ҚУРЪОНДАГИ ҲИЖРАТ СЎЗИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ
Раддия
Энг аввало, “ҳижрат” сўзининг луғатдаги маъносини айтадиган бўлсак, у “кўчиб кетиш”, “эмиграция, миграция”, “асосий яшаш жойини ўзгартириб, бошқа жойга кўчиш”, “прописка – яшаш манзилини ўзгартириш”ни билдиради. Бирор нарсани тарк этиш, ташлаб кетиш, бировдан узоқлашиш ҳам “ҳижрат” ҳисобланади. Ана шунинг учун, мумтоз адабиётимизда узоқ айрилиққа “ҳижрон” дейилган.
Ислом тарихида Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалари билан бирга вазият тақозосига кўра ўзлари туғилиб-ўсган Макка шаҳридан Мадина шаҳрига бутунлай кўчиб ўтганлари “ҳижрат” ҳисобланади. Ана шу кўчиб ўтган санадан мусулмонлар ўзларининг ҳижрий тақвимларини, яъни мусулмонлар календарини юрита бошлаганлар. Ҳижрий йил ана шундан бошланган ва масалан ҳозир 1445 ҳижрий йил бўлди.
Қуръон оятларида ҳижрат деганда бирор шахснинг зарурат тақозосига кўра ҳаёти ва эътиқодига хатар етган пайтда бошқа тинч жойга кўчиши назарда тутилади. Исломнинг илк даврида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зотга эргашувчи мусулмонларга маккалик мушрикларнинг тазйиқи ҳаддан ошиб кетди. Ҳатто жонларини асраш амри маҳол бўлиб қолди. Бундай даврларда ҳар қандай мусулмон эмин-эркин диний эътиқод қилиши у ёқда турсин, динини ўзгаларга тарғиб ва ташвиқ қилиб, мусулмонликнинг буюк таълимотларини одамларга етказиш у ёқда турсин, жони ва молини омон сақлаш қийин бўлиб қолади. Ана шундай даврда мусулмонликни кенг ёйиш зарурати ҳам бор эди. Ана шу зарурат сабабли Аллоҳ таоло ўша давр мусулмонларига Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан бирга кўчишни фарз қилди. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўз юрти ва ўз қавмидан бўлган қўллаб-қувватловчи мусулмонлар лозим эди. Шунинг учун, Аллоҳ таоло узрсиз ҳижратдан қолмоқчи бўлганларни бундай огоҳлантирди:
إِنَّ الَّذِينَ تَوَفَّاهُمُ الْمَلَائِكَةُ ظَالِمِي أَنْفُسِهِمْ قَالُوا فِيمَ كُنْتُمْ قَالُوا كُنَّا مُسْتَضْعَفِينَ فِي الْأَرْضِ قَالُوا أَلَمْ تَكُنْ أَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةً فَتُهَاجِرُوا فِيهَا فَأُولَئِكَ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَسَاءَتْ مَصِيرًا
“Албатта, ўзларига (ҳижратдан бош тортиб) зулм қилувчиларнинг жонини олган фаришталар (уларга): «Қайси ҳолда бўлдингиз?», – десалар, улар: «Ер юзида бечораҳол эдик», – деб айтадилар. (Фаришталар): «Аллоҳнинг ери унда ҳижрат қилишларинг учун (етарлича) кенг эмасмиди?», – дейдилар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар нохуш жой у!” (“Нисо” сураси, 97 оят).
Айрим оятлар ушбу ҳижратнинг баъзи бир инсонлар учун ихтиёрий эканлигига ишора қилади. Масалан, “Нисо” сурасининг 98-99 оятлари шу ҳақида:
إِلَّا الْمُسْتَضْعَفِينَ مِنَ الرِّجَالِ وَالنِّسَاءِ وَالْوِلْدَانِ لَا يَسْتَطِيعُونَ حِيلَةً وَلَا يَهْتَدُونَ سَبِيلًا فَأُولَئِكَ عَسَى اللَّهُ أَنْ يَعْفُوَ عَنْهُمْ وَكَانَ اللَّهُ عَفُوًّا غَفُورًا
“Фақат бирор чора-тадбирга қодир бўлмаган ва (ҳижратга) йўл топа олмайдиган ночор эркак, аёл ва болалар борки, айнан ўшаларни, шояд Аллоҳ афв этса. Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчи зотдир” (“Нисо” сураси, 98-99 оятлар).
Аллоҳ таоло узрли ва касалманд кишилар ҳижратни ният қилиб йўлга чиқса-ю, мақсадига ета олмай йўлда вафот этиб қолса, нима бўлишини кейинги оятда айтиб ўтган:
وَمَنْ يُهَاجِرْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ يَجِدْ فِي الْأَرْضِ مُرَاغَمًا كَثِيرًا وَسَعَةً وَمَنْ يَخْرُجْ مِنْ بَيْتِهِ مُهَاجِرًا إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ ثُمَّ يُدْرِكْهُ الْمَوْتُ فَقَدْ وَقَعَ أَجْرُهُ عَلَى اللَّهِ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا
“Кимда-ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер (юзи)да кўп бошпана ва кенглик топади. Ҳар ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сари ҳижрат қилиб, (ўз) уйидан чиқса-ю, сўнгра (йўлда) унга ўлим етса, албатта, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли зотдир” (“Нисоа” сураси, 100 оят).
Ўша давр мусулмонлари учун ҳижрат фарз бўлгани сабабли узрсиз ҳижрат қилмай қолганлар билан дўстлашиш ҳам ман қилинди:
“Имон келтиргану, лекин ҳижрат қилмаганлар, то ҳижрат қилмагунларига қадар, улар билан дўстлик қилиш сизлар учун жоиз эмасдир. Агар (улар) сизлардан дин хусусида ёрдам сўрасалар, уларга ёрдам бериш сизнинг зиммангиздадир” (“Анфол” сураси, 82 оят).
Бу тадбирларнинг ҳаммаси ҳаётий эҳтиёж ва зарурат юзасидан вақтинчалик бўлганди. Буни Пайғамбаримиз алайҳиссалом жуда теран англаганлар. У зотнинг ҳадиси шарифлари Қуръони каримнинг тафсири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам у зоти бобаракот: لَا هِجْرَةَ بَعْدَ الْفَتْحِ – “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, – деб марҳамат қилганлар (Бухорий, 4/2783). Яъни, Макка фатҳ қилингандан кейин бутун Арабистонга ислом ёйилгандан кейин мусулмонларнинг ҳаётига ва диний эътиқодларига тажовуз йўқолди. Натижада, ҳижратдан кўзланган мақсад ҳам ўз-ўзидан йўқолди. Яъни, ҳижратдан маъно қолмади. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратнинг тугатилганини эълон қилдилар. Кейинчалик Ойша розияллоҳу анҳо ўз шогирдларига ҳижратнинг маъно-моҳиятини бундай тушунтирганлар:
لَا هِجْرَةَ الْيَوْمَ، كَانَ الْمُؤْمِنُونَ يَفِرُّ أَحَدُهُمْ بِدِينِهِ إِلَى اللهِ تَعَالَى وَإِلَى رَسُولِهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، مَخَافَةَ أَنْ يُفْتَنَ عَلَيْهِ، فَأَمَّا الْيَوْمَ فَقَدْ أَظْهَرَ اللهُ الْإِسْلَامَ، وَالْيَوْمَ يَعْبُدُ رَبَّهُ حَيْثُ شَاءَ، وَلَكِنْ جِهَادٌ وَنِيَّةٌ
“Бугун ҳижрат қилиш йўқ! Мўъмин-мусулмонларнинг бирлари ўз дини учун, ўзларига бирорта фитна бўлишидан қўрқиб Аллоҳ таоло ва унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига қочар эдилар. Бугун эса Аллоҳ исломни зоҳир қилди. Бугун банда раббисига хоҳлаганча – хоҳлаган жойда ибодат қилади. Лекин (ватани ва дини учун) жанг ва (хайрли ишларни амалга ошириш учун) ният бор, холос” (Бухорий, 5/3900).
Юқорида биз ҳижратнинг “бирор нарсани тарк этиш, ташлаб кетиш, бировдан узоқлашиш” маъноси борлигини айтган эдик. Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: لَا هِجْرَةَ بَيْنَ الْمُسْلِمِينَ فَوْقَ ثَلَاثٍ – “Мусулмонлар орасида уч кундан ортиқ ҳижрат йўқ!” деганларида ҳижрон назарда тутилган. Яъни, мусулмонлар ёки эр-хотин ўзаро урушиб, ўзаро гаплашмай, бир-биридан хафа бўлиб юриши уч кунгача мумкин, ундан ортиғи мумкин эмас. Демак, бу ерда ҳижратнинг “узоқлашиш ва ташлаб кетиш” маъноси бор.
Ҳижратнинг энг асосий маъноларидан бири “тарк этиш” бўлиб, у мусулмоннинг гуноҳларни тарк этишидир. “Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадисга кўра, бунинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деб тушунтирганлар:
الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللهُ عَنْهُ
“Мусулмон бошқа мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлганларидир. Муҳожир эса Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқлашиб тарк этган кишидир” (Бухорий, 1/10).
Демак, гуноҳ ва маъсиятларни тарк этиш ҳақиқий ҳижрат бўлар экан. Инсон гуноҳ кўпайиб кетгани учун, атрофидаги одамларнинг гуноҳга ботиб кетгани учун яшаб турган асл ватанини ташлаб кетавермайди. Чунки барча жойларда ўзига яраша гуноҳкорлар ва гуноҳга муккасидан кетганлар топилади. Шунинг учун, саҳиҳ ҳадисда: الْعِبَادَةُ فِي الْهَرْجِ كَهِجْرَةٍ إِلَيَّ – “Нотинч замондаги ибодат менга ҳижрат кабидир”, – дейилган (Муслим, 8/2948; Термизий, 4/2201). Бу ерда биз “нотинч замон” деб таржима қилган сўз ҳақида “Сунани Термизий”даги бир ҳадис бундай шарҳлайди:
إِنَّ مِنْ وَرَائِكُمْ أَيَّامًا يُرْفَعُ فِيهَا العِلْمُ وَيَكْثُرُ فِيهَا الهَرْجُ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللَّهِ، مَا الهَرْجُ؟ قَالَ: القَتْلُ
“Албатта, сизларнинг орқаларингизда ҳали бир кунлар келади. Ўшанда илм кўтарилган ва нотинчликлар кўпайган бўлади”. Саҳобалар: “Нотинчликлар деганингиз нимаси?”, – деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қотилликлар”, – деб жавоб бердилар” (Термизий, 4/2200).
Демак, юқоридаги қисқача маълумотлардан шу нарсани хулоса қилса бўладики, Қуръони каримдаги ҳижрат муайян бир давр – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобалари билан бирга Макка шаҳридан Мадина шаҳрига кўчиб ўтишлари билан боғлиқдир. Ўша давр мусулмонлари учун ҳижрат фарз қилинган эди. Макка фатҳ қилиниб, эмин-эркинлик даври бошланганидан кейин эса ҳижрат тўхтатилди. Яъни, ҳижратнинг фарз бўлиш ҳукми бекор қилинди, мансух бўлди. Макка фатҳидан кейинги даврлардан бери то қиёматгача мусулмонларнинг ҳижратнинг гуноҳлардан сақланиш, маъсиятларни тарк этиш, Аллоҳ таолонинг ибодати билан машғул бўлиб, бошқа чалғитувчи ва ўткинчи ҳою ҳавасларни тарк қилиш маъноси сақланиб қолди. Аллоҳ бизга гуноҳларни тарк этиб, маъсиятлардан ҳижрат қилиб, Аллоҳ таолога юзланиб, унинг ибодати билан яшаш бахтини насиб қилсин.
Ҳикматуллоҳ Абиев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar