28.10.2024

МУЛЛО АЛИ АЛ-ҚОРИНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ-ИЖОДИЙ  ФАОЛИЯТИ

 Тўлиқ исми – Нуриддин Абу ал-Ҳасан Али ибн Султон ибн Муҳаммад ал-Қори ал-Ҳаравий ал-Маккий ал-Ҳанафий бўлиб, “Мулло Али ал-Қори” номи билан машҳурдир[1]

Мулло Али ал-Қорининг Ҳиротда туғилганлиги тўғрисида ҳеч қандай хилоф бўлмасада, туғилган санасини ҳақида маълумот қолдирилмаган. Чунки ўша даврларда чақалоқ туғилганда унинг туғилган санасига эътибор бўлмагани сабабли инсонлар буни тайин қилишга аҳамият бермас эдилар[2]

Аммо ҳижрий 1014 (милодий 1636 йил) санада Макка шаҳрида вафот этганлиги тўғрисида эса барча тарихчилар бир хил фикр билдирганлар. 

Мулло Али ал-Қори туғилиб ўсган юрт – Ҳиротда дастлаб Қуръони карим илмини ўрганди. Сўнг уни ёд олди, тажвид илмини ўрганди ва устози –ўз даврининг етук олимларидан бўлган Муийнуддин ибн ал-Ҳофиз Зайниддин ал-Ҳаравийдан дарс олди. У асосий илмини Ҳиротдаги ўша даврнинг энг машҳур шайхларидан ўрганди. Илм ўрганишининг илк давридаёқ кўпгина катта китобларни ўқиб ўрганиб пухта ўзлаштириб олди[3]. Ҳирот шаҳри Темурийлар ҳукмронлиги даври (уларнинг ҳукмронлиги ҳижрий 817 санадан ҳижрий 912 санагача давом этган)да давлат пойтахти, маънавият ва маданият ўчоғи ҳисобланар эди. 

Мулло Али ал-Қори Балад ал-амин – Маккаи мукаррама шаҳрига кириб истиқомат қила бошлади. Шу кундан бошлаб унинг ўз илмий фаолиятини олиб бориши учун тинч ва осуда ҳаёт бошланди. Машойих ва уламоларнинг дарс ҳалқаларида иштирок этди. Шу асрнинг кўпгина уламоларининг илмларидан баҳраманд бўлди ва илм олиш йўлида юксалиб борди. Бу даврда Макка шаҳри ва хусусан, араб диёрларида кўпроқ Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари тарқалган эди. Мазкур мазҳабларга эргашган баъзи кишилар етук аллома Имом Аъзам мазҳабини камситиб, уни “фақат раъйга асосланган” деган гапларни тарқатишарди. Баъзилар эса, ҳатто Абу Ҳанифанинг ўзига маломат тошини отиб, у зотни ҳадис илмида нўноқлиги борасида ножўя сўзлар билан айблашарди. Мулло Али ал-Қори Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлгани учун ҳам, мазҳаб ҳимояси йўлида уларга қарши кескин курашиб раддиялар ёзди, Абу Ҳанифа шаънини ҳимоя қилишга уринди, бунинг уддасидан чиқди ҳам. Чунончи, у “ан-Ниқоя мухтасар ал-виқоя” номли фиқҳга оид ҳанафий мазҳабидаги “Мухтасар ал-виқоя” китобига ёзган шарҳида барча аҳкомларни оят ва ҳадис билан исботлаб берган.

Аллоҳ таоло унинг қалбига илмларни жойлаш учун кенг қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”,[4] деган ҳадисларининг исботи ўлароқ у кишига барча яхшиликларни берди. 

Уни қидирган киши ё бирор китоб олдида ўтириб мутолаа қилаётганида ёки бирор олимнинг ҳузурида дарс тинглаётганида топиши мумкин эди. У ўз юрти Ҳиротда бўлганида ҳам, илм йўлини тутиб бошқа юртларда бўлганида ҳам ўз даврининг машҳур уламоларидан таълим олди, ҳамма жойда олим ва фузалолар даврасида муттасил равишда ўз илмини оширишга ҳаракат қилди.

Мулло Али ал-Қори бир неча йиллар Байтуллоҳ ал-Ҳаром уламоларидан дарс олишни ўзига лозим тутгани, илм ва таълимга кучли рағбат қўйгани боис тез фурсатда бармоқ билан саналгудек бўлган замонасининг етук олимларидан бўлиб етишди ва улар қаторида жой олди. Илм талаб қилишда тинмади, диний илмлар мажмуаси – ҳадис, тафсир, фиқҳ ва қироат илми бўйича катта шуҳратга эга бўлди, илмий даражаси юксалиб, ёзган асарлари ва шарҳлари тезда ҳар томонларга ёйилди. Илмий фаолиятини юксалтириш, давом эттириш ва тарқатиш мақсадида ҳар йили битта мусҳаф – Қуръони карим кўчириб ёзиб уни сотарди ва шу орттирган даромади келгуси йилгача етарди. Шу ерда Мулло Али ал-Қорининг моҳир хаттот эканлиги, ундан бир неча Қуръони карим нусхалари қолгани ва ҳалигача машҳур мезейларда сақланаётганини зикр қилиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

“Ал-Қори” деб номланишига унинг қироат илмида моҳир ва пешқадам, бу илмда етук билимдон, мустаҳкам ва пухта эгаллагани сабаб бўлиб, Ислом оламида ҳам Мулло ал-Қори номи билан шуҳрат топган.[5] Бу борада ўзининг ёзган асарлари ва шарҳларида баён қилиб берилган. 

Мулло Али ал-Қори ҳақидаги маълумотлар асосан ўрта аср манбаларида, қисман олимнинг ўз асарларида ҳам келтирилган. Унинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишда Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун”, Муҳаммад ал-Муҳиббийнинг “Хулоса ал-асар фий аъён ал-қорн ал-ҳадий ъашар” ва аш-Шавконийнинг “Ал-бадр ат-толиъ” асарлари асосий манба бўлиб ҳисобланади. 

Муҳаммад ал-Муҳиббий “Хулоса ал-асар фий аъён ал-қорн ал-ҳадий ъашар” номли китобида: “Мулло Али ал-Қори фозил илм пешволаридан, энг намунали етук тадқиқотчилардан бири бўлиб, ўз асрининг беназир олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишида ўта моҳир, имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутаккалим, мутасаввиф, тарихчи ва адабиётшунос бўлган. Унинг шуҳрати ва донғи бутун ислом дунёсига таралган бўлиб, унда ақлий ва нақлий билимлар мужассам эди. Суннати набавияга келсак, у бу борада етук мутахассис бўлган”, деб келтиради[6].

Аш-Шавконий “Ал-Бадр ат-толеъ” асарида келтиришича, Мулло Али ал-Қори ўнинчи ҳижрий сананинг бошларида майдонга келган мужаддид, мужтаҳиддир.[7] Мулло Али ал-Қори шундай юксак мартабага кўтарилганлигидан бўлса керакки, у бошқа мазҳаб имомларига ва айниқса, Имом Шофиий ва у кишининг издошларига кўп масалаларда ўз китобларида эътирозларини билдирган. Имом Моликка эса намозда қўлни пастга тушириб ўқиш борасида қарши чиққан. Бироқ, бу ишлар Мулло Али ал-Қорига кўплаб қийинчиликларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Шунга қарамай, аш-Шавконий Мулло Али ал-Қорини қўллаб, шундай деб таъкидлайди: “Бу унинг мартабаси баланд, юксаклигидан далолатдир. Мужтаҳид ўзи қарши чиққан ва ундаги саҳиҳ далилларга хилоф бўлган нарсаларни баён этиши керак. Бунда эътирозга дуч келган фикрларнинг эгаси буюк ва буюк эмаслигига қарамаслик лозим”.[8] Шу тариқа аллома одамларга ўзининг илми, асарлари, ақлу заковати билан то вафот этгунига қадар манфаат етказиб юрди.

 

 

Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

 

[1] “Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ мишкотул масобиҳ”. Байрут, Дор ал-кутуб ал-илмиййа, ҳиж. 1422 й, мил. 2001й, 1 жилд, 16 бет.

[2] “Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ мишкотул масобиҳ”. Байрут, Дор ал-кутуб ал-илмиййа, ҳиж. 1422 й, мил. 2001й, 1 жилд, 16 бет.

[3] «Хулосатул асар”, 3 жилд 185 бет; “Самт ан-нужум”, 4 жилд, 393 бет.

[4] Имом ал-Бухорий, “Саҳиҳ ал-Бухорий”, Илм китоби, “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса...” боби, 71 ҳадис.

[5] Муҳаммад ал-Муҳиббий. “Хулоса ал-асар фий аъён ал-қорн ал-ҳадий ъашар”. 3 жилд, 185 бет; “Самт ан-нужум” 4 жилд, 393 бет.

[6] Муҳаммад ал-Муҳиббий. “Хулосат ал-асар фий аъён ал-қорн ал-ҳадий ъашар”.

[7] Муҳаммад ал-Муҳиббий. “Хулосат ал-асар фий аъён ал-қарн ал-ҳадий ъашар”.

[8] Маржоний. “Вафийёт ал-Аслоф”. 

Izoh qoldirish

Izohlar