“ТАРИХИ ГАРДИЗИЙ” АСАРИДА МОВАРОУННАҲР ВА ХУРОСОН ШАҲАРЛАРИ ТАВСИФИ
Ислом тарихида Мовароуннаҳр ва Хуросон тарихига бағишланган бир қанча асарлар ёзилган бўлиб, ушбу асарларда бу ўлкаларга ислом динининг кириб келиши, шаҳарларнинг ривожланиши, уларни идора қилган волийлар ва бошқа ижтиомий-сиёсий, илмий-маданий воқеалар борасида батафсил маълумотлар келтирилган. Мана шундай тарихий асарлардан бири XI асрда ҳозирги Афғонистоннинг Гардиз деган жойида туғилган тарихчи ва географ Абдулҳай Заҳҳок Гардизийнинг “Зайнул ахбор” (زين الأخبار – Хабарлар зийнати) асаридир. Ушбу асарнинг илмий жамоатчилик орасида муаллиф номига нисбат берилган “Тарихи Гардизий” номи нисбатан машҳурдир.
“Тарихи Гардизий” асарининг боблари қуйидаги тарзда келтирилган:
Биринчи боб: Замон ва маконнинг яратилиши ҳақида;
Иккинчи боб: Авлиёлар насл-насаби ҳақида;
Учинчи боб: Пайғамбарлар тарихи ҳақида;
Тўртинчи боб: Калдоний подшоҳлари тарихи келтирилган жадвал;
Бешинчи боб: Калдоний подшоҳлари тарихи;
Олтинчи боб: Ажам подшоҳлари тарихи келтирилган жадвал;
Еттинчи боб: Ажам подшоҳлари тарихи.
Ушбу нашр йигирма тўққизинчи – Зангиларнинг насл-насаби ҳақидаги боб билан ниҳоясига етади.
Гардизий ўз китобини ёзишда турли фан соҳаларининг ўтмиш ва ўз даври олимлари, жумладан, Абдуллоҳ ибн Муқаффа (724-759 й.), Абу Зайд Аҳмад ибн Саҳлий Балхий (850-934 й.), Ибн Хурдодбеҳ (820-913 й.), Ибн Руста (ваф. 290/903 й.), Сомонийлар вазири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Жайҳоний (ваф. 329/941 й.), Абу Райҳон Беруний ва бошқаларнинг асарларидан кенг фойдаланган. Жумладан, асарнинг форслар тарихига оид қисмини ёзишда VIII асрда яшаган аллома, котиб ва таржимон Абдуллоҳ ибн Муқаффа томонидан араб тилига таржима қилинган форс давлатчилиги тарихига доир “Худойнома” (خداى نامه), “Китоб ат-тож” (كتاب التاج), “Ойиннома” (آيين نامه), “Китоб Тансар” (كتاب تنسر) каби асарлардан самарали фойдаланади.
Ушбу асарнинг тарихий қиймати шундан иборатки, унда илк ислом давридан Ғазнавийлар даврига қадар содир бўлган воқеа-ҳодисалар, Хуросон ва Мовароуннаҳр шаҳарлари, уларни идора қилган ҳукмдорлар ҳақида хронологик кетма-кетликда батафсил маълумотлар келтириб ўтилган. Шу билан бир қаторда ушбу асар география соҳаси учун ҳам ниҳоятда қимматли асар ҳисобланади. Сабаби айнан ушбу асар Мовароуннаҳр ва Хуросонда жойлашган бир қанча тарихий жой номларининг сақланиб қолишига хизмат қилган.
Асар таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, унда ҳозирги Ўзбекистон, Эрон, Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистонда жойлашган тарихий жой номлари ва улар билан боғлиқ бўлган тарихий воқеаларга кенг ўрин ажратилган. Жумладан, ушбу асарда Дайлам, Ҳалвон, Зибатра, Амул, Пушанг, Бодғис, Қумис, Озодвор, Гуён, Куҳистон, Абаршаҳр, Ганж, Сова, Ниҳованд, Хоф, Замм, Тавовис, Табасин, Бовард, Чобаҳор, Диновар, Шаҳризор, Заранж, Буст, Панжвайи, Рухаз, Зобулистон, Гардиз, Фарҳодон, Шодях, Фирабр, Занж, Хартанг, Ҳузон, Исфижоб, Сори, Самангон, Жузжон, Мила, Шумон, Босанд, Жожарм, Тобирон, Навқон, Хулм, Хабушон, Салус, Гурганж каби географик жой номлари биринчилар қаторида зикр қилинганлиги ҳам асарнинг тарихий география фани учун нақадар улкан аҳамиятга эга эканлигининг яққол далили ҳисобланади.
Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, “Тарихи Гардизий” асари Мовароуннаҳр ва Хуросон тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб, ислом тарихида муҳим аҳамият касб этган ҳодисалар ва географик жой номларини илмий нуқтаи назардан тўлиқроқ тадқиқ этишга хизмат қилади.
Сарвар Саидов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий тадқиқот бўлими бошлиғи
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar