СУҲБАТ ОДОБИ
Инсон табиатида дўстлашиш, одамларга аралашиш, улар билан яхши муносабат ўрнатишга мойиллик мавжуд. Ҳар бир инсон ўзига ўхшаган инсонлар билан учрашиш, дўстлашиш, жамланиш, яхши алоқалар ўрнатиш ва улфат бўлишни истайди. Шу билан бирга, инсон зоти ёлғизликни, барчадан четда бўлишни, одамларга қўшилмасликни ёқтирмаслиги ҳам табиий. Инсонлар бирга бўлганларида, ўзаро ҳамсуҳбат бўлиб, омонликни ҳис қиладилар, бир-бирларидан маънавий ҳаловат топадилар. “Суҳбат”ни сўзлашув деб тушунмаслик керак. “Суҳбат” асли арабча сўз бўлиб, дўстлашиш, биродар тутиш маъносини англатади.
Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизий суҳбат одоби мавзусида бир ҳадисни гўзал тарзда шарҳлайди:
عن عبادة بن الصامت أن رسول الله صلي الله عليه و سلم قال: "ليس من امتي من لم يجل كبيرنا و يرحم صغيرنا و يعرف لعالمنا حقه".
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким каттамизни улуғламаса, кичигимизга раҳм қилмаса ва олимимизнинг ҳақини билмаса, менинг умматимдан эмасдир”, – дедилар.
Абу Абдуллоҳ айтади: Каттани улуғлаш Аллоҳ таоло суннат қилган ҳақдир. Зотан, у Аллоҳ таолога бандаликда узоқ муддат ҳар хил ҳолатларда бўлгандир. Кичикка раҳм қилиш Аллоҳ таолога мувофиқ иш қилишдир. Зотан, У Зот кичикка раҳм қилиб, унга ибодатларни юкламаган, ундан чегарани ва ҳукмларни ушлашни талаб қилмаган.
Олимнинг ҳаққи маърифати эса, илмнинг ҳақидан иборатдир. Унинг қадрини билиш Аллоҳ қадрини кўтариб, унга илм бериб қўйгани асосида бўлади.
Аллоҳ таоло айтади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ
“Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни, хусусан, илм берилганларни даражаларга кўтарур” (Мужодала, 11)
Шундай экан, олимнинг Аллоҳ таоло унга илм бериш орқали бериб қўйган даражаси кўтарилади.
Ҳаким Термизийнинг “суҳбат одоби” борасидаги ҳадис шарҳидан шуни англаб етамизки, киши инсонлар билан дўстлашиб, ўзига ҳамсуҳбат, биродар тутишда уларнинг ҳаққига риоя қилиши лозим бўлар экан. Ҳамсуҳбат агар ёши улуғ киши бўлса, унинг ёши улуғлигини эътиборга олган ҳолда ҳаққига риоя қилиш, агар ёши кичик бўлса, унга нисбатан силаи раҳм қилиш лозим. Агар ҳамсуҳбат олим бўлса, унинг илми ҳаққига риоя қилиш керак бўлади.
Улжаев Умарали – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar