ҚУРБОНЛИКГА ДОИР МУҲИМ МАЪЛУМОТЛАР
Аллоҳ таолога ҳамду санолар сарвари оламга дуруду саловотларимиз бўлсин. Маълумки исломда вожиб бўлган улуғ амаллардан бири Қурбонлик қилишдир. Қурбонлик ҳайит кунларида махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир.
Аллоҳ таоло ояти каримасида марҳамат қилади: “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси, 2-оят).
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қилардилар ва бошқаларни ҳам курбонлик қилишга тарғиб этардилар. Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Арафотда турган эдик. Мен у зотнинг “Эй одамлар ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик лозимдир” деганларини эшитдим. Бошқа бир ҳадисда :“Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар
Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун киши энг аввало: Мусулмон бўлиши, Озод бўлиш, Нисоб эгаси бўлиш, Муқим бўлиш яъни мусофирга қурбонлик вожиб эмасдир.
Қурбонлик қуйидаги ҳайвонлардан бирини сўйиш билан адо топади:
Қўй, эчки, қорамол, қўтос ва туядир. Ушбу ҳайвонлардан бошқа ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди.Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам урғочиси ҳам бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса бўлаверади
Қўй ва эчкида ёлғиз бир киши, қорамол, қўтос ва туяда эса бир кишидан етти кишигача шерик бўлиб адо қилишлари мумкин. Қўй олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт. Қорамол ва қўтосда икки ёш ва ундан катта бўлиши шарт, туя беш ёш ва ундан катта бўлиши шарт.
Шу билан бирга, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон семиз, йўғон ва ёши катта бўлиши афзал саналади. Қурбонликка ярамайдиган айби ёки нуқсони бор ҳайвонларни сўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда туриб: “Тўрт нафар ҳайвон қурбонликка ярамайди: кўзи кўрлиги билиниб турган (айбли) ҳайвон, касали зоҳир касал ҳайвон, чўлоқлиги зоҳир чўлоқ ва ўрнидан тура олмайдиган ўта озғин ҳайвон”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Курбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қулоғи, ёки думи, ёки кўзининг бир қисмидан кўпроғи йўқ бўлса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бора олмаса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Аллоҳ таоло қилаётган ҳар бир амалимиз қаторида ушбу қурбонликларимизни ҳам Ўзининг ризолиги учун қилинган ибодатлар қаторида қабул айласин!
Насрулло Тўхтаев - Таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий бўлим бошлиғи
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar