ЭНГ АФЗАЛ ЖИҲОД – НАФСНИ ТАРБИЯЛАШДИР
Раддия
Бугунги кундаги жиҳодга тарғиб қилувчилар, одамларни илму ирфон ўрганишдан чалғитиб, ўзларининг ғаразли мақсадлари сари чақирадилар. Бунинг учун улар шариатимизда “жиҳоди акбар” (“катта жиҳод”) деб таърифланган нафс билан курашиш, нафсни поклаш, одоб-ахлоқли бўлиш каби фазилатларни гапирмасдан, бу борадаги гапларни заиф ва бўлмағурга чиқарадилар. Эътибор берсангиз, ана шу жиҳодчилар дунёдаги энг билимсиз “мусулмонлар”, энг одобсиз инсонлар, энг ахлоқсиз кишилар эканига гувоҳ бўласиз. Қилмишларида ҳам, гап-сўзларида ҳам, муомалаларида ҳам улар одоб-ахлоқ чегараларидан ташқаридаги каслар эканини кўрасиз. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларида ҳақиқий мужоҳид – жиҳод қилувчининг кимлигини бундай эканини билдирганлар: المجاهد من جاهد نفسه فى الله – “Мужоҳид Аллоҳ йўлида ўз нафсига жиҳод қилган кимсадир!” (Термизий, 4/1621; Аҳмад, 6/23997; Ҳоким, 1/24; Табароний, 18/796; Ибн Ҳиббон, 10/4624; Баззор, 2/3752).
Мазкур ҳадиси шарифни Имом Термизий (р.ҳ.) “саҳиҳ-ҳасан” деб таърифлаганлар, Имом ал-Бухорий (р.ҳ.) эса бобнинг сарлавҳаси сифатида келтирганлар.
Имом Ҳоким (р.ҳ.) ўзининг “ал-Мустадрак” асарида муҳаддис Имом Муслим (р.ҳ.) шартига кўра саҳиҳ, деб ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар баён қилинган:
الا أخبركم بالمؤمن من أمنه الناس على انفسهم و اموالهم و المسلم من سلم المسلمون من لسانه و يده و المجاهد من جاهد نفسه فى طاعة و المهاجر من هجر الخطايا و الذنوب
“Сизларга мўъмин ҳақида хабар бермайми?! У одамлар ўзларининг жонлари ва молларини ундан омонда деб биладиган кимсадир. Мусулмон эса бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кимсадир. Мужоҳид ўз нафсига тоат билан жиҳод қилган кимсадир. Муҳожир хатоликлар ва гуноҳлардан ҳижрат қилган кимсадир!” (Ҳоким, 1/24).
Ким тоат-ибодат қилиб, Аллоҳ йўлида нафси билан курашиб, нафсини пок тутиб, жидду жаҳд қилса, у жиҳод қилган мужоҳиддир!
Қаранг, ушбу саҳиҳ ҳадиси шарифга кўра, кечалари қийналиб, ширин уйқудан туриб таҳажжуд ўқийдиганлар мужоҳиддир; ёз ойларида рамазондан бошқа кунларда, иссиқ демасдан, чанқоқлик демасдан ойни ойга улаб рўза тутаётганлар мужоҳиддир; талабаликнинг ўта қийинчилиги-ю машаққатларига қарамасдан уни “олтин давр”га ўхшатиб шавқу завқ билан илм олаётган толиби илмлар мужоҳиддир; оиласининг ҳеч кимдан кам бўлмаслиги учун машаққатлар чекиб касбу кор қилаётган, уларнинг таълим-тарбияси борасида қайғураётган ҳалол косиб мусулмонлар мужоҳиддир; атроф-муҳитдаги ёқимсиз ҳар хилликлар, асабга тегувчи ҳолатлар, сабр косасини тўлдириб юборгудек аламли воқеа-ҳодисалар ва ҳоказо-ҳоказоларга сабру чидам билан умргузаронлик қилаётган оддийгина мўъмин мужоҳиддир; оиласи, ватани, элу юрти янада обод бўлиши учун ўзининг камтарона ҳиссасини қўшмоқ ниятида югуриб-елиб ҳаракат қилаётган инсон мужоҳиддир! Буни тушуниш учун катта ақл, кучли билим керак эмас!
Юқоридаги ҳадиси шарифни бошқа маънода деб, “жангу жадал майдонларига чиқиш учун ҳам нафсни енгиш ва нафс билан курашиш керак, демак, ҳадисда айтилганидек, жиҳод қилувчилар нафси билан курашувчилар”, деб гапни тамоман ўз фойдасига бурадиганлар ҳам топилади. Бироқ, мазкур ҳадиснинг маъно-мазмунини айнан биз тушунгандек, яъни, “нафс билан курашишни жангу жадал майдонлари ва жиҳод бўлаётган жойларда эмас, айнан тинч-тотув ва осойишта яшаётган халқлар орасида уддалаш керак”, деб англагандек тушунтирадиган ва қўллаб-қувватлайдиган бошқа ҳадиси шарифлар ҳам бор. Уларни бирма-бир ўқиб чиқсак, фойдадан холи бўлмайди.
1) Имом Термизий (р.ҳ.) “ҳасан-саҳиҳ” деб, Ибн Ҳиббон (р.ҳ.) “Бухорий ва Муслим шартига кўра саҳиҳ” деб қайд қилган ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра (р.а.) айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: ما يعدل الجهاد – “Жиҳодга нима баробар бўлади?” деб сўраганлар. Шунда, ул зоти шариф: “Унга сизлар тоқат қила олмайсизлар?” деб жавоб бермасликка ҳаракат қилганлар. Ҳа, инсонлар жиҳодга тоқат қилишлари мумкин, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган “катта жиҳод” бўлмиш ишга тоқат қила олмасликлари, қодир бўлолмасликлари мумкин. Шунинг учун ул зотдан саҳобалар қайта-қайта сўрайверганларидан кейин, ул зот бундай деб марҳамат қилдилар:
مثل المجاهد فى سبيل الله مثل القائم الصائم الذى لا يفتر من صلاة و لا صيام حتى يرجع المجاهد فى سبيل الله
“Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчининг ўхшаши то у қайтиб келгунча (уйида) намозга турадиган ва рўза тутадиган, намоз ва рўзасига путур етказмайдиган кимса кабидир!” (Термизий, 4/1619; Ибн Можа, 2/2754; Молик, 1/299, 956; Байҳақий, 9/18269-18270; Ибн Ҳиббон, 10/4621-4622).
Мазкур ривоятларда “ал-қонит би-оятиллоҳ” (“Аллоҳнинг оятларини ўқувчи”) жумласи ҳам ишлатилган (Муслим, 3/1878).
Ҳа, намоз ва рўзаларига путур етказмасдан ўқиб-тутиб, тинч ибодатини қилиб юрганлар мужоҳидлардир!
Имом Бухорий (р.ҳ.) ривоят қилишича, бир киши келиб, “Менга жиҳодга тенг ишни ўргатинг!”, – деганида ушбу ҳадисни айтганлари бошқа муҳаддислардан нақл қилинган (Бухорий, 4/2785; Насоий, 3/4336). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Сен бу ишни қила олмайсан!”, – деганлар. Кейин бундай деганлар:
اذا خرج المجاهد ان تدخل مسجدك فتقوم و لا تفتر و تصوم و لا تفطر
“Мужоҳид бўлиб чиқиб, масжидингга кириб қоим бўласан, намозга путур етказмайсан, рўза тутасан, рўзангни очмайсан”. Шуни айта туриб, “Ким ҳам бунга қодир бўла оларди?!”, – деганлар.
Бошқа ривоятларда эса бу шаклда келтирилган:
مثل المجاهد فى سبيل الله كمثل الصائم القائم الخاشع الراكع الساجد
“Аллоҳ йўлидаги мужоҳиднинг ўхшаши худди рўза тутувчи, кечалари турувчи, Аллоҳдан қўрқувчи, рукуъ қилувчи ва сажда қилувчи кабидир!” (Насоий, 3/4335).
Масжидга келиб илм-ирфон ўрганиш мужоҳидликдир. Бу маънодаги қуйидаги ҳадисни “аз-Завоид”да Имом Муслим (р.ҳ.) шартига кўра саҳиҳ экани қайд қилинган:
من جاء مسجدى هذا لم يأت الا لخير يتعلمه او يعلمه فهو بمنزلة المجاهد فى سبيل الله عزّ و جلّ و من جاءه لغير ذلك فهو بمنزلة الرجل ينظر الى متاع غيره
“Ким менинг ушбу масжидимга келса, у фақат яхшилик учун – илм ўрганиш ёки илм ўргатиш учун келса, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида жиҳод қилувчининг ўрнида бўлади. Кимки бундан бошқа мақсад билан масжидимга келса, у бошқа бир кишининг нарсасига қараб турган кимсанинг ўрнида бўлади” (Ибн Можа, 1/227; Ибн Ҳиббон, 1/87; Табароний, 6/5911; Байҳақий, ал-Одоб”, 2/861).
2) Бева-бечораларга, мискин ва фақирларга ёрдам бериш, уларнинг ҳожатини чиқариш ҳам саҳиҳ ҳадиси шарифларда мужоҳидлик билан тенглаштирилган:
الساعى على الأرملة و المسكين كالمجاهد فى سبيل الله
“Беваларга ва мискинларга ёрдам қилиб ҳаракат қилувчи худди Аллоҳ йўлида мужоҳид кабидир!” (Ибн Ҳиббон, 10/4245).
3) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни: “Роппа-роса тўқсон тўққиз хотиндан биттасигина жаннатга киради, қолганлари дўзахдадир!”, – дедилар. Бу гап муҳожир аёлларга жуда оғир ботди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар:
انّ المسلمة اذا حملت لها اجر القائم الصائم المحرم المجاهد فى سبيل الله تعالى فاذا وضعت فانّ لها فى اوّل رضعة اجر حياة نسمة
“Муслима аёл қачон ҳомиладор бўлса, унга кечалари қоим бўлиб намоз ўқиб чиққан, кундузлари рўза тутган, ҳажга бориб эҳром боғлаган ва Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилган мужоҳиднинг ажри берилади. Қачон у боласини туғса-ю, уни илк бор эмизса, унга бир жонга ҳаёт бағишлаганнинг савоби берилади” (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. “ал-Матолиб ал-олия”, 2/1763).
Эй, нодон аёл! Тинч-тотувликда, оила ва юрт бағрида бола туғиб, бир жонга ҳаёт бағишлаб, бола тарбияси билан ҳаёт кечирмасдан қаёққа кетдинг?!
4) Аёллар келиб, “Эй, Расулуллоҳ! Эркаклар фазилатли бўладилар, жиҳодга борадилар. Бизларга ўз уйимизда туриб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилганнинг фазилатини топа оладиган бирор амалга буюринг!”, – дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар:
مهنة احداكنّ فى بيتها تدرك به عمل المجاهد فى سبيل الله
“Сизларнинг бирортангиз ўз уйида қилган меҳнати Аллоҳ йўлида мужоҳид амалининг савобини топишига сабаб бўлади” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 3/2807).
Аёлларнинг ўз уйларидаги, оилалари бағридаги машаққатли, аламли, оғир меҳнатлари жиҳод билан тенгдир!
5) Бир киши келиб, “Мен жиҳодга чиқишни хоҳлайман!”, – деган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онанг тирикми?” деб сўраганлар. У: “Ҳа!” деб жавоб берганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деб марҳамат қилганлар: إرجع اليهما فان فيهما المجاهد – “Орқангга қайт, чунки, мужоҳидлик ота-онанг олдидадир!” (Байҳақий, 9/17606).
Хулоса шуки, мусулмон киши онгли бўлиши керак. Жиҳод деса қўлига қурол олиб, югуриб кетавермаслиги лозим. Энг аввало у ўзини тарбия қилиши, нафси билан курашиб, нафсини ўз измига сола билган бўлиши керак. Нафси изидан эргашганлар, нафси бузуқлар, нафсини тарбия қила олмаганлар бугун исломни ёмон кўрсатаётган, мусулмонларни террорист ва бузғунчи деб ҳаммани қўрқитиб, исломофобияни кучайтираётган нокаслардир. Улар дину диёнатга эмас, шайтонга хизмат қилаётган ношудлардир. Зотан, ҳаққоний мусулмон ва ҳақиқий мужоҳид ўз нафси билан курашиб уни енгган кишидир. Навоий бобомиз айтганларидек:
Беша шерин гар забун қилсанг шижоъатдин эмас,
Нафс итин қилсанг забун, оламда йўқ сендек шужоъ.
Яъни, ўрмондаги шерни енгиб, ер тишлатсанг, бу баҳодирлик ва қаҳрамонлик бўлмайди. Ҳақиқий қаҳрамонлик ўз ичингдаги нафс итини енгишингдир. Агар нафсингни ўзингга бўйсиндира олсанг, оламда сендан улуғ қаҳрамон йўқ. Чунки “Қиссаи Рабғузий”да айтилганидек, битта нафснинг қилган ишини етмиш икки шайтон ҳам қила олмайди.
Ҳамидулоҳ Аминов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar