25.09.2024

ОЛТИ САҲИҲ КИТОБДА “ЖОМЕЪ АТ-ТЕРМИЗИЙ”АСАРИНИНГ  МАРТАБАСИ

Имом Термизий (тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий) 209/824-йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўрта ҳол бир оилада таваллуд топган. Ат-Термизий номи билан машҳур бўлишига сабаб унинг бутун ҳаёти ва фаолияти (ёшлигидан бошлаб) Термиз шаҳри билан чамбарчас боғлиқ бўлган.

Имом ат-Термизий ёшлигидан ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлиб, бу фазилатлари билан ўз тенгдошларидан батамом ажралиб турган. Унинг ёшлик чоғларидан илмга ўта қизиқиш ва иштиёқи ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллашида яққол намоён бўлди.

Ат-Термизий ўз илмий-ижодий фаолияти давомида ўндан ортиқ асарлар яратди. Унинг илмий-маънавий меросида, шубҳасиз, “Ал-жомеъ” асари катта аҳамиятга эгадир. Бу асар “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”(“Ишончли тўплам”).“Ал-жомеъ ал-кабир”(“Катта тўплам”), “Саҳиҳ ат-Термизий”, “Сунан ат-Термизий” (“Термизий суннатлари”) номлари билан ҳам юритилади.

Имом ат-Термизийнинг илмий-маънавий меросида салмоқли ўрин тутувчи “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) номли асари олти саҳиҳ ҳадис тўпламларидан бири бўлиб, “Ал-жомеъ ал-кабир”, “Саҳиҳ ат-Термизий” “Сунан ат-Термизий” каби номлар билан ҳам юритилади.

Имом ат-Термизий “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” номли асари олти саҳиҳ ҳадис тўпламлари орасида қайси мартабада эканлиги борасида уламолар бир қанча фикрларни айтиб ўтганлар.

Жумладан, Мусатафо ибн Абдуллоҳ Ҳожий Халифа “Кашфу аз-Зунун” асарида “Жомеъ ат-Термизий” асари олти саҳиҳ китобнинг учинчиси, яъни икки “Саҳиҳ”китобдан кейинги ўринда эканлигини айтади. Имом Суютийнинг “Тадриб” асарида келтиришича Имом Заҳабий Имом Маслуб ва ал-Калбий ҳадисларини ва шунга ўхшашларни ривоят қилгани учун “Жомеъ ат-Термизий”нинг мавқеи Абу Довуд ва Насоийнинг сунанларидан қуйи даражада туришини айтади. Худди шунингдек “Тақриб”, “Таҳзиб ат- таҳзиб”, “Ал-хулоса “Тазкират ал-ҳуффоз” китобларида “Жомеъ ат-Термизий”нинг мавқеи Абу Довуд  сунанидан кейин, Насоийнинг сунанидан олдин туришига ишоралар бор. Бу китобларнинг муаллифлари агар ҳадис ривоят қилсалар, охирида қуйдаги белгиларни қўйишарди: “د ت س”.  “د” ҳарфи билан “Сунани Абу Довуд”га, “ت” билан “Жомеъ ат-Термизий”га, “س” “Сунани ан-Насаоий” га ишора қиладилар. Имом Суйитий “Жомеъ ас-сағир” китобида белгиларнинг баёнида худди шундай деганлар: “Бу белгиларнинг жойлашувидан шу нарса маълум бўладики, “Жомеъ ат-Термизий” “Сунани ан-Насаоий” ва “Сунани Абу Довуд” ўртасида бўлган.

Манавий “Файзул Қодир”нинг шарҳида ҳам: “Кашфу аз-Зунун” асарида айтган гаплари ҳақиқатдур. Бу ўз даражасидаги учунчи китоб”-деб айтган. Ҳофиз ал-Ҳазмий айтади: “Термизийнинг шарти Абу Довуднинг шартига қараганда етукроқдур”. 

Юқоридаги тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, Имом ат–Термизий ҳадис илмида Имом Бухорийдан кейинги улуғ алломаларимиздан биридир.

 

Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar