25.10.2024

МАЗҲАБДА ҚОИМ ТУРИШ АСЛИ ҲИДОЯТ

     Оламларни яратган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар, икки олам сарвари ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)га ва ул зотнинг асҳобларига, завжайи муатаҳҳарот оналаримизга беадад дуруду саловатлар бўлсин.

        Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилиб “Ҳар бир жон ўлимни тотиб кўргувчидир, биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз, ҳамда бизгагина қайтарилурсиз” (35-оят)деди.

     Ана шундай биз яхшиликлар ва ёмонликларга рўбаро бўлиб синаламиз. Бугунги кунимизда кўплаб огоҳлантиришларга қарамасдан, инсонларнинг баъзилари ҳидоят истаябман деб, асли ҳидоят бўлган мазҳабларидан, бемазҳабликка, яхшиликдан ёмонликка кўчмоқдалар. Нима яхши-ю нима ёмон эканини қуйида келадиган чинакам уламолар сўзларида баён қилсак.

     Маъмур ибн Рошид р.а. айтадилар: “Бир киши қўшиқ эшитиш ва аёлларнинг орқасига келиш борасида аҳли Мадинани сўзини олса, мутъа никоҳи ва пул алмаштириш масаласида аҳли Маккани сўзини олса, маст қилувчи ичимлик борасида аҳли Кўфани сўзини олса, Аллоҳни бандаларини энг ёмони бўлибди”.

     Имом Нававий р.а. дедилар: “Унинг кўриниши: агар хоҳлаган мазҳабини хоҳлаган ҳукмига эргашиш жоиз бўлса, унда шаҳватига эргашиб, мазҳабларнинг рухсатларини олишда бемалол бўлиб қолади, ҳалол-ҳаром, вожиб-жоизлар ўртасида ихтиёрли бўлиб қолади. Бу эса мажбуриятини ечилишига олиб боради. (Яъни шариатдаги ҳеч бир иш мажбурий бўлмай қолади). Исломнинг аввалги асрларида эса бундай бўлмаган. Чунки у пайтларда барча ҳодисотларни ҳукмларини ўз ичига олган ва танилган мазҳабнинг ўзи бўлмаган. Шунга кўра мусулмон киши ўзи эргашадиган мазҳабини таъйин қилиб, унда мустаҳкам туриши лозим бўлади”.

     Шайх Валиюллоҳ Деҳлавий р.а. айтадилар: “Билингки, албатта инсонлар биринчи ва иккинчи юзйилликда айнан бир мазҳабга эргашишликда жам бўлмаган, иккинчи юзйилликдан кейин эса инсонлар орасида ўзларининг кўз ўнгидаги мужтаҳидларини мазҳабини тутиш ҳар жойларда зоҳир бўлдики, айнан бир мужтаҳидга суянмаган киши жуда ҳам озчиликни ташкил қилди. Бу нарса, мазҳабга эргашиш ўша замондаёқ вожиб бўлди”. 

     Яна кўплаб уламоларни ўқиб ўрганар экансиз мазҳабда туриш, унда мустаҳкам бўлиш, асли ҳидоят эканини билиб бораверасиз. Саҳобайи Киромлардан содир бўлган ривоятлардан яна бири: “Бир куни Ибн Масъуд р.а. сафарда намозни 4 ракат ўқиди, шунда одамлар унга “Усмонга р.а. нисбатан айбли иш қилдингизми? намозни 4 ракат ўқидингизми?” деб сўрашди. Ибн Масъуд р.а. шунда “Хилоф қилиш ёмондир” деганлар” (Абу Довуд ривояти). Ўзи Ибн Масъуд р.а. одатда қаср ўқир эдилар. Намозни тўлиқ ўқишлари, ўз наздиларидаги яхшисини қўйиб, жоизни қилишлари, хилоф чиқиш, фитна ва ёмонликдан сақланганликлари учундир.

     Хулоса ўрнида шуни айтамизки, мазҳабини қўйиб бемазҳабликни тутаётганлар, ихтилофли масалани кўтариб фитнага сабаб бўлаётганлар, яхшиликни қўйиб ёмонликни олаётганлар, ибрат назари билан яхшилаб қарасинки, Аллоҳнинг имтиҳонида яхшилик ила синалаяптими ёки ёмонлик? – эътибор қилсин. Барчамизни борар жойимиз Аллоҳгадир. Аллоҳ ўзининг ҳақ ҳидоятидан айирмасин (Амин). 

 

Манба: Мақола Тақий Усмоний ҳазратларининг “Усулул ифто ва адабуҳу” асари асосида ёзилди. 

 

Қурбонов Аҳлиддин – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar