Сохта салафийлар томонидан айтилаётган: “Қалби мойил бўлган масалани хоҳлаган мазҳабидан олаверади”, деган даъво қанчалик тўғри?
Раддия
Одамларни бемазҳабликка чақириб келадиган сохта салафийлар сингари тоифалар: “Хоҳлаган одам ўзи истаган мазҳабига эргашиб кетаверади, ҳар ким масаланинг рожиҳ – мақбул ва маржуҳ – номақбул эканини ўзи аниқлаши керак. Бу борада у ўз қалби ва билимига эргашиши керак”, – деган фикрни илгари суриб келишади. Бу борада улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мана бу ҳадиси шарифларини суиистеъмол қилишдан ҳам қайтишмайди:
يَا وَابِصَةُ اسْتَفْتِ قَلْبَكَ، وَاسْتَفْتِ نَفْسَكَ " ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، " الْبِرُّ مَا اطْمَأَنَّتْ إِلَيْهِ النَّفْسُ، وَالْإِثْمُ مَا حَاكَ فِي النَّفْسِ، وَتَرَدَّدَ فِي الصَّدْرِ، وَإِنْ أَفْتَاكَ النَّاسُ وَأَفْتَوْكَ
“Эй Вобиса, қалбингдан фатво сўрагин!”, – деб уч марта айтдилар. Сўнгра бундай дедилар: “Яхшилик инсоннинг руҳи ором топадиган нарса, гуноҳ эса инсоннинг ичи (виждони) қийналадиган ва қалбда иккиланиш бўладиган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар, сенга фатво чиқариб бераверишади” (Аҳмад, 29/18006; Доримий, 3/2575).
Инсон қалбидан фатво олиши учун унинг қалби салим – соғлом бўлмоғи лозим. Аллоҳ таоло: إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ – “Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)”, – деганидек, соғлом қалб бу ерда айтиб ўтилган. Вобиса розияллоҳу анҳу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хос саҳобалари бўлиб, мазкур ҳадиси шарифнинг ўзида ҳам у зот муборак тиззаларини унинг тиззасига теккизган, муборак бармоқлари билан унинг кўкрагига нуқиб, ушбу ҳадисни айтган эдилар. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг файзлари унга бевосита ўтган эди. Шунинг учун ҳам, Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: “Бу қалби илм билан нурланган, аъзолари эса тақво билан зийнатланган зотларга тегишли ҳукмдир. Улар шубҳали ишларда соғлом қалблари орқали тўғри йўл топадилар”, – деганлар.
Бир йигит бирор фоҳишани ёки ахлоқи бузуқ ёки насабининг тайини йўқ қизни севиб қолса-ю, ақли унга уйланмасликни маслаҳат берса, лекин қалби унга ошиқлиги сабабли ҳеч қандай фатво ва маслаҳатларга қулоқ солмай, унга уйланишни маслаҳат қилса, шу пайт у қалбининг маслаҳатига ва қалбининг фатвосига амал қиладими?
Яна бир мисол. Инсоннинг қалби доим хоҳиш-истаклар пайида бўлади, роҳат-фароғат истайди, айш-ишратни кўнгли тусаб туради. У шу кўнгли ва қалбининг хоҳиш-истагини амалга ошириш мақсадида уламоларнинг ҳаром, макруҳ, шубҳали деган фатволарига амал қилмасдан, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қалбингдан фатво ол!”, – деган мазмундаги ҳадисига кўра амал қилмоқдаман, – деб айшу ишратига машғул бўлаверадими?! Демак, дунёдаги жами ақлли инсонларнинг мантиғига кўра, бу ҳадиси шариф бундай ҳолатлар учун тааллуқли эмас. Шундай экан, ҳадиси шарифнинг асл маъно-мазмуни Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтганидек, қалби маънан соғлом одамлар учун тааллуқлидир.
Мазкур ҳадиси шарифни суиистеъмол қилувчилар жумласидан бирор нарсада қайсидир имом-домлага бориб масала сўраса, имом-домла унинг кўнглидагидек ва хоҳишидагидек жавоб бермаса, бошқа имом-домлалардан ўзининг кўнглига ёқадиган жавоб олмагунча саволларини бераверадиган “кўнгил ошуфталари” ҳам ҳисобланади. Аслини олганда, бу инсоннинг қалби изидан юриш эмас, балки нафси-ҳавоси ортидан эргашишдир.
Шунинг учун инсон ўзига ишонган ва бутун мусулмонлар ишониб келган илм аҳлининг фатвоси ортидан эргашиши керак бўлади. Чунки у далилларга биноан ҳақни айтаётган бўлади. Лекин баъзида фатво бошқа, тақво бошқа ҳолатлар ҳам бўлиб қолади. Масалан, бутун мусулмонлар оммасини ўйлаган ҳолатда шубҳали нарсаларни қатъий ҳаром демасдан, уламоларимиз ҳалол, деб фатво берадилар. Жумладан, мусулмонлар бозорларида сотилаётган гўшт маҳсулотларини одатда ҳалол деб фатво чиқарилади. Лекин бозорга тушган ҳар бир инсон тўғри келган ердан бу гўшт ҳалол деб сотиб олиб кетавермасдан, шубҳали одамлар ва шубҳали гўштлардан савдо қилмасдан, ишончлисига юришини қабли тақозо қилади. Ана шу пайтда у олимларнинг фатвосига эмас, қалбининг фатвосига ва маслаҳатига қулоқ солиши керак бўлади. Юқоридаги ҳадиси шарифнинг асл маъноси ана шундай шубҳали ҳолатлар учун алоқадор ҳисобланади. Бу асло бемазҳаблик ёки ўзи истаган мазҳаб ортидан эргашиб кетавериш дегани эмас.
“Қалбингдан фатво сўрагин!” ҳадисини суиистеъмол қилишнинг кўринишларидан бири мазҳаблар орасида “талфиқ” қилишдир. Яъни, ўзи истаган масалада хоҳлаган мазҳабига эргашиб кетавериш ҳолатидир. Уламоларимиз буни мунофиқликка ўхшатишган. Масалан, аъзодан қон чиқиши бизнинг мазҳабда таҳоратни бузса, шофеъий мазҳабида таҳоратни бузмайди. Совуқ кунда таҳорат қилгиси келмаган намозхон қўли қонаса-ю, таҳоратни янгилашни истамай, шофеъий мазҳабига кўра таҳоратим бор, деб намоз ўқийверса, нима бўлади? У кўпроқ қалбига қулоқ солдими ёки нафсигами? Ёки айрим ҳайвон турлари ва жонзотлар бизнинг мазҳабда ҳаром ва макруҳ дейилган бўлса, бошқа мазҳабларда ҳалол ҳисобланади. У шуни ҳам татиб кўрай, бошқа мазҳабларда ҳалол-ку, деб ўшани еб кўрса, у қалбига қулоқ тутган бўладими ёки нафсигами?
Демак, инсоннинг ўзи олим ва илм аҳли бўлмаса, тақвоси ҳам илмга асосланган бўлмаса, у илм аҳлининг гапига қулоқ осиши ва уларнинг фатволарига кўра юриши даркор. Сохта салафийларнинг: “Қалби мойил бўлган масалани хоҳлаган мазҳабидан олаверади”, – деган даъвоси нотўғри эканлигини энг содда ва оддий мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қилдик. Чунки қалби салим – маънан соғлом бўлмаган одам қалбининг хоҳиш-истаклари ортидан кетиб, охир-оқибат қалби ва ақлининг эмас, нафсининг қулига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Аллоҳ таоло нафсга қул бўлишдан ўзи асрасин!
Ҳикматуллоҳ Абиев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar