03.10.2024

РАСУЛУЛЛОҲГА МАКТУБ...

Я Расулуллоҳ бу хитоб қанчалар ёқимли қанчалар тотли бу хитобни тилга олган инсон ўзини беихтиёр саҳобалар қаторида ҳис қилади. Саҳобаи киромлар бу иборани яъни Я Расулуллоҳ деган сўзни қалби тўла муҳаббат, кўзлари тўла меҳр ёшлари билан сиз зоти барокатнинг рўпарангизда туриб айтишарди. Мен уларнинг сафида туриш бахтига мушарраф этилмаган бўлсамда шукр-ки, бугун сизга ушбу нидо билан мурожат қилиш шарафига мушарраф бўлиб турибман. Негадир шу хитобни такрор-такрор айтгим келаверади. Негаки бу чақириқ билан дилим яйрайди тилим тотли бўлади. Бунинг устига масжидингизда туриб Я Расулуллоҳ дейиш ўзгача завқ бетакрор шавқ берар экан инсонга! Бу иборани ҳузурингизда такрорлашдан киши толмас экан. Мана бугун 14 аср ўтиб ҳам умматингиз сизга намозларда салом-у саловатлар айтмоқда, ҳуддики саҳобалар сиз ҳаётлик чоғингизда сизга салом-у саловатлар айтганидек. Ҳа Росулим ҳақиқатда сизнинг таълимотингиз ўлмас, зикрингиз тўхтамас, сийратларингиз мақтовдан сонмасдир. Я Расулуллоҳ сизга бундай хитоб билан мурожаат қилишга аслида менда битта ҳам сурат йўқ. Мен бунга лойиқ ҳам эмасман бироқ бу нидодаги яқинлик ҳисси ундаги уйғоқлик туйғуси ушбу нидони қўллашга журъат беради. Я Расулуллоҳ бир куни Асҳобларингизга: “Биродарларимни кўргим келди.”- дедингиз. Улар: “Ё Расулуллоҳ биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?”-дейишди. Шунда сиз уларга: “Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келиб мени кўрмай менга иймон келтирадиган умматларимдир”-дедингиз. Мен ана шундай биродарларингизданман Я Расулуллоҳ! Бисотимда сизга бўлган иймон ва муҳаббатдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Умидим шуки, мен ҳам сиз кўришни истаган ўша умматларингиздан бири бўлсам деб умид қиламан. Бу ожиз умматингизни қабул айланг Ё Расулуллоҳ. Аллоҳга шукурки мени сизга уммат ва сизга саловат айтадиганлардан қилди. Бу саловатлар сизга етказилиб турилишидан ҳеч шубҳам йўқ.  Аммо ҳузурингизда туриб равзангизда ўтириб сизга саловат айтиш, ўзгача руҳият, ўзгача шараф, ўзгача яқинлик берар экан инсонга.      Я Расулуллоҳ биз ўзимиз сизга бевосита салом айтсакда сизга саловат йўллай олмас эканмиз чунки сизнинг мақомингиз шунчалар юксак эканки биз сизга саловат йўллаймиз дея олмас эканмиз балки, Аллоҳга илтижо қилиб Аллоҳим Расулимизга саловат йўллагин деб дуо қилар эканмиз. Ё Расулуллоҳ сиз Аллоҳнинг рисолатини рўйи рост етказдингиз омонатни тўлиқ адо этдингиз ва башариятга яхшилик илиндингиз умматга хайри хоҳлик билан насиҳат қилдингиз унга самимият кўрсатдингиз биз бунга гувоҳмиз. Аллоҳим гувоҳлигимизни қабул эт. 

Я Расулуллоҳ бугун равзангизда, масжидингизда ўтириб шуни туйдимки ҳузурингизда ҳеч бир жойда топиб бўлмас ажойиб бетакрор ҳаловат ҳис бор экан келган киши бу масжиддан бу равзангиздан ҳеч чиққиси келмайди қани имкон бўлса кечю кундуз шу ерда бўлсам дейман. Во ажаб! Сизнинг муборак жамолингизни кўриш, ширин сўзингизни эшитиш йўқ бўлатуриб, шундай ҳузур ҳаловат, агар ёнингизда бўлсамчи…

 Саҳобалар бежизга сизнинг ёнингизда кўпроқ қолишга уринмс эканлар, улар ҳудди онасига ёпишган гўдакдай сиздан узоқлашишдан қўрқишар эди. Абдуллоҳ Ибн Умар, Жобир Ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар остонангизга бош қўйиб ёнингиздан кеча-ю кунгуз жилмасдан сизга шогирт тушишган эди. Асҳоби суфанинг пешвоси Абу Ҳурайрангизни кўринг қорни тўйди дегунча ҳузурингизда ҳозир бўлиб, муборак оғзингиздан тўкилган дурларни териб зеҳнига жойлар эди. Кичкина Анасингиз разияллоҳу анҳу қўл қовуштирганча хизматингизда шай, Зайд Ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай ҳузурингизда сизга нозил бўлган ваҳийларни вароққа туширар, қавмнинг энг сара кишилари донолари энг оқил инсонлари тиз чокканча ҳузурингизда шогирд. Замонанинг баҳодирлари-ю мерганлари сиздан шижоат олар, хуллас сиздаги Аллоҳ берган фазл, буюклик ҳаммани ром қилган экан. 

Я Расулуллоҳ сизнинг устингиздаги юкингиз оғир бўлса ҳам одамлар орасида сертабассум киши бўлгансиз. Сиз дунёдаги энг хушбўй одам эдингиз. Саййидим сиз бутун инсониятга камтарлик борасида гўзал намунасиз, либосингизни кўпинча ўзингиз ювар, уни муборак қўлларингиз билан ўзингиз ямар эдингиз, поябзалингизни ўзингиз боғлаб, ўзингиз таъмирлаб олар эдингиз, туяга ўзингиз сув берар, заиф ёқсил мискинларнинг хожатини чиқарар эдингиз. 

Ҳабибим, аёлингиз, маҳбубангиз, Оиша онамиз ривоят қилган хандақ ғазотида юз берган воқеадагидек меҳр ва муҳаббатни бошқа ҳеч қаерда ўқимаганман, эшитмаганман. Ушбу воқеа ҳақида онамиз Оиша розияллоҳу анҳо шундай деган эди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хандақдаги бир чуқурликни қўриқлар эдилар, совуққотсалар менинг олдимга келар мен у зот саллаллоҳу алайҳи васалламни бағримга босиб иситиб қоярдим. Бироқ бироз иссиқ ўтгач яна ўша чуқурликка бориб қўриқчиликни давом эттирар эди”. Ҳабибим, сиздек оламлар сарвари бўлган зот совуққотиб бўлса ҳам қориқчилик қилсангиз а?! Сўнг онамиз Розияллоҳу анҳонинг ёнига бориб, у кишининг меҳр тўла қучоқларида исиниб сўнг яна уруш майдонига қайтиб қўриқчиликни давом эттиргансиз а?! 

Ҳабибим амакингиз Абу Толиб сизнинг болаликдаги гўзал хулқингизни ажойиб васф этиб шундай деган: “Болаларга овқат келса токи ҳамма еб бўлмагунича у ўзини таомдан тийиб турарди, ҳамма еб бўлгунча овқатга яқинлашмасди. Чунки у бирон кишининг луқмасини озайтириб қўйишни истамас эди”. 

Саййидим, Ҳабибим қанчалар буюксиза, қанчалар раҳимлисиза, бошқалар есин деб сиз оч қолдингизми? Бошқалар тўйиб олсин деб таомга қўл чўзмадингизми?!

Сийратингизни ўқир эканман сизни янада яхшироқ танимоқдаман. Бу маърифат эса қалбда соғинч ҳисларини уйғотмоқда. Қалбни ўртаётган бу соғинч ҳисси сиз томон мактуб ёзишга ундади. Ё Расулуллоҳ оламларга раҳмат бўлиб келдингизки, бутун инсониятни зулумат ботқоғидан саодат нурига олиб чиқдингиз. Аллоҳ таало сизни махлуқотларнинг энг афзали қилиб, сиз сабабли бутун инсониятни яратди. Ё Расулуллоҳ! Сиз барча пайғамбарларнинг саййидисиз ҳатто бошқа пайғамбарлар ҳам сизга уммат бўлишни орзу қилишади. Ё Расулуллоҳ сиз гўзал хулқ соҳиби эдингиз. Оламлар Роббиси сизни “Эй Ҳабибим сиз улуғ хулқ узрадурсиз” - деб мадҳ қилмоқда. Агар бутун инсоният хулқлари бир жойга жамланса сизнинг гўзал хулқингизга етмайди ё Расулуллоҳ. Ё Расулуллоҳ оламларга намуна ҳаётингиз ҳамон кўз ўнгимда. Сийратингизни ўқир эканман кўзларимга ёшлар оламан оламларга шунчалар маҳбуб бўлиб келдингизки сиз сабабли бутун инсоният илоҳий муҳаббат неъматига мушарраф бўлди. Илоҳий лутф ўлароқ бу лаҳзаларда сизни соғиниб мактуб ёзар эканман ҳаётимда учрамаган ҳис туйғулар уммонига ғарқ бўлмоқдаман. Ё Расулуллоҳ сизни умматларингиз жуда соғинишган. Сизни “Келажакда мени шундай умматларим борки, улар мол-у авлодларидан кечиб бўлса ҳам мени бир бор кўришга муштоқ ўладилар мен ана ўша умматларимни кўришни истардим” - деган сўзингизни эшитганда кўзларига ёш оладилар. Уларга сизни охиратда кўриш тасалли беради холос. Ё Расулуллоҳ бизларни дуо қилинг сизга муносиб уммат бўлайлик. Сизни зулмат ботқоғидан олиб чиққан саодат кемангизни бошқарадиган давомчингиз бўлайлик. Аллоҳ таоло сизни бу дунёда кўришни насиб қилмади, охиратда бирга қилсин. Тушларимда бўлса ҳам жавоб мактубингизни кутиб қоламан жавобингиздан мени бебаҳра қилманг Ё Расулуллоҳ.

 

Ярашев Ҳабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar