24.06.2024

ВАФОТ ЭТГАН КИШИГА ҚУРЪОН ТИЛОВАТИ САВОБИНИ БАҒИШЛАШ ЖОИЗМИ?

Раддия

Ўликларга савобли амалларнинг савобларини бағишлаш жоизлиги ва бу билан савоблар марҳумларга етиб бориши мумкинлиги аҳли суннат ва жамоа эътиқодидаги мусулмонларнинг қарашларидир. Бунга айрим олимлар ва гуруҳлар қарши чиқадилар, холос. Мавзунинг нақадар долзарблигидан келиб чиқиб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам бир неча бор бунга мурожаат қилганлар. “Зикр аҳлидан сўранг...” даврий нашрларнинг бир қанча сонида бу борада муфассал далиллар ва қониқарли жавоблар эълон қилинган (Қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Зикр аҳлидан сўранг...”. № 9. – Б. 41-45; № 4. – Б. 33-39; № 36. – Б. 32-48; № 38. – Б. 16-23; № 55. – Б. 39-44; № 77. – Б. 3-6; № 93. – Б. 4-19). 

Ушбу мавзудаги далиллардан келиб чиқиб марҳумларга дуои хайр қилиш, барча хайрли амалларнинг савобларини бағишлаш мумкин. Бинобарин, умумийликдан келиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳларига ҳам савобларни бағишлаш жоиз бўлади.

Савоб бағишлаш мумкин бўлган ибодатларга тиловати Қуръон, рўза, ҳаж, садақа, намозлар ҳам киради. Бинобарин, намоз ўқиб, савобини бошқаларга бағишлашнинг имконияти бор (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1910. – Б. 63). Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ фикрича, ҳатто фарз ибодатларнинг савобини бошқаларга бағишлаш мумкин, нафл ибодатларнинг савобини эса батариқи аъло бағишлаш мумкин бўлади (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1910. – Б. 64).   

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига қироат қилиб, унга савобини бағишлашни Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ мумкин эмас, деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, ул зотнинг баланд мақомлари буни қабул қилишга муносиб эмас, бу борада фақат изн берилган нарсаларни – саловот айтиш ва азондан кейин васила сўрашни жоиз дейиш мумкин. Унинг бу гапига Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ кучли раддия бағишлаган ва махсус изн шарт эмас, деб таъкидлаган. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган хайрли замонларда яшаган салафи солиҳлар ул зотга бағишлаб хайрли амалларни адо қилиб келганлар. Жумладан, ўзининг кучли тақводорлиги, суннатга маҳкам боғланганлиги билан шуҳрат қозонган саҳоба Ибн Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин унга бағишлаб умра амалини адо қилганлар. Ҳолбуки, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васият қилмаган эдилар. Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳнинг замондоши Ибн ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ эса етмишта ҳаж қилиб, унинг савобини айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаган. Ибн ас-Сирож раҳимаҳуллоҳ эса ўн минг марта Қуръонни хатм қилиб, савобини айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаган, ул зоти шарифга савобини атаб жуда кўп миқдорда қурбонлик қилган. Шунга кўра, ҳанбалий олими Ибн Ақил раҳимаҳуллоҳ айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга савобларни ҳадя ва туҳфа қилишни мустаҳаб, деган (Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 3-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 153).   

“Туҳфаи расул”га эътироз билдирувчилар: “Мазкур намозни ўқийдиганлар: “Биз шомдан кейин икки ракъат намоз ўқиб, савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаймиз”, – дейишади, холос. Дунё ва охират сарвари барча гуноҳлардан маъсум бўлса, сизу бизнинг намозимиз савобига ҳожатлари йўқ. Ё бизнинг савобларимиз ошиб-тошиб кетдими?!”, – дейишлари мумкин. Аслида, савобни Набий алайҳиссаломга бағишлаш асло у зотнинг бунга ҳожати борлигидан эмас. У кишининг саловот айтишимизга ҳам ҳожатлари йўқ, лекин биз саловот айтаверамиз. Биринчи ўринда шу айтган саловотларимиздан ўзимиз фойда топамиз. Тиловат қилиб ёки бошқа ибодат амалини қилиб бошқаларга бағишлашдан ўша қилган одамга ҳам савоб бор, албатта. Савобга ўзимиз муҳтожмиз, деб ўзимиз ҳақимизгагина дуо қилмаймиз, бошқаларнинг ҳам, хусусан, марҳумларнинг ҳам ҳақларига дуолар қилаверамиз. Ўзимизга ҳам ўшандан фойда бор. Энди, савоб бағишлашга ва дуо қилишга марҳумлар орасида энг ҳақлиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмасмилар?! Шунинг учун тарихда ўтган Абу-л-Аббос ал-Мубаррад раҳимаҳуллоҳ, Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ каби олимлар саловотларнинг савоби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эмас, айтувчи кимсага оиддир, деган бўлсалар, Имом ал-Қушайрий раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Қуртубий раҳимаҳуллоҳ кабилар эса саловот айтилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, саловот айтувчи ҳам манфаат олади, деганлар (Ибн Обидин. Ар-Радд ал-муҳтор. 2-жуз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 228).

Имом Раббоний раҳимаҳуллоҳ Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга хайр-эҳсон ва яхши амаллари савобини бағишлаш борасида бундай деган: “Садақаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя ва туҳфа қилиш баракоти ва файзидан ҳадя ва туҳфа қилувчи ҳам манфаат ва фойда олади. Шунинг учун ўликларга бирор савобни бағишлаётганда энг аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга алоҳида туҳфа қилиши лозим. Зотан, бошқа одамларнинг ҳақларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақлари юқоридир. Яна ул зоти шарифнинг ҳурматлари ва туфайлиларидан қилинган савобли иш қабул бўлгусидир. Агар хайр-эҳсон қилишда ниятларини тўғрилай олмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлашни ният қилсин, шунинг баракотидан агарчи ўша иш риё билан бўлса-да, мақбул ҳисобланади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга савоб етиб боради” (Имом Раббоний. Мактубот. 3-жилд. – Деҳли: Муртазавий, 1260. – Б. 56-57).   

Расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айнан намознинг савобини бағишлаш мумкинлиги борасида қорилар сардори Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳунинг ҳадиси далил бўлади:

قال أبي قلت يا رسول الله إني أكثر الصلاة عليك فكم أجعل لك من صلاتي فقال ما شئت قال قلت الربع قال ما شئت فإن زدت فهو خير لك قلت النصف قال ما شئت فإن زدت فهو خير لك قال قلت فالثلثين قال ما شئت فإن زدت فهو خير لك قلت أجعل لك صلاتي كلها قال إذا تكفى همك ويغفر لك ذنبك  

“Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу: “Эй, Расулуллоҳ! Мен сизга кўп намоз ўқийман. Намозимнинг қанча қисмини сизга бағишлай?”, – деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хоҳлаганингча қилавер!”, – дедилар. Убай: “Тўртдан бирини бағишлайман”, – деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хоҳлаганингча қилавер! Агар бундан ҳам кўпайтирсанг, ўзингга яхши бўлади”, – дедилар. Убай: “Ярмини бағишлайман”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хоҳлаганингча қилавер! Агар бундан ҳам кўпайтирсанг, ўзингга яхши бўлади”, – дедилар. Убай: “Учдан иккисини бағишлайман”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хоҳлаганингча қилавер! Агар бундан ҳам кўпайтирсанг, ўзингга яхши бўлади”, – дедилар. Убай: “Намозимнинг ҳаммасини сизга бағишлайман”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шундай қиладиган бўлсанг, ғамингга кифоя бўлади, сенинг гуноҳларингга мағфират бўлади”, – деб марҳамат қилдилар” (Термизий, 4/2457; Ҳоким, 4/3578).

Имом Термизий ушбу ҳадисни ҳасани саҳиҳ, деган. Мазкур ҳадис матнидаги “солат” сўзини ҳадисшунослар намоз, саловот ва дуо деганлар.

Демак, қандайдир намознинг, масалан, шомдан кейинги икки ракъат намознинг савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаш, туҳфа қилиш мумкин бўлади.     

Гарчи асосий далил сифатида ишлатиш мумкин бўлмаса-да, қўшимча равишда зикр қилиш ўринли бўладиган битта воқеа ҳам бор. Ишончли бир банда айтади: “Рамазон кунларининг бирида қайлула вақтида ухлаб, тушимда оламларга раҳмат бўлмиш зоти шариф – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Ул зот Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари билан бирга эдилар. Салом-аликдан сўнг узоқ суҳбатлар бўлди. Суҳбат асносида мен: “Эй, Расулуллоҳ! Аҳли суннат ва жамоа эътиқодидагилар савобларни марҳумларга бағишлашни жоиз деб биладилар. Бир гуруҳ жамоа эса бу нарса жоиз эмас, деб ҳукм қилганлар. Қуръон ўқисалар, унинг савобини марҳумларга бағишлаш мусулмонлар орасида одат тусига кирган. Шу жумладан, Қуръон ўқилгандан сўнг энг аввал Сиз ҳазрати олийларига савоб бағишлайдилар. Бу нарса Сизга етиб борадими?”, – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, албатта. Ўша гуруҳнингина савоблари етиб бормайди, холос”, – дедилар. Шундан сўнг мен: “Эй, Расулуллоҳ! Айрим сўфийлар шом намозидан кейин “туҳфаи расул” деган икки ракъатли намоз ўқиб, унинг савобини Сизга бағишлайдилар. Мен ҳам гоҳ-гоҳида шундай қилиб тураман...”, – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни эшитиб ниҳоятда хурсанд бўлиб кетдилар, юзларидан ғоят даражада шод бўлганлари билиниб турарди. Ул зоти шариф: “Умматларим орасида шундай қиладиганлари ҳам бор-а!”, – деб Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳга юзланиб, бу ишни маъқуллаганларини билдирдилар”.     

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳар қандай савобли ишни қилиб савобини ўтганларга бағишлаш мумкин. Бу иш билан инсоннинг ўзига ҳам, марҳумга ҳам савоб ёзилади.

 

Абдуллаев Ботиржон – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar