24.07.2024

ОДАМЛАР НИМА ДЕЙДИ?

        Бизга маълумки яшаб турган ҳаётимизда деярли барчамиз бирор ишга ёки бошқа бир юмушга қўл урадиган бўлсак албатта ҳаёлимизга келадиган биринчи фикр бу – “Одамлар нима дейди?”…

        Ўзидаги бу саволга жавоб бериш учун инсон аввало Аллоҳ таоло ва унинг росулини яхши таниб олиши керак, яъни зеҳнига аввал “Одамлар нима дейди?” – деган ўй эмас, балки “Мана бу ишни қиладиган бўлсам Аллоҳ таолога хуш келармикан?” ёки “Қилаётган мана бу ишим Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мос келармикан?” – деган фикр ўтмоқлиги лозим.

“Ибратли ҳикоялар” китобида бу мавзу юзасидан Али Тантовий р.а нинг қуйидаги ҳикояси келтирилади: 

 Кун жуда иссиқ бўлди. Кўчага кўйлакчан чиқдим. Қаршимдан бир танишим келиб қолди. Салом берар-бермас, жиддий туриб: 

-  Нимага бундай қилдингиз?! – деди.

Бу саволдан довдираб қолдим.

-  Нима қилибман? 

-  Ахир кастимсиз юрибсиз-ку? Бундай юриш сизга ярашмайди. Одамлар нима дейди?

Жавоб қилмай ўйланиб қолдим.

    Демак, мен одамларга савлатли кўринишим учун шу жазирамада ҳам кўчага кастим кийиб чиқишим керак экан-да!

      Теваракка разм солдим. Илк кўрганим баланд пошнали туфли кийиб олган бир аёл эди. Бундай туфлида юриш қийин. Ишонмасангиз марҳамат, оёғингиз учида юз қадам юриб кўринг. Ўзини бундай қийнашда қандай маъно бўлиши мумкин? Трамвайда ўриндиқлар бўшлигига қарамай, тик туриб кетаётган аёлга кўзим тушди. Ўтиришга таклиф қилсалар-да, кўнмас эди. У жуда тор кийим  кийиб олган, ўтира олмаётганининг боиси ҳам шу. Сўрашингиз мумкин: ўзини нега бунақа азоблайди? Чиндан ҳам, шўрлик аёл ичдан азобланиб турган бўлса ҳам, зоҳиран одамларга чиройли кўринмоқчи бўлади. 

Баъзи йигитчалар сочини тартибга келтиришга ярим соат овора бўлади. Сўнг шабада эсишидан ёки автобусда бирор адашган қўл тегиб кетиб, бу антиқа кўргазмани йўққа чиқаришидан кунбўйи қўрқиб юришади.

    Ҳеч кўрганмисиз, айрим аёллар меҳмонларни, дугоналарини очиқ чеҳра билан қаршилашади. Табассум, мулойим гап-сўз, чиройли одоб кўрсатишади. Эри билан муомаласида эса, бошқача...

    Баъзилар кўчага чиқса, бегоналар учун зийнатланади, либосларнинг энг чиройлисини кияди. Турмуш ўртоғига эса сочлари ҳурпайган, кир-чир кийим билан юзланаверади. 

    Тўй маросимлар ҳам хўжа кўрсинга елиб-югуришлар, машаққат чекишлар кўп. Барча ўйларимиз бир кунда ўтадиган тўй ҳақида бўлади. Одамлар кўриб: “Аллоҳ ёрлақасин, жуда зўр!” дейишлари учун сеп-сидирға йиғамиз. Никоҳ маросимида тўй-томошани дабдабали қилишга уринамиз. Молларни увол қилиш билан шайтонни хурсанд қиламиз. Бир-икки соатга кийиладиганкелин либосига қанча-қанча пул сарфлаймиз. Баъзиларнинг тўй дастурхонига қўядиган писта-бодом пулига ўртачароқ тўйни ўтказса бўлади. 

Булар ҳаммаси нима учун Келин куёвнинг фойдаси учунми? Савоб учунми? Йўқ! Унда нима учун? Одамларга мақтаниш учун!

     Бироқ биз ҳар қанча сарфласак, биздан ҳам кўпроқ сарфлайдиганлар топилаверади. Одамлар эса: “Фалончи мана бундай тўй қилган эди”, дея гапиришини ташламайди. Таъзияларимизда ҳам исроф оз эмас. Қўшнимиз бой-бадавлат бўлса-ю, бизнинг ойлик маошдан бошқа даромадимиз бўлмаса, шундаям паст кетмаймиз: агар у минг долларлик қандил, музлатгич, кир ювадиган машина, ё гилам сотиб олса, биз ҳам сотиб олишимиз керак, йўқса одамлар гап қилади. 

Одамларнинг гаплари тўғрисида Ҳасан Басрий р.а дан сўрашганларида у зот шундай жавоб берган эканлар: “Мен туғилганимда бир ўзим туғилганман, ўлаётганимда ҳам бир ўзим ўламан. Қабрга ҳам бир ўзим кираман. Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳисоб-китоб пайтида ҳам бир ўзим ҳисоб-китоб қилинаман. Агар дўзахга кирсам, бир ўзим кираман, агар жаннатга кирсам, бир ўзим кираман. Шундай экан, одамларнинг гапларидан менга нима!?”

     Хулоса шуки, туришимиз, ўтиришимиз, ейишимиз, кийинишимиз, кундалик сарф-харажатларимиз одамлар хоҳлаганидек бўлиши керак. Бўлмаса, одамларнинг тескари тилига тушиб қоламиз... 

     Ахир биз қачон ўзимиз учун яшаймиз?

     Биз қачон ақл чегарасида тура оламиз?

     Орамизда мана шу исканжаларни синдирадиган ақлли, бақувват кишилар борми?! 

      Шундай иродали, иймони комил бўлишни истаганларга, мана, улуғлардан қолган насиҳат: ҳар ким, аввало динига эргашсин, бирор ҳаром иш қилмасин; сўнг ақлига эргашсин, нимани яхши деб билса, шуни қилсин, кўрпасига қараб оёқ узатсин. Бойларнинг бойи бўлса ҳам, зарурий харажатга пул сарфласин, исрофдан қочсин. Одамларнинг гапларидан қўрқмай яшасин...

 

Ярашев Хабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar