БИРИНЧИ БЎЛИБ ҲАДИСЛАРНИ БИР КИТОБГА ЖАМЛАГАН ЗОТ
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини фан нуқтаи назаридан ким биринчи бўлиб тадвин қилган? Бу борада икки ном тилга олинади.
1. Муҳаммад ибн Муслим ибн Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Шиҳоб ибн Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Зуҳра ибн Килоб (ҳижрий 123-йил, ёки 124-йил вафот этган) роҳимаҳуллоҳ. Ибн Шиҳоб роҳимаҳуллоҳ Омина онамизнинг қабиласи Зуҳрага таллуқли бўлганлиги учун унга нисбат берилиб, Зуҳрий дейилади. Шунингдек, Зуҳрий роҳимаҳуллоҳнинг боболари Шиҳоб жуда машҳур одам бўлганлиги учун кўпчилик унга нисбат беришиб, у кишини Ибн Шиҳоб Зуҳрий ҳам дейишади.
Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳнинг ишончли ровийлигига ва ҳадис илмида имом эканлигига уламолар иттифоқ қилишган”.
Бу олимни Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ таърифлаб: “Зуҳрийдан кўра суннатларни билувчи бирор киши қолмади” деган.
Ибн Шиҳоб Зуҳрий борасида “Тазкиратул ҳуффоз”да Лайс ибн Саъд роҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзлари нақл қилиб келтирилади: “Зуҳрий роҳимаҳуллоҳдан кўра илмни ўзида жамлаган олимни кўрмадим. Қуръон ёки ҳадисдан сўзласа ҳам шундай эди”.
Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий”нинг “Илм китоби”да: “Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ ҳадисни биринчи бўлиб тадвин қилган”, деб таъкидлаган.
Абу Нуайм “Ҳулятул авлиё”да Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини нақл қилиб келтирган: “Ҳадисларни илк бор тадвин қилган шахс Ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳдир”. Юқорида келтирилган маълумотлар Зуҳрий роҳимаҳуллоҳни биринчи бўлиб ҳадис тадвин қилганини тасдиқлайди.
2. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини фан нуқтаи назаридан биринчилардан бўлиб тадвин қилган иккинчи олим Абу Бакр ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ (ҳижрий 120-йилда вафот этган) бўлиб, бу зот Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ томонидан Мадинаи Мунавварага ҳоким этиб тайинланган эди. Олим, фозил, тақводор, кечаларни бедор ўтказувчи обид киши эди.
Аҳли аёлининг айтишича, Абу Бакр ибн Ҳазм қирқ йилгача кечаси тўшагида ётмаган экан.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг таъкидлашича, “Мадинаи Мунавварада у кишидан кўра қозилик илмини билувчи олим бўлмаган”.
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Бухорий”нинг “Илм қандай олинади” бобида қуйидагиларни келтирган: Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ Абу Бакр ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳга мактуб ёзиб унда шундай деган: “Қара! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисидан бирор нарса бўлса, уни ёзиб қўй. Чунки, мен илм йўқолиб, олимлар ҳалок бўлишидан қўрқаман”.
Бундан Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ бу умматнинг илк мужаддиди экани маълум бўлади. Унинг жорий қилган янгилиги ҳадисларни тадвин қилдириш эди. Яъни ҳадисларни тадвин қилишни Абу Бакр ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳга топширган. Зеро, Ҳиравий роҳимаҳуллоҳнинг фикрига кўра ҳам ҳадисларни илк маротаба тадвин қилган киши Абу Бакр ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳдир! Лекин Имом Молик ва Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳлар: “Ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни биринчи бўлиб тадвин қилган зот”, деб таъкидлашган. Ҳақиқатда ҳам шундай.
Тарихдан маълумки, Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ, аскарларнинг раҳбарларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини китобат қилишга эътибор қаратишларига ҳукм чиқарган.
“Фатҳул Борий”да қуйидагилар зикр қилинган: “Абу Нуайм роҳимаҳуллоҳнинг “Исфахон тарихи” номли китобида бу қиссани қуйидагича ривоят этган: “Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ, барча минтақага хат ёзиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига эътибор беринглар ва уларни жамланглар”, деди.
Абу Умар ибн Абдулбарр роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Жомеъу баёнил илм” номли китобида қуйидагича баён этади: “Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни тўплашимизни буюрди”.
Демак, Имом Бухорий ёзганидек, Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни жамлашни фақат Абу Бакр ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳга буюрмаган. Балки, бошқа муҳаддисларга ҳам ҳадисларни жамлаш топшириғини берган. Улар орасига Ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ ҳам киргани аниқ. Шундан сўнг Ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ ҳадисларни жамлаб, Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ ҳузурларига юборган. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ зикр қилганидек, Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ тайёр бўлган ҳадис тўпламларини турли минтақаларга жўнатган.
Ибн Абдулбарр роҳимаҳуллоҳ, Абу Бакр ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ тузган тўпламга доир маълумотларни “ат-Тамҳийд шарҳи Муватто”да келтирган: “Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ бир неча ҳадис тўпламлари ёзиб, Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳга юборишидан олдин, у киши вафот этган”.
Ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ томонидан жамланган ҳадислар Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳга етиб борган ва у уларни турли минтақаларга тарқатиб юборган. Шунинг учун ҳадисларни биринчи тадвин қилган шахс Абу Бакр ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ эмас, Ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ, дейилади. Ёзишни бошлашликни ҳар икки олим бир замонда бошлаган бўлсалар ҳам Ибн Шиҳоб Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ биринчи бўлиб ниҳоялаган.
Олимжон Хусанбоев - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar