Ислом ва иймоннинг баёни ҳақида
- عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : بُنِيَ الْإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللَّهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالْحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتَّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳо- дат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало, ушбу ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг қисқача таржимаи ҳоллари билан танишиб чиқайлик.
Исмлари Абдуллоҳ, кунялари Абу Абдурраҳмон, оталари Умар ибн Хаттоб, оналари Зайнаб бинти Мазъундир. Абдуллоҳ ибн Умар ҳали балоғат ёшига етмай, оталари билан Маккада Исломга кирдилар. Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан рухсат сўраганларида, ёшлари кичик бўлганлиги сабабли рухсат бермадилар. Лекин Хандақ жангига чиққанлар. Ана шу вақтда Ибн Умарнинг ёшлари ҳали ўн бешдан ўтмаган эди. Оталари билан бирга Мадинага ҳижрат қилдилар. Ёшлари йигирмага етганда Маккани фатҳ этишда иштирок этдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар ёшлик вақтларидан тақводор, иффатли эдилар. У кишини Қурайш ёшлари ичида нафсига молик кишилардан деб танишарди. Кишилар орасида сахийлик ва ростгўйлик билан ҳам машҳур эдилар. Аллоҳ йўлида ҳақдорлар учун бир кунда юзта туяни инъом этганлари ривоятларда келади. Доимо етим ва мискинлар билан бирга овқатланиб юрар, агар бирор маърака қиладиган бўлсалар, унга фақат етим ва камбағалларни таклиф қилар эдилар. Албатта, бу сахийликлари фахр ёки мақтов учун эмас, балки Аллоҳ йўлида бўлар эди. Абдуллоҳ ибн Умар зоҳидлардан эдилар. Дунёга мойил ҳам бўлмас ва унга ортиқча ҳаракат ҳам қилмас эдилар, балки ундан баданларини тўсгудек кийимни, эгилган беллари тўғри бўлгудек таомни умид қилар эдилар, холос.
Ибн Умар кечалари кўп намоз ўқиб, доим Қуръон тиловат қилиб, Аллоҳни кўп зикр қилардилар. Агар огоҳлантирувчи, қўрқитувчи оят эшитсалар, кўзларига ёш ёмғир каби қуйилиб келарди. Ибн Умар туннинг кўп қисмида намоз ўқиб чиқар, тонг саҳарларда эса истиғфор айтиб, йиғлаб чиқардилар.
Улуғ зотлардан Товус раҳматуллоҳи алайҳи: «Ибн Умардан кўра тақволи, Ибн Аббосдан кўра билувчироқ кишини кўрмадим», дейди.
«Лан танаалул бирро хаттаа тунфиқуу миммаа туҳиббун» («Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ қилмагунингизча яхшиликка эриша олмайсизлар») ояти каримаси нозил бўлганида Ибн Умар Румайса исмли чўриларини Аллоҳ йўлида озод қилдилар ва: «Аллоҳга қасамки, дунёда энг яхши кўрган кишим сенсан, озодсан, кетавер», деб айтдилар.
Улуғ зотлардан Нофеъ айтадилар: «Агар Ибн Умарга дунё ишларидан бирор нарса оғир келиб қолса, Роббларига яқин бўлар эдилар».
Жобир ибн Абдуллоҳ, розияллоҳу анҳу айтадилар: «Абдуллоҳ, ибн Умардан бошқа молу дунёга мойил бўлиб кетмаган бирор кишини кўрмадик».
Кишилар айтишар эди: «Абдуллоҳ ибн Умарнинг зоҳидликлари оталаридан мерос эди. Шунингдек, дин таълимотларини ҳам оталаридек касб қилган эдилар. Ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва оталарига эргашар эдилар. У зотнинг қалблари беҳожатлик билан тўлган эди. Ақллари олий даражада, руҳлари эса пок эди. Агар ҳузурларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, у зотга бўлган муҳаббатларидан кўзлари ёшга тўлар эди».
Ибн Умарда уламоларга хос бўлган бир хислат бор эди. Агар инсонлар бирор нарсада жоҳиллик қилсалар, уларга адоватларини зоҳир қилмас ёки жавобни узиб қўймас эдилар. Агар билмайдиган нарсалари тўғрисида сўралса, дарҳол «Билмайман», деб айтар эдилар. Ибн Умар ҳаммаси бўлиб 2630 та ҳадис тўплаб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан кейинги ўринни эгалладилар. Ибн Умар ҳадисларни Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби улуғ саҳобалардан ва Оиша ҳамда Ҳафса оналаримиздан ривоят қилдилар. У зотдан Саъид ибн Мусаййиб, Ҳасан Басрий, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Ибн Сийрийн, Нофеъ, Мужоҳид, Товус, Икрима каби тобеъинлар ривоят қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар ҳижратнинг 73 йили 84 ёшларида Макка шаҳрида бу фоний дунёдан дорулбақога риҳлат қилдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни баён қилишда истиъора ишлатмоқдалар. Яъни у зот Ислом динини бир бинога ўхшатмоқдалар. «Бино қилинди» деб, бино қилувчини мажҳул қолдирмоқдалар. Чунки арабларда ишнинг бажарувчиси жуда аниқ-равшан бўлса, шундай услуб ишлатилади. Исломнинг бино қилувчиси Аллоҳ таоло бўлиб, бу маълум ва машҳур эканидан «Ислом бино қилинди» дейилмоқда. Лекин бу ҳадисда тўлиқ, мукаммал бино ҳақида эмас, бинонинг асосини ташкил қилувчи беш рукн ҳақида сўз кетмоқда.
Манбалар асосида тайёрланди: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. 2-жуз. Ислом ва Иймон китоби – Т.: “Ҳилол – Нашр”, 2019. – 320 б.
Мамаюсупов Жўрахон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar