САЛАФИ СОЛИҲЛАР ФАҲМИ
Раддия
Албатта, биз Аллоҳ таоло томонидан ваҳий бўлган ҳар бир оятни ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаган ҳар бир ҳадисни авваламбор саҳобалар фаҳми билан ва уларга эргашган тобеъин ва табаъ тобеъинлар фаҳми билан тушуниб, улар қандай амал қилган бўлсалар, худди шундай амал қилишимиз вожиб бўлади.
Бу ҳақда аллома Қалшоний Моликий шундай дейди: “Салафи солиҳлар шариат илмида энг аввалги пешқадам кишилардир. Аллоҳ таоло уларни Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатида бўлишни ихтиёр қилди. Шу сабаб уларнинг қилган нақлларига ва амалларига эргашиш улар ҳаққига истиғфор айтиш вожибдир”.
Ибн Ҳажар Оли Бутомий салафи солиҳ ҳақида шундай дейди: “Салафи солиҳ деганда кибор саҳобалар ва тобеъинлар ҳамда уларга эргашганлар, бидъат билан айбланмаган ва хавориж фитнасидан омон қолган дин имомларини билишимиз керак”.
Салафи солиҳнинг фаҳми нима учун муҳимлигини алломаларимиз қуйидаги сабаблар билан изоҳлашади.
- Улар инсонларнинг энг сийрати покроғи, энг илмлиси ва қалби холисроғидир.
- Улар Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳамсуҳбат бўлиб, бирга курашдилар ва у зотнинг сийратини яқиндан билдилар.
- Аллоҳ таоло уларнинг пайғамбар алайҳиссалом билан суҳбатдош бўлишини ихтиёр қилди.
- Аллоҳ таоло уларга закийликни берди ва кўплаб оятларда улардан рози эканлигини билдирди.
- Пайғамбар алайҳиссалом уларга эргашишни буюрди.
- Улар Аллоҳнинг динида бидъат ишни қилмадилар ва уларнинг ижмоъ билан берган фатвоси қатъий ҳужжат ҳисобланади.
- Улар умматнинг энг яхшиси ва энг фақиҳ инсонлари ҳисобланадилар.
- Улар Қуръони карим луғатини энг яхши билувчи инсонлар бўлишган.
- Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларни қиёмат кунида нажот топувчи эканликларини зикр қилганлар.
Салафи солиҳлар ҳақидаги оятнинг бири:
وَالسَّابِقُونَ الْأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُم بِإِحْسَانٍ رَّضِيَ اللَّـهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيم
Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимдан ривоят:
خير أمتي قرني ثم الذين يلونهم ثم الذين يلونهم
Умматнинг яхшиси менинг асримдагиси, сўнгра унга эргашганлар, сўнгра уларга эргашганлар.
Биз бир нарсани жуда яхши билишимиз керак. Қачонки биз Қуръон ва ҳадисни салафи солиҳлар фаҳми билан тушунсак, биз тўғри, ҳақ йўлдамиз. Кимки Қуръон ва ҳадисни ўз фикри ва ғоясига мослаштирса, тўғри йўлдан чиқади ва фирқага айланиб қолади. Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлидан адаштирмасин.
Улжаев Умарали – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar