03.06.2024

ИБН СИНОНИНГ ИСЛОМ ФАЛСАФАСИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ

Мовароуннаҳр диёри азал-азалдан дунёга беҳисоб аллома ва мутафаккирлар, муҳаддис ва файласуфларни етиштириб берувчи замин вазифасини бажариб келган. Бу ўлкада ислом дини кенг тарқала бошлаган вақтдан 100 йил ўтар-ўтмас илм-фаннинг турли соҳалари бўйича мусулмон дунёсида устоз даражасига кўтарилган олимлар етишиб чиқди. Жумладан, IX асрга келиб, минтақадан ҳадис илмининг султони, бутун мусулмон оламида Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба сифатида эъзозланадиган “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг муаллифи Имом Бухорий ҳамда ул зотнинг шогирди Имом Термизий етишиб чиққан бўлса, кейинги асрларда ҳам бу жараён узлуксиз давом этди. 

Мана шундай алломалар орасида “Шайху-р-раис” (Донишмандлар сардори) деган ном билан улуғланадиган Абу Али ибн Синонинг алоҳида ўрни бор. Тенгдошлари билан солиштирганда ғайриоддий ақл-заковатга эга бўлган Ибн Сино ёшлигидан Қуръонни ёд олган, тилшунослик, шеърият, тиббиёт, ахлоқ, мантиқ, фалсафа ва фиқҳ илмларини ўрганган. 

Тахминан 450 га яқин асар ёзган Ибн Сино асарларининг аксарияти Ўрта Шарқ илм-фан тили бўлган араб тилида, баъзилари эса форс тилида ёзилган. Унинг тиббиётга оид энг муҳим асарлари – “Китод аш-шифо” ва “ал-Қонун фи-т-тибб” Европа тиббиёт анъаналарига чуқур таъсир кўрсатган. Ғарбдаги тиббиётга ихтисослашган таълим муассасаларида XVII асргача асосий дарслик сифатида қўлланилган Ибн Сино асарлари қадимги юнон тиббиёт илми билимдонлари Гиппократ ва Гален каби муҳим ҳисобланади. Хусусан, унинг “ал-Қонун фи-т-тибб” асари вафотидан сўнг Испанияда лотин тилига таржима қилинган ва Европа университетларида дарслик сифатида ўқитилган.

Дарҳақиқат, ушбу аллома ўз давридаги кўплаб илм соҳалари билан шуғулланган, ушбу илмлар борасида ўхшаши йўқ асарлар ёзган. Шу билан бир қаторда, у ўзининг илмий фаолиятида фалсафа ва тиббиёт илмларига асосий эътиборини қаратган. Ибн Синонинг ислом тафаккури тарихида “Шайху-р-раис” деб номланиши ҳам аслида унинг ислом фалсафаси ривожидаги аҳамиятини тасдиқлайди. Демак, айтиш мумкинки, ислом тафаккурини чинакам идрок этиш учун Ибн Сино фалсафасини идрок этиш муҳимдир. 

Ибн Сино ислом фалсафасига, хусусан, мантиқ, ахлоқ ва метафизикага оид кўплаб асарлар ёзган. Улар орасида “Тадбирул манзил” (“Уй-жойни бошқариш одоби”), “ар-Рисола фи-л-ахлоқ” (“Ахлоқ ҳақида рисола”) кабилар алоҳида қийматга эга асарлардан ҳисобланади. Мазкур рисолаларда оила, унинг инсон ва жамият ҳаётидаги бебаҳо аҳамияти, оила бошлиғининг вазифалари, уй-жойни идора этиш шартлари, фарзанд тарбиясида амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар, эр зотининг ўзига жуфт танлашда эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар, инсон руҳиятига хос бўлган жиҳатлар, одоб-ахлоқ ҳамда гўзал фазилатлар муҳокама қилинган.

Ибн Сино фикрича, ахлоқли инсон аввало ўзи туғилиб ўсган жамият қонун-қоидаларига мувофиқ ҳаракат қилади ҳамда бу қоидаларни ўз ҳаётининг бош шиорига айлантиради. Аллома гўзал ахлоқни дин талаби сифатида қабул қилиб, ёмон ахлоқли одам яхши диндор бўла олмайди, деб таъкидлаган. У давлат тинч ва фаровон бўлиши учун халқ ахлоқий шахслардан иборат бўлиши керак, деб таъкидлайди. Шахсларнинг жамиятда тартибли яшаши учун бир қатор қоидалар зарур. Бу қоидалар диний қоидалар, ҳуқуқий қоидалар, урф-одатлар ва ахлоқий қоидаларидир. Ушбу қоидаларнинг асосий мақсади ижтимоий тинчликни таъминлаш, келажакка ишонч билан қарай оладиган бахтли инсонлар жамиятини яратишдир.

Ибн Синонинг деярли барча асарларида ахлоқ масаласига алоҳида аҳамият қаратилган. Аллома Аллоҳ таолони вожибу-л-вужуд сифатида тавсифлайди, ҳамма нарса Ундан келади. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдандир. 

Инсон бахтли бўлиши учун руҳини поклаши, хатти-ҳаракатларини назорат қилиши керак. Дин ва ахлоқ бир-биридан ажралмасдир. Ҳақиқий диндор бўлиш чинакам ахлоқли бўлишни англатади. Ахлоқсиз диндор бўлиши мумкин эмас. Файласуфнинг фикрича, дунёда кенг тарқалган ва асосий нарса эзгуликдир. Ёмонлик яхшиликка эҳтиёжнинг натижасидир. Инсон дунё ва охират саодатига эришиш учун илм ва гўзал ахлоққа эга бўлиши зарур.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ибн Сино илмий меросининг асосини ташкил этувчи ахлоқ ва фалсафага оид қарашлар бугунги кун жамияти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, жамиятда тинчлик, ижтимоий шериклик тамойилларининг устувор аҳамият касб этишида пойдевор бўлиб хизмат қилади.

 

Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar