01.09.2024

МУСТАҚИЛЛИК БЕБАҲО НЕЪМАТ!

Истиқлолнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. У биз учун улкан имкониятлар эшигини очиб берди. Юртдошларимиз кўксига шамол тегди, елкаси офтоб кўрди. Эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишга бўлган чин истак-хоҳиш пайдо бўлиб, келажакка ишонч туйғйси уйғонди. Миллий анъана ҳамда қадриятларимиз қайта тикланди, аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Ўз навбатида, бошланган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари туфайли шаҳар-у қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб, замонавийлашиб бораётир. Таълим муассасалари, йўллар, кўприклар, спорт мажмуалари барпо этиляпти. Қисқаси, инсон бахтли яшаши учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё қилинмоқда.

Мана, яқинда мустақиллик деган улуғ неъматга, бебаҳо бойликка эришганимизга ҳам 33 йил тўлади. Бугун ўзбек диёри ўзгача кўркка, ҳавас қиларли ҳуснга эга. Чиройи кундан-кунга ошиб, яшнаб бормоқда. Мустақилликка эришганимиздан бери қилинаётган ўзгариш ва янгиланишлар мақтанишга арзигулик. Бугун қай соҳага юзланманг, қайси йўналишга боқманг ўз ютуқлари билан  мағрур қадам ташлаётган юртдошларимизга дуч келасиз. Мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиёт тармоқларини замон талабларига мослаган ҳолда янгилаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ташаббус ва таклифлар қўллаб – қувватланиб, молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб келиняпти. Бундай кенг кўламли ишлар натижаси ҳар жабҳада сезилмоқда.

Биргина диний соҳада олиб борилган ислоҳатларга назар солсак, сўнгги йилларда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг сони кўндан кунга кўпайиб бориши халқимизни хурсанд қилмоқда. Жумладан:

-Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019-йилда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан Термиз шаҳрида 2020-2021 ўқув йилидан ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилиши;

-Ўрта махсус ислом таълим муассасасининг узвий давоми сифатида Имом Термизий номидаги ислом институтининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши;

-2024-2025 ўқув йилидан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура йўналишининг очилиши.

Ҳурматли юртбошимизнинг қарорлари билан 2024-йил октябр ойида Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланиши мустақиллигимизнинг 33 йиллиги олдидан халқимизга  ҳақиқий туҳфа бўлди.

Ҳа, шунча имконият ва енгиллликлар яратилган юртда яшаган ҳар бир шахс ҳар нафасини “Ватан!” дея олса арзийди. Юқорида санаб ўтилганлар денгиздан томчи, хамир учидан кичик кулча кабидир. Негаки, бундай ислоҳот ва ўзгаришларнинг йилдан-йилга сони ошиб бормоқда. Тараққий этаётган юртимиз ёрқин келажак сари олдинга томон одимласа одимлаяптики, асло тўхтаган эмас.

 

Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish

Izohlar