Ихтилофий масалаларда ҳар доим ҳақ бир томонда бўлади, дейиш қанчалик тўғри?
Раддия
Мазкур савол ваҳҳобийларнинг ХХ асрдаги “муҳаддис” олимларидан бири Албоний томонидан: “Ҳақ фақатгина битта бўлади, у бир нечта бўлмайди. Шунинг учун, ҳар бир одам ҳақни излаб ўзи хоҳлаган ва ҳақ деб билган мазҳабга эргашиши лозим”, – деган гапидан кейин берила бошланди. Бу масала минг йиллардан бери уламолар орасида ўз ечимини топиб улгурган, лекин бугунги кунда ушбу Албоний томонидан бемазҳаблик тарғиб қилингандан кейин гўё долзарблик касб этган бўлиб кўринади.
Бу ерда билиб ва тушуниб олиш керакки, масалага иккита баҳсли томондан қарайдиган бўлсак, ҳақ икки томонда ҳам бўлиши мумкин. Демак, ҳақ битта эмас, балки бир нечта ҳам бўла олади. Бу далилларга ва уларнинг ҳаққонийлигига боғлиқ. Ҳар бир томон учун кучли ва ишонарли далиллар бўлар экан, уларнинг ҳар бири ҳақ бўлаверади. Бу ерда ҳақлик далиллар устига қурилган бўлади. Бир нарсанинг моҳиятига назар соладиган бўлсак, ўша нарса бир вақтнинг ўзида ҳам ҳақ, ҳам ноҳақ бўла олмайди. Масалан, нарса ҳам оқ, ҳам қора бўлмайди, бир ҳукм вожиб ва вожиб эмас, бўла олмайди. Ана шунинг учун ҳам, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тўғрисида: “Агар у мана бу устунни олтиндан эканини айтмоқчи бўлса, уни шак-шубҳасиз исботлай олар эди”, – деган эдилар.
“Ҳақ бир томонда бўлади”, – деган масаланинг асли аҳли суннат ва жамоат ақидавий китобларидаги: والمجتهدُ قد يُخطئ وقد يُصيبُ – “Мужтаҳид олим масалаларни гоҳида хато, гоҳида тўғри ижтиҳод қилиши мумкин”, – деган фикр асосида шаклланган. Мазкур матн “Ақоиди насафия”да бизнинг ватандошимиз Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ томонидан келтирилган бўлиб, у Темурийлар даври алломаси Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ томонидан шарҳлаб берилган.
Мазкур масаланинг ақидавий китобларда берилишининг энг асосий сабаби ва унинг аҳамияти шундаки, инсон мутаассибликдан холи бўлади ва радикал қарашлардан ўзини сақлай олади. Чунки унинг энг содда ва осон тушунадиган тушунчасини уламоларимиз: “Бизнинг мазҳабимиз ҳақ, лекин хато бўлиш эҳтимоли бор, бошқа мазҳаблар эса хато, лекин ҳақ бўлиш эҳтимоли бор”, – деб тушунтирганлар. Бу фикр “Ибодати исломия”да ҳам ўз аксини топган. Бу билан фақат ҳақ мен томонда, дейдиган радикаллашишдан инсон сақланади, ўзгаларнинг фикри ҳам тўғри бўлиш эҳтимолидан келиб чиқиб, уларни мутлақ инкор этишдан сақлайди, мазҳаблараро ҳақиқий бағрикенглик ана шу қараш сабабли юзага келади.
Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ мазкур масала бўйича “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”да: “Муайян масалада Аллоҳ таолонинг ҳукми аниқ бўлиб, у ҳақида эса, зонний далил мавжуд. Агар мужтаҳид олим ўша зонний далилдан ҳукмни топса, савобга эришади, агар топа олмаса, хато қилган бўлади. Аслида, ўша далилнинг махфий ва яширинлиги туфайли мужтаҳид олим ўша зонний далил билан ҳукмни топишга мажбур эмас. Шунинг учун, хато қилган мужтаҳид олим нафақат узрли, балки, ажр-савобга ҳам ҳақли бўлади”, – деб хулоса қилади. Бунга аллома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар ҳукмни тўғри топсанг, ўнта савобга эга бўласан. Агар ҳукмни хато топсанг, бир савобга эга бўласан”, – деган ҳадисларини далил келтирган.
Инсонни мутаассибликдан ва радикаллашишдан сақловчи қарашлардан бири мутасаввиф уламолар, тариқат намояндалари томонидан ҳам айтилган. Жумладан, Нажмиддин Кубро қуддиса сирруҳу: “Аллоҳ таолога олиб борувчи йўллар инсонларнинг нафаслари миқдоричадир”, – деганлар. Бу билан Аллоҳ йўлига тушган солик бошқа бир йўлдаги инсонни айбламайди, фақат меники ҳақ, бошқа сулукдаги инсон ноҳақ, деб қатъий айта олмайди. Зотан, Каъбатуллоҳга олиб борувчи йўллар ҳар хил бўлгани каби, Аллоҳ таолога етказадиган йўллар ҳам турли-тумандир. Фақат бу ерда йўлларнинг равонлиги, қулайлиги, мақсадгача бўлган масофанинг оз-кўплиги борасида баҳс бўлиши мумкин, холос. Мазҳаблар орасидаги фиқҳий масалалар ҳам шу тариқада бўлиб, ҳар бир мазҳабдаги фиқҳий қараш ўша мазҳабнинг ҳақ деб билган далилларига суянади ва асосланади. Бу билан нариги мазҳабнинг мутлақ ботиллиги ифода қилинмайди.
Шундай экан, ҳар бир мусулмон мутаассиблик гирдобидан сақланиши, радикализм исканжасидан омон бўлиши керак. Бунинг учун эса, ўзгалар фикри ҳам ўзининг фикри каби аҳамиятли ва асосли бўлиши мумкинлигини унутмаслик даркор. Ҳақиқат эса Яратган олдида маълум бўлади. Инсон ўз эътиқоди ва қарашларига жавобгар бўлади, холос.
Аминов Ҳамидулла – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar