ИСЛОМДА ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА ҲИЖРАТ ҚИЛИШ БУЮРИЛГАН?
Раддия
Бугунги кунда тинч мамлакатда яшаб келаётган мусулмонларни хориждаги жангарилар ҳузурига гўёки ҳижратга чиқиши фарз амал эканини даъво қилаётганлар Қуръоннинг “Нисо” сураси 97-оятини далил қилади: “Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?” – дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, – дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?” – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!”. Аслида ушбу оят аввал ислом динини қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлсада, милодий 624 йилда бўлиб ўтган Бадр жангида маккалик мушриклар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этган ва ўлдирилганлар ҳақида нозил бўлган.
Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг атрофларидаги барча саҳобалари – мусулмонлар билан бирга Макка шаҳридан Мадинага кўчиб кетишлари фарз қилинган эди. Шундан сўнг қарийб саккиз йил давомида мусулмонлар Мадинада куч-қудрат тўплаганларидан кейингина ўзларининг она ватанлари бўлган Макка шаҳрини фатҳ қилдилар. Макка фатҳ қилингандан сўнг шаръий ҳижрат ҳукми бекор қилинди. Чунки Маккада мусулмонларнинг эмин-эркин яшаб, дин арконларига амал қилишлари учун ҳамма имкониятлар вужудга келган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат учун байъат қиламан деб келган саҳоба Мужолидга:
لا هجرة بعد فتح مكة ولكن أبايعه على الإسلام
“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ! Лекин Ислом учун байъат қабул қиламан”, – деганлар (Имом Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 2913-ҳадис).
Ҳозирда ҳижрат фарз, деб даъво қилаётганлар мазкур ҳадиси шариф ҳақида ҳеч нарса демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ ва саҳиҳ ҳадисдир!
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотдан кейин ислом диёрларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга ҳудудларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон халифалик ҳудудига кўчиб келишларига чақирмаган ҳамда ўз юртларида яшашларини таъқиқламаган.
Тобеъинлардан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, – деганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу унга: لا هجرة اليوم – Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, – деганлар (Имом Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 3900-ҳадис).
Тарихдан маълумки, хаворижлар илк чиққан вақтда Басрадан чиқиб кетиб, ўзларининг ҳарбий қароргоҳларига жойлаша бошлаганлар. Одамларга: “Ҳижрат фарз. Биз билан ҳижрат қилинглар!”, – деб ҳаммани шунга даъват қила бошлаганлар. Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар деб аташаётганини айтибдилар. Шунда, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, – деганлар-ку!”, – дедилар (Имом Абдурраззоқ ривояти).
Мўмин-мусулмонлар қайси мамлакатда, ҳатто ғайридинлар кўпчиликни ташкил этадиган юртларда ҳам эмин-эркин ибодатларини адо этишга имкон топсалар, ундай диёрдан ҳижрат қилиш фарз ёки вожиб бўлмайди;
- мусулмонлар тинчлик ва хотиржамликда, ибодатларини тўла-тўкис бажариб турган диёрдан мусулмонлар ўзаро урушаётган, одамларнинг жони, моли ва номуси хатарда бўлган ҳудудларга боришлари “ҳижрат” ҳисобланмайди, балки фитнага аралашиб қолиш саналади ҳамда шаръан ман этилади;
- юртимиз ислом дини кириб келган даврдан буён “Ислом диёри” бўлиб келмоқда ҳамда мамлакатимизда ислом дини аҳкомларини мукаммал адо этиш учун барча шароитлар мавжуд;
- ҳозирги кунда бизнинг мамлакатдан “ҳижрат” қилиш фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Юртимиздан Сурия каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ҳудудга ёки бошқа ўлкаларга чиқиб кетмаган мусулмонлар гуноҳкор ёки кофир бўлмайди;
- мусулмонларга қарши фитналар уюштирилаётган ҳудудга бориб бегуноҳ одамларнинг жони, мулки ва номусига дахл қилганлар оғир гуноҳ содир этган ҳисобланади. Валлоҳу аълам.
Аббосхон Абдуллаев – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar