24.09.2024

ДИННИ ЕТКАЗИШДА ПАЙҒАМБАРИМИЗ ЧЕККАН АЗОБЛАР

Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал саловату дурудлар бўлсин. 

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканига заррача шубҳа йўқ. Чунки бу ҳаёт у зотнинг душманлари Пайғамбаримиздан камчилик топа олмай доғда қолган, у зотга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири у зотнинг буюклигига тан берган ҳаётдир. Бу ёзган мақоламда Пайғамбаримиз умматларига исломни етказишда чеккан азоблар ҳақида сўз юритилади. Энди кофирлар оддий мусулмонларга турли азоблар бериб ўз мақсадларига эриша олмагач уларнинг йўлбошчиси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга ўтишади. 

Дастлаб кофирлар ўзларининг эсипастларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи, сеҳргар, шоир, коҳин ва мажнун деб озор беришга гиж-гижлай бошлайди. 

Кофирлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бериш учун ҳар қандай пасткашликдан қайтишмади. Маккадаги Қурайш қабиласи ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромга ҳар турли азияту кулфатларни давом эттирмак учун алоҳида бир жамият ташкил этдилар. 

Мана шу жамиятнинг раиси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиси Абу Лаҳаб эди. Ундан ташқари Абу Жаҳл, Асвад ибн Муталлиб, Асвад ибн Абду Яғус, Ос иб Воил, Ҳорис ибн Тулойтила ҳам шу жамиятга аъзо эди. Аллоҳ таоло ўзининг каломида  “مستهزءين"деб номлаган. Мустаҳзин кимлар деса улар Аллоҳ ва Расулни масхара қилувчилардир. 

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида ўша мустаҳзинларга нисбатан шу оятни нозил қилди: 

“Эй Муҳаммад Аллоҳнинг амрини очиқ-ойдин айтгил ва мушриклардан юз ўгир , Сени масхара қилувчиларни ҳалок этиш учун албатта ўзимиз кифоя қилурмиз (ул мушрикларга сен парво қилма)”. 

Жаброийл алайҳиссалом шу ваҳийни келтирганларида улар ўз одатларига кўра Байтуллоҳни тавоф қилишиб юрган эдилар. Жаброийл алайҳиссалом Байтуллоҳ олдида турдилар. Пайғамбаримиз ҳам у зотнинг ёнларига келдилар. Шу чоғда тавоф қилиб юрган Асвад ибн Муталлиб у ердан ўтаверди уни кўриб Жаброийл алайҳиссалом қўлларида тутиб турган яшил байроқни унинг юзига отдилар дарҳол унинг кўзлари кўр бўлди. Шу каби Аллоҳ таоло бошқа мустаҳзинларни ҳам жазолади. Барчасини дардга чалиниб қийналиб вафот этди. Яна бир бадбахт Уқба ибн Абу Муайтнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нисбатан қилган ёмон қилмишларидан яна бири: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг ҳижрида намоз ўқиётганларида бирдан Уқба ибн Абу Муайт келиб кийимини ва ридосини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларига ўраб У зотни қаттиқ буға бошлади. Шу пайт Абу Бакр розияллоҳу анҳу етиб келди ва унинг елкасидан тутиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нарига итариб юборди ҳамда Ғофир сурасининг 28-оятидаги мана бу гапни айтди:

“Бир киши “Роббим Аллоҳдир” дегани учун ўлдирасизми ? Ахир сизларга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар олиб келдику”.

Шу мақолани ёзишим асносида шу тўртликни ёзишни ва шунга киритиб кетишни хоҳладим 

Тоиф берган азиятга чидадингиз 

Золимни ҳам дуо ила сийладингиз 

Барчасини ҳидоятга чорладингиз 

Бу кун сизга муҳтож эрур умматингиз 

Абулқосим Замахшарий роҳматуллоҳи алайҳи айтади: Муҳаммад Пайғамбар алайҳиссаломнинг тутган йўллари менинг йўлимдир. Бахт-у саодатим ҳам нажотим ҳам шу йўлдир. 

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошига келган қийинчиликларга сабр қилиб биз Уммати Муҳаммадга буюк намуна бўлди. 

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан ўрнак олиб яшашимизни насиб қилсин.

 

Менглиев Беҳзод – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar