02.10.2024

ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ИЛМ ЙЎЛИДА ҚИЛГАН САФАРЛАРИ

Имом Термизий илм ўрганишда термиз аҳлидан бўлган ва у ерга ташриф буюрган уламолар билан чекланиб қолмасдан, илм олиш мақсадида бошқа юртларга ҳам узоқ сафарларга чиқади. Ёшлигидан илм-фанга ташна бўлган Абу Исо Термизий ўз билимини ошириш борасида 850 йилдан, яъни 26 ёшидан бошлаб қатор хорижий мамлакат ва шаҳарларга сафар қилган. Илмий сафарлари давомида кўплаб кишилардан ҳадислар эшитади. Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур, Балх, Рай, Бағдод, Кўфа, Басра, Макка, Мадина каби шаҳарларда машҳур муҳаддис ва уламолардан таълим олади. Илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади. Имом Термизий ўз ватанида ва хорижий юртларда юздан ортиқ устозлардан илм олиб, ҳадислар ривоят қилган. Илм эгаллашда ва уни янада мустаҳкамлашда ўз даврининг кўплаб машҳур олимларидан таҳсил олган. 

Муҳаммад Термизий маълум ва машҳур устозларидан Қутайба ибн Саид Сақафий, Муҳаммад ибн Башшор Басрий, Маҳмуд ибн Ғайлон Адавий, Муҳаммад ибн Ало Ҳамадоний Кўфий, Абу Ҳасан Али ибн Ҳужр Марвазий, Абу Муҳаммад Абд ибн Ҳумайд Кеший, Имом Доримий, Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Маҳмуд ибн Ғайлон Марвазий, Сувайд ибн Наср Марвазий, Суфён ибн Вакийъ Кўфий каби таниқли муҳаддисларни келтириш мумкин.     

Имом Термизий бутун ҳаётини ҳадис ўрганиш ва уни ўргатишга бағишлаб, ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўплаб шогирдларга устозлик ҳам қилди. Унинг шогирдлари Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий, Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Ҳаммод ибн Шокир Насафий, Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий, Абу Ҳомид Аҳмад ибн Али Найсобурий, Абу Ҳусайн ибн Юсуф Фирабрий, Довуд ибн Наср Паздавий, Муҳаммад ибн Суфён Насафий, Наср ибн Муҳаммад Ширакасий Самарқандий, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва бошқалар шулар жумласидандир.

Имом Термизийнинг устози Имом Бухорийга бўлган ҳурмати юксак даражада эди. Имом Бухорий 863–868 йиллари Нишопурда яшаган даврда Муҳаммад Термизий унинг дарсларида қатнашади. Бу беш йил мобайнида Имом Бухорийдан ҳадис ва унга тааллуқли бошқа илмларни ўрганади. У “Ҳадис илмида Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий)дан кўра илмлироқ бирор кишини кўрмадим”, – дея устозига бўлган чексиз ҳурматини намоён қилади.

Имом Бухорий ҳам шогирди Абу Исо Термизийга юқори баҳо бериб: “Сен мендан фойдаланганингдан кўра мен сендан кўпроқ фойдаландим ”, – деб таъкидлаган. Имом Бухорийнинг шогирди Имом Термизийга бундай юксак баҳо бериши Имом Термизийнинг қанчалик даражада илмга эга эканини кўрсатади. Имом Термизий 20 ёшга етганларида Хуросон шайхларидан Исҳоқ ибн Роҳвайҳ Марвазий ва бошқалардан илм ўргандилар, сўнг 25-26 ёшларида Ироққа (Басрага) бориб, у ердаги алломалардан дарс олдилар. Ундан сўнг Ҳижозга кетдилар. Лекин манбаъларда ул зотнинг Бағдодга, Мисрга ва Шомга борганлари ҳақида хабар келтирилмаган. Бунга ўша вақтда бу юртлардаги нотинчлик сабаб бўлган, деган фикр бор. Бу саёҳатлари кўп йиллар давом этди, Имом Термизий термизга 250 ҳижрий (864 м.) йилдагина қайтиб келдилар, бунга қараганда, тахминан 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, йиғиб юрганлар. Имом Бухорий билан Нишопурда (250 ҳижрий йил) учрашиб, кўп ҳадислар хусусида музокаралар олиб борганлари ҳақида маълумотлар бор. Шундан сўнг “Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ” (“Сунани Термизий”) китобларини ёза бошлаганлар.

Имом Абу Исо Термизий илм учун сафарбар қилинган, ҳадис илмини эгаллаш ва ёзиб қолдириш истагида сафарлар билан кечган мазмунли умрдан сўнг ҳижрий 279 йил, ражаб ойида Термизга қарашли, ундан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида Роббилари ҳузурига риҳлат қилдилар.

 

Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar