ҒАЙБГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ ВА ҒАЙБ ОЛАМИ ҲАҚИДА
Батаҳқиқ Аллоҳ таолонинг илми барча нарсаларни қамраб олгандир. Бу ҳақида Раъд сурасининг 9-оятида қуйидагича марҳмат қилади: “У ғайбу шаҳодатни (яъни, махфий ва ошкора барча нарсани) билгувчи буюк ва юксак Зотдир”.
Ғайб бу инсонларнинг ҳиссий аъзолари (кўриш, эшитиш, ҳид билиш ва ҳ.к)дан яширин бўлган нарсалардир. Хоҳ у нарсалар инсон ақли идрок қилишдан ожиз бўлсин, хоҳ ўта ишончли хабарлар орқали баъзи қисмлари аниқ бўлсин ғайб дейилаверади. Ғайбга иймон келтириш ислом ақидасининг устунларидан ҳисобланади ва бу инсонларни бошқа махлуқотлардан ажратиб турадиган асосий хусусиятлардан бири ҳисобланади. Чунки ҳайвонлар ҳам инсонлар каби бошқа ҳиссий хусусиятларда шерик бўлади. Ғайбга иймон келтириш ислом ақидасининг асосларидан бири бўлиши билан биргаликда Аллоҳ таоло Ўз китобида тақводорларни сифатлаган аввалги сифатлардан биридир:
"Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. Улар ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар". (Бақара сураси: 2, 3 оятлар).
Жаннат ва дўзах, шайтонлар ва жинлар, қиёмат куни, фаришталар, етти қават осмон ва шу каби ғайб оламига тегишли бўлган баъзи нарсалар Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи ва ҳадиси шарифда кўплаб оят ва ҳадислар орқали ворид бўлган.
Ғайб икки қисмга бўлинади.
- Мутлоқ ғайб. Бу турдаги ғайб оламининг ҳақиқати ёлғизгина Аллоҳ таолога маълум бўлиб, уни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Оят ва ҳадисларда бундай нарсаларга кўплаб далиллар ва мисоллар келган. Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 59-оятида шундай марҳамат қилади: “Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси Очиқ китобда бордир.” Бу ердаги “Ғайб калитлари”дан ирода қилинган нарсани Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидан билиб олишимиз мумкин:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ғайб калитлари (илмлари) бешта, уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди:
1) Ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди;
2) Ҳеч ким қоринлардаги(ҳомила)нинг нима бўлишини билмайди;
3) Ҳеч бир жон эртага нима қилишини билмайди;
4) Ҳеч бир жон қаерда ўлишини билмайди;
5) Ҳеч ким ёмғир қачон ёғишини билмайди».
Ва Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини ўқидилар:«Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина(қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги)билим бордир. У (Ўзи хохлаган вақтда, Ўзихохлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билувчи ва огоҳдир» (Луқмон: 34).
Ушбу ҳадисни Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган.
- Нисбий ғайб. Бу турдаги ғайб оламига тегишли бўлган нарсаларнинг баъзи қисмлари инсонларга маълум бўлади.
Юқоридагилардан маълум бўладики, инсонларга ҳам маълум бўлган ғайб олами ва инсонлар уни идрок қила олмайдиган мутлақ ғайбнинг мавжуд эканлигини биз Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ақл ёрдамида билиб олишимиз мумкин.
Шубҳасиз Қуръони Карим ғайб илмларидан хабар берадиган, Аллоҳ таоло ва инсонлар орасини боғлайдиган ва шу билан биргаликда ислом шариатини баён қилиб берувчи ва ундан ҳукм олинадиган бирламчи манбаа ҳисобланади.
Ундан кейинг манбаа бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидир. Ғайб масаласи эътиқодга боғлиқ бўлганлиги сабабли фақатгина бизга мутавотир даражада етиб келган ҳадислардан фойдаланилади. Ғайбдан хабардор бўлиш пайғамбарлар ва оддий башарият орасини ажратиб турувчи фарқли жиҳатлардан бири ҳамда пайғамбарларнинг рисолатларини етказишида муҳтож бўладиган хислатлардан ҳисобланади. Шу сабабли ҳам Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган набийига Ўзи хоҳлаганича ғайб илмидан хабардор қилган.
Ғайбни идрок қилишда инсон суянадиган кейинги хислат бу ақлдир. Аллоҳ таоло инсонларни бошқа махлуқотлардан фарқли ўлароқ ақлли қилиб яратди ва шу сабабли уларни мукаллаф қилди, яъни ақлни ишлатган ҳолда Аллоҳ таолони борлиги, Унинг ваҳдонияти(яккалиги) ва ҳақ йўлни топишда таянадиган восита қилди.
Юсуфов Зоҳиджон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar