23.10.2024

АБД ИБН ҲУМАЙД КЕШИЙ (170-249)

Ҳофиз Абу Муҳаммад Абд ибн Ҳумайд ибн Наср Кеший Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан, бу диёрда ўзининг китоблари ва шогирдлари билан ҳадис ва бошқа илмларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимиздан бири ҳисобланади. У зот таҳминан 170/787-йили Кеш ҳозирги Шаҳрисабзда таваллуд топган. Дастлаб таълимни отаси Ҳумайд ибн Насрдан олган, қолаверса кешлик, насафлик, бухоролик, самарқандлик олимлардан ҳам талим олган. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Доримийлар баъзи шайхларида у зотга шерик бўлса, баъзи ўринларда ҳадис ривоят қилиб у зотга шогирд ҳам бўлганлар. Бағдод, Кўфа, Шом, Найсабур, Макка, Мадина ва бошқа кўплаб шаҳарларга сафар қилиб уламолардан ҳадис эшитган. Аллома 249/864-йили вафот этган. Дафн этилган жойи борасидаги маълумотларда ихтилофлар бор. Бироқ шунга қарамай қабри Дамашқ, Самарқанд ва Кеш шаҳарларида эканлиги ҳақида қайдлар мавжуд.

Абд ибн Ҳумайд Кеший “Сулосиёту Абд ибн Ҳумайд”, “Муснаду Абд ибн Ҳумайд”, “Тафсиру Абд ибн Ҳумайд” ва бошқа асарлар муаллифи саналади. Бу уч асар бизгача етиб келган. “Сулосиёту Абд ибн Ҳумайд” қўлёзма нусхаси Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги “Мактабату Малик Абдулазиз” кутубхонасида, Ар-Риёз шаҳридаги “Мактабатул марказийя” да, Туркиянинг “Сулаймония” қўлёзмалар фонида сақланмоқда. Ушбу асар Али Ризо Абдуллоҳ ва Аҳмад Базро томонидан таҳқиқ қилинган “Сулосиёт” номли китобнинг ичида чоп этилган. У китобда Бухорий, Термизий, Доримий, Ибн Можа, Абд ибн Ҳумайд Кеший, Тобарий роҳимаҳуллоҳларнинг сулосиётлари жамланган. Сулосиёту Абд ибн Ҳумайдда жами 51 та ҳадис ривоят қилинган. Имом Доруқутнийнинг “Китабун фийҳи арбауна ҳадис” китобини таҳқиқ қилган Муҳаммад Абдулкарим ибн Абийд китоб муқаддимасида Абд ибн Ҳумайд Кешийга “Ал-арбауна ҳадис ас-сулосийёт” китоби нисбат берган. Бундан бу китоб ўзида қирқтадан бироз кўпроқ ҳадис жамлагани эътиборидан “Арбаин” асарлардан саналса, ҳадисларнинг санади эътиборидан “сулосиёт”лардан ҳисобланади. Абд ибн Ҳумайд Кешийни 170/787-йилда тавуллуд топганидан Мовароуннаҳрда биринчи арбаин ёзган десак хато бўлмаса керак. Асарда турли мавзулардаги ҳадислар жамланган. Масалан биринчи ҳадис ҳажда тош отиш ҳақида бўлса, иккинчи ҳадис шом намозини ўқиш вақти ҳақида, охирги ҳадис эса жума намозида ёмғир сўраб дуо қилишлари борасидаги ҳадис. Жами 51 та ҳадис ривоят қилинган. Шу ўринда бир савол бўлиши мумкин, Абд ибн Ҳумайд Кеший роҳимаҳуллоҳ нима сабабдан қирқтадан кўп ҳадис ривоят қилган. Олдинги мавзулардан “арбаин” борасида ривоят қилинган ҳадислар заиф эканлиги маълум бўлди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ўзларининг ҳадисларини бошқаларга етказишга тарғиб қилган саҳиҳ ҳадислар ҳам мавжуд бўлиб, уламолар шу саҳиҳ ҳадисларга амал қилиш учун “Арбаин” асарларида қирқтадан кўп ҳадис ривоят қилганлар.

 

Хусанбоев Олим – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar