22.10.2024

“АРБАИН” ҲАДИСИ ВА АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК

Арбаъин сўзининг кўплиги “арбаъинот” бўлиб, луғатда қирқ деган маънони англатади. Истеълоҳда эса, қирқта ҳадис ёки боб ёзилган ҳадис тўпламларга айтилади. Уламолар турли мавзуларда кўплаб арбаинлар таълиф этганлар. Уларнинг китоб ёзишдан мақсади, жамлаган ҳадисларининг мазмун-моҳияти, китобнинг тузилиши ва тартибига қараб бир неча турга бўлинади. Жумладан, баъзилар тавҳид ва Аллоҳ таолонинг сифатларини исботлашга доир ҳадисларни, баъзилари аҳком ҳадисларини, баъзилари ибодатга доир ҳадисларни, баъзилари ваз-насиҳатга доир ҳадисларни, яна санади саҳиҳ бўлган, ёки фақат узун ҳадисларни, исноди олий ҳадисларни ва ундан бошқа мавзудаги ҳадисларни жамлаган ҳамда барчалари китобини “арбаин” деб номлаганлар. 

عن ابي الدرداء قال: سئل رسول الله صلى الله عليه و سلم ما حد العلم اذا بلغه الرجل كان فقيها؟قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: "من حفظ على امتي اربعين حديثا من امر دينه بعثه الله فقيها و كنت له يوم القيامة شافعا و شهيدا"

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан фақиҳ бўлинадиган илмнинг ҳадди ҳақида сўрашди. Шунда Росулуллоҳ соллоллоҳу алаййҳи ва саллам: “Умматимдан ким динининг юмуши борасида қирқта ҳадис ёд олса, Аллоҳ таоло уни фақиҳ қилиб тирилтиради ва қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан”, дедилар. Байҳақи ривоят қилган.

Биринчи бўлиб Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳдан бошласак. Чунки биринчи арбаин таълиф этган зот бу – Абдуллоҳ ибн Муборакдир. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “Арбаин” асарининг муқаддимасида: “Мени билишимча, биринчи арбаин ёзган зот Абдуллоҳ ибн Муборак, сўнгра раббоний олим Муҳаммад ибн Аслам Тусий, кейин Ҳасан ибн Суфён ан-Насави…”, – дейди. Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳаммад Силафий роҳимаҳуллоҳ “Китабу Арбаин” асарида: “Арбаин ёзган уламоларнинг муқаддами Абу Абдурроҳман Абдуллоҳ ибн Муборак, ундан кейин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аслам Тусий, Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Суфён ан-Насави, Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Ажури Бағдодий…” дейди.

Тўлиқ исми Абу Абдурроҳман Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий Хоразм туркларидан бўлиб, ҳижрий 118-йили Марв шаҳрида туғилган. Абдуллоҳ ибн Муборак илк бор 141-ҳижрий йили Ироққа сафар қилган. Шу маълумотга кўра, Ибн Муборак йигирма уч ёшда бўлган. Бунгача Марв шаҳридаги уламолардан таҳсил олган. Аббос ибн Мусъаб “тарих” асарида Ибн Муборакнинг шундай деганини ривоят қилади: “Мен тўрт минг шайхдан илм олдим. Улардан мингтасидан ҳадис ривоят қилдим”. Кўфада Абу Ҳанифа билан учрашади ва у зотга шогирд бўлиб, у кишининг фиқҳий билимларидан баҳраманд бўлади. Мадина шаҳрига бориб Имом Молик роҳимаҳуллоҳдан ҳадис эшитиб “Муватто”ни ривоят қилган. Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ Ҳийт шаҳрида 63 ёшида 181-ҳижрий йили 13-рамазонда вафот этади.

Ибн Надийм қуйидаги китобларни Ибн Муборакники эканини айтган:

“Китоб ас-сунан фил-фиқҳ”, “Китоб ат-тафсир, Китоб ат-тарих”, “Китоб ал-бирри вас-сила”, “Китоб аз-зуҳд вар-рақоиқ”.

Бу китоблардан бошқа “изн сўраш” ва “жиҳод” каби китоблар ҳам у кишига нисбат берилади. 

Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳнинг “Арбаин” асари бизгача тўлиқ етиб келмаган. Риёз шаҳридаги Мактабатур рушд нашрёти томонидан чоп этилган нусхасида ўн еттита ҳадис етиб келгани айтилган. Китоб Муҳаммад Саид ибн Муҳаммад Ҳасан Аҳмад Бухорий томонидан таҳқиқ қилинган. Ҳофиз Абу Тоҳир Аҳмад ибн Муҳаммад Силафи роҳимаҳуллоҳнинг “Арбаину булдания” асарининг таҳқиқида Макка шаҳридаги Уммул Қуро университетида икки варағи мавжуд эканлиги зикр қилинган. 

 

Хусанбоев Олим – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar