27.05.2024

ҚУРЪОН ЎҚИБ САВОБИНИ МАЙЙИТГА БАҒИШЛАШ ҲАҚИДА ДАЛИЛ БОРМИ?

Раддия

Мусулмонлар асрлар давомида вафот этганлар руҳига бағишлаб Қуръон ўқишган, тиловатлар қилишиб, хатми Қуръонлар қилиб келишган. Мусулмон уммати уларга савоб бағишлаш жоиз эканига ва савоби етиб, марҳумлар ундан манфаат олиши мумкинлигига ижмоъ қилганлар. Бизнинг ҳанафий мазҳабига оид китобларда, жумладан, “Бадойеъ ус-санойеъ”, “Баҳр ур-роиқ”, “Ҳидояи шариф” каби асарларда: “Кимки намоз ўқиса ёки рўза тутса ёки садақа қилса ва савобини хоҳ ўлик, хоҳ тирик бўлган бошқага бағишласа, жоиз бўлади. Аҳли сунна ва жамоа фикрича, уларга савоби етиб боради”, – дейилган. “Ал-Лубоб” асарининг шарҳида марҳумларга савоб бағишлаш учун Қуръондан инсон ўзи учун осон бўлган оят ва сураларни, жумладан, “Фотиҳа”, “Бақара”нинг аввали, “Оят ал-курсий” ояти, “Аман ар-Расул” оятлари, “Ёсин”, “Таборак”, “Такосур” суралари ва “Ихлос” сурасини ўн икки марта ёки ўн бир марта ё етти ёхуд уч марта ўқийди, – деб келтирилган. Албатта, мусулмон умматининг бундай қилишларига ва шунга амал қилиб келишларига ўзига яраша суннатдан ва шариатдан далиллари бор. 

Аввало, шуни билиш керакки, “ал-Ҳидоя”да ва ундан бошқа мўътабар китобларда: “Инсон учун ўз амалининг савобини у хоҳ намоз бўлсин, хоҳ рўза, садақа ёки бошқаларни бағишлаши мумкин бўлади”, – деб зикр қилинган. “Фатҳ ал-қадир”да келтирилганидек, Қуръон тиловат қилиш, зикрлар айтиш савоби ҳам шу жумладандир. Унга далил сифатида Аллоҳ таолонинг: وَتَعَاوَنُواْ عَلَى الْبرِّ وَالتَّقْوَى – “Бир-бирингизга яхшилик ва тақвода ёрдам беринглар!” (Моида, 2) ояти каримасининг умумий ҳукми келтирилган. Яъни, инсон ўзига замондош ва тирик инсонларга қандай ёрдамчи бўлса, ўтиб кетган мусулмон биродарларига ҳам тақво ва яхшиликда қандайдир ёрдамчи бўлиши керак. Оятнинг ҳукми фақат тирикларга ёрдам беринг, деган маънода эмас. Ўтган марҳумларга қандай ёрдам берилади? Албатта, уларга хайр-эҳсон ва садақалар, шунингдек, Қуръон тиловати билан ёрдам бериш мумкин бўлади. 

Аллоҳ таолонинг: وَأَن لَّيْسَ لِلْإِنسَانِ إِلَّا مَا سَعَى – “Инсон учун фақат ўзи ҳаракат қилган нарсаси бўлур” (Нажм, 39) оятининг маъноси: “Инсон учун бошқанинг саъй-ҳаракати бўлмайди, фақат ушбу ҳаракатини бошқага бағишласа жоиз”, дегани бўлади. Бу ҳақида Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ ҳам айтиб ўтганлар.

Айнан Қуръон тиловат қилиш, хусусан қабристонда тиловат қилиш борасида ҳадиси шарифларда ҳам далиллар мавжуд. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр бошида “Қуръон” тиловат қилишга буюрганлар ва “Қуръон” ўқиган саҳобаларга индамаганлар:

إِذَا مَاتَ أَحَدُكُمْ فَلَا تَحْبِسُوهُ وَأَسْرِعُوا بِهِ إِلَى قَبْرِهِ وَلْيُقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِهِ فَاتِحَةُ الْكِتَابِ وَعِنْدَ رِجْلَيْهِ بِخَاتِمَةِ الْبَقَرَةِ فِي قَبْرِهِ

“Агар сизлардан бирингиз вафот топса, уни (кўп) ушлаб турманглар, тезроқ қабрига олиб боринглар. Қабр бошида “Фотиҳа” сурасини, қабрининг оёқ тарафида эса “Бақара” сурасининг охири ўқилсин!”(Табароний, 12/13613; Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 11/8854). 

Мазкур ҳадисда “Фотиҳа” сураси келтирилган бўлиб, бошқа ривоятларда унинг ўрнига “Бақара”нинг бошланиши ўқилиши тавсия қилинган. Мазкур ҳадиси шарифни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган бўлиб, у зотнинг ўзлари ҳам вафотлари чоғида фарзандлари ва яқинларига шуни васият қилган эканлар. 

Бу ҳадиси шариф “Мишкот ал-масобеҳ”да ҳам келтирилган (Табризий, 1/1717).

مَنْ زَارَ قَبْرَ وَاِلَدَيْهِ أَوْ أَحَدَهُمَا فِى كُلِّ جُمُعَةٍ فَقَرَأَ عِنْدَهُ يَسٍ غَفَّرَ اللهُ لَهُ بِعَدَدِ كُلِّ حَرْفٍ مِنْهَا

“Кимки ота-онасининг ёки улардан биттасининг қабрини ҳар жумъада зиёрат қилса, у ерда “Ясин” ўқиса, Аллоҳ суранинг ҳар бир ҳарфи ададича уни мағфират қилади” (Ибн Адий, 5/1316).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: اقْرَءُوا يس عَلَى مَوْتَاكُمْ – “Ўлганларингизга “Ясин” сурасини ўқинг!”, – деб буюрганлар (Абу Довуд, 3/3123; Ибн Ҳиббон, 7/3002). Ўликларга “Ясин” ўқиш буюрилаётганини тўғри маънода қабул қилган уммати муҳаммадия қабристонларда “Ясин” ўқиб келишади. Уни ўлаётган одамнинг охирги сонияларда жони осон чиқсин, деган мақсадда ҳам ўлим тўшагида ётган одамга нисбатан ўқишади.

وَيَسٍ قَلْبُ الْقُرْآنِ لَا يَقْرَؤُهَا رَجُلٌ يَزِيدُ اللهُ وَ الدَّارُ الْآخِرَةُ إِلَّا غُفِرَ لَهُ اِقْرَؤُوهَا عَلَى مَوْتَاكُمْ

Ясин – Қуръоннинг қалби. Бирор кимса уни ўқир экан, Аллоҳ таоло унга қиёмат куни мағфиратини зиёда қилиб бермасдан қўймайди. Уни маййитларингизга ўқинглар!” (Насоий, “ас-Сунан ал-кубро”, 1/10914; Табароний, 20/511; Аҳмад, 5/20315).

Абу Бакр ал-Халлол раҳимаҳуллоҳ деган зот ҳанбалий мазҳабининг улуғ олимларидан, салафи солиҳлардан бўлиб, 311 ҳижрий, яъни 924 милодий йили вафот қилган. У зотнинг айнан “Қабрлар олдида қироат қилиш” деб аталган асари бўлган. Унда қабристонда Қуръон ўқиш ва марҳумларга бағишлаш тўғрисидаги масалалар далиллари ва ҳадислари билан келтирилган. Унда айтилишича, ансор саҳобалар биров вафот этса, унинг қабри олдида ким Қуръон ўқиши тўғрисида талашиб қолишар эканлар.

Умуман олганда, ўтиб кетган мусулмонлар руҳига, марҳумларга бағишлаб Қуръон тиловат қилиш ва савобини бағишлаш, қабристонларда Қуръон тиловат қилиш мусулмон умматида аввалдан давом этиб келаётган диний қадриятдир. Мусулмонларда унинг ўзига яраша далиллари мавжуд. Мусулмонлар бекордан-бекорга минг йиллар давомида бундай диний қадриятларга амал қилиб келишмайди. Бироқ, бугунги кунда айрим одамлар бу борада турли ихтилофли гапларни топиб, мусулмонлар бошини қотириши яхшиликка эмас, албатта. Бу ерда келтирилганидан бошқа ҳам кўпгина далиллар мавжуд. Ушбу далиллар бир-бирини қувватлаб келади.

 

Ҳикматуллоҳ Абиев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar