдириб берган. У ерда ўтириб, у киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари, сийратлари, ишларини гапириб берган. Ҳар хил қисса ва ривоятларни айтиб берган. Шу хилда бадиий, бугунги тил билан айтганда, халқ оғзаки ижодига тааллуқли, қисса ва ривоятларни ҳам кўп айтаверганидан, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унинг курсисини масжиддан олдириб ташламоқчи бўлибди. Шунда, у зот: “Олиб бўпсиз! Буни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари қўйиб берганлар”, – дебдилар. У зот то вафотларига қадар шу курсида ўтириб, одамларга сийратдан, суннатдан хабар берган эканлар.
Одамлар Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳо олдиларига келиб: “Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида гапириб беринг”, – дер эдилар.
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан кейин Мадинада тура олмай, Шомга кетиб яшаган эканлар. Кейин тушларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрибди. Зудлик билан Мадинага равона бўлибдилар. Мадинада уни хурсандчилик ва шодлик билан кутиб олишибди. Мадиналиклар ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида гапириб беришни сўрабдилар, яна азон айтиб беришни истабдилар... Бу ишлар мавлиднинг моҳиятан мавжудлигини англатади.
Сохта салафийларнинг мавлид маросимларини бидъатга чиқаришларининг яна бир сабаби, “Мавлид Пайғамбаримиз алайҳиссаломни эслаш бўлар экан, унда катта дастурхон тўшаш, ош қилиш, ширгуруч едириш, исириқлар тутатиш ва ҳоказолар нимага керак?”, – деган савол билан бўлади.
Аслини олганда, хайр-эҳсон ҳам, саховат кўрсатиш ҳам, сахийлик ва мурувват ҳам исломий ахлоқлардан эканини унутманг. Дастурхон саховат белгисидир, жаннат сахийлар жойидир. Ширгуруч – Пайғамбаримиз алайҳиссалом севиб истеъмол қилган таомдир, исириқ тутуни билан эса ҳар хил микроблар ўлади. Ҳар йили Пайғамбаримиз алайҳиссаломни эслаш ойи – мавлид келаверади-ю, у зот номидан хайр-эҳсон қилмаслик, у зот номидан қурбонлик қилмаслик, одамларга у зотни эслатадиган бирор нима ҳадя қилмаслик комил мусулмонликка путур етказадиган қилиқдир.
Сохта салафийлар айтишича, мавлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эслаш, у зотнинг суннатлари ва сийратларини ўрганиш бўлар экан, бу йилнинг барча ойларида бўлиши керак эмасми? Фақат бир ойни мавлид деб қўйишга нима зарурат бор?
Ҳақиқат шуки, инсон унутувчидир. Инсон “нисён” сўзидан олинган, деган гап бекорга эмас. Мусулмон киши ҳар он ва ҳар вақт эслаш фарз бўлган Аллоҳни унутиб қўяди. Гоҳ-гоҳида ҳатто “бисмиллоҳ” айтиш эсидан чиқиб кетади. Бугунги кунда калимасини ҳам яхши билмайдиган мусулмонларга, ҳеч бўлмаса, йилда бир ойгина мана шу мавлидда қатнашиш имконини бериш зарурат ҳисобланади.
Сохта салафийларнинг энг катта иддаоларидан бири “Мавлид дегани ўзи туғилган кун бўлса, туғилган кун исломда борми?”, – деган савол билан ўртага ташланади.
Холис қараладиган бўлса, исломда туғилган кун йўқ, деган бирорта оят ёки ҳадис топилмайди. Шундай оят ёки ҳадисни ҳеч ким эшитган эмас. Чунки, бундай оят ҳам йўқ, ҳадис ҳам йўқ! Фақат уламоларимиз ғайридинларнинг ва номусулмонларнинг маданиятига кўр-кўрона эргашмасликка чақирганлари учун, оммавий маданият кетидан қувмаслик мақсадида туғилган кун беришни мақбул санамаганлар. Энди, христианлар ўзларининг Исо алайҳиссалом пайғамбарига туғилган кун бериб, ҳар йили “Роджество” байрамини нишонласалар, бу билан ҳам кифояланмасдан, у зотнинг туғилган даврларидан бошлаб йилни – милодий йилини ҳамма ёқда жорий қилган бўлсалар, биз мусулмонлар оламлар сарвари, раҳматан лил-оламин бўлган ҳабибимиз, расулимиз учун бир ойни мавлид деб эълон қилсак, буни бутун дунё мусулмонларининг аҳли снунат ва жамоат уламолари мақбул иш эканини айтган ва айтиб келаётган бўлса, сохта салафийларнинг иддаолари нохолис бўлиб қолаверади.
Аминов Ҳамидуллоҳ – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, т.ф.н.
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar