ҚУРЪОННИ ЁД ОЛИШ ФАЗИЛАТИ
Қуръони Каримни ёд олиш, уни қалбга жо қилишнинг ҳикмати ва фазилати тўғрисидаги оят ва ҳадислар кўп ворид бўлган.
Аллоҳ таоло айтади:
«Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?» (Қамар, 17, 22, 40)
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қиладилар:
Яъни «Ичида Қуръондан бирон нарса бўлмаган киши (нинг қалби) гўё хароба уй кабидир» (Термизий ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Уҳуд жангида шаҳид бўлганларнинг ҳар иккитасини бир қабрга қўйдирар, аввал: «Буларнинг қай бири Қуръонни кўпроқ ёд билар эди?» деб сўрар, сўнг қайси маййитни кўрсатишса, ўшани лаҳадга олдин қўйдирар эдилар» (Бухорий ривояти).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шундай деганлари ривоят қилинади:
«Умматимнинг энг шарафли кишилари – Қуръонни кўтарувчилар ва тун эгаларидир» (Ибн Абу Дунё ва Байҳақий ривояти).
Қуръонни кўтарувчилар Қуръонни ёдлаб, амал қилувчи қорилардир.
Тун эгалари кечаси таҳажжуд намозларини ўқиб, туннинг маълум қисмини дуо, зикр, истиғфор билан ўтказувчи кишилардир.
Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шундай деганларини ривоят қиладилар:
«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга) ўргатувчиларингиздир» (Бухорий ривояти).
Демак, Қуръонни ўрганиш, яъни ёд олиш ва уни ўзгаларга таълим бериш кишини бандалар орасидаги энг яхшиси бўлиши учун сабаб бўлар экан.
Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:
«Эй Абу Зарр, эрталаб барвақт туриб, Аллоҳнинг Китобидан бир оят ўрганишинг сен учун юз ракъат (нафл) намоз ўқишингдан яхшироқдир. Ва эрталаб (барвақт) туриб, амал қиласанми, йўқми, илмдан бир боб ўрганишинг сен учун минг ракъат (нафл) намоз ўқишингдан яхшироқдир» (Ибн Можа санадини ҳасан, деган).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръон соҳиблари ва Қуръонни кўтарувчиларни иззат-икром қилар, уларнинг мавқеини бошқаларникидан устун қўяр эдилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир қанча кишиларни маълум жойга топшириқ билан юбордилар. Аввал, уларга Қуръонни ўқитиб кўрдилар, яъни ким Қуръондан қанча билишини текширдилар. Кунларнинг бирида, саҳобийларнинг энг ёши кичигининг олдига келиб: «Эй фалончи, сенда нима бор (яъни қайси сураларни биласан)?» деб сўрадилар. Шунда у жавоб берди: «Мен шу-шу ва Бақара сурасини биламан». Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна сўрадилар: «Сен Бақара сурасини биласанми?» У: «Ҳа», деб жавоб берди. Кейин у Зот шундай дедилар: «Бор, сен уларга амир (бошлиқ)сан». Шунда улар орасидаги каттароқ ёшли бир киши: «Аллоҳга қасамки, мени Бақара сурасини ўрганишдан унга амал қила олмай қолишдан қўрқишим тўсган эди», деди. Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Қуръонни ўрганинглар ва уни ўқинглар. Зеро, Қуръон уни ўрганувчи ва ўқувчилар учун худди мушку анбар солинган халта кабидир, унинг ҳиди ҳамма жойга тарқалади (яъни ким Қуръонни ўрганса ва ўқиса, унинг одамларга кўп манфаати етади)» (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шундай деганларини ривоят қиладилар:
«Қиёмат кунида Қуръон соҳиби келади ва Қуръон дейди: «Эй Роббим, уни кийинтиргин (яъни раҳматингга олгин)». Бас, унга иззат-икром тожи кийдирилади. Сўнгра яна дейди: «Эй Роббим, унга зиёда қилгин». Бас, унга иззат-икром либоси кийдирилади. Сўнгра яна шундай дейди: «Эй Роббим, ундан рози бўлгин». Бас, (Аллоҳ) ундан рози бўлади. Сўнг (Қуръон соҳибига) айтилади: «Ўқи ва кўтарилиб боравер».
Бас, (Аллоҳ) ҳар бир оят учун бир ҳасана (даража) зиёда қилади» (Термизий, Ибн Хузайма ва Ҳоким ривояти).
Аллоҳ таоло Қиёмат куни нафақат Қуръон соҳибини ажр-савоб билан мукофотлайди, балки Қуръоннинг барокатидан унинг ота-онаси ҳам Аллоҳ тарафидан бўладиган раҳматга ноил бўлишади.
Бурайда (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қиладилар:
«Кимки Қуръонни ўқиса, уни ўрганса ва унга амал қилса, қиёмат куни унга нурдан бўлган бир тож кийдирилади, (у тожнинг) зиёси қуёшнинг зиёси кабидир. Шунингдек, унинг ота-онасига ҳам икки кийим кийдирилади. Шунда улар: «Бу бизга нима сабабдан кийдирилди», дейишади. Сўнг айтилади: «Фарзандингизнинг Қуръонни ёдлаб, унга амал қилгани учун шундай марҳаматга сазовор бўлдингиз» (Ҳоким ривояти, санади – саҳиҳ).
Ота-оналарнинг бундай илоҳий марҳаматга эришишларига сабаб улар фарзандларини ёшлигидан яхши тарбиялаб, фойдали амалларга, жумладан, Қуръонни ёд олишга ундаганлар ва бунга жиддий аҳамият берганлар. Бу ерда ота-оналар учун фарзандларини ёшлигиданоқ Қуръонни ёд олишга қизиқтириш ва жалб этишга тарғиб қилинмоқда.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Уйларнинг энг ёмони, унда Аллоҳнинг Китобидан бирон нарса бўлмаганидир» (Ҳоким ривояти). Яъни бирон хонадонда Қуръони Карим тиловат қилиб турилмаса, ўша уй энг ёмон уйлардан ҳисобланади. Чунки бундай уйни шайтон ўз маконига айлантириб олади. Бу ерда ҳар бир киши Қуръон ўқишни ўрганиши таъкидланмоқда. Чунки мусулмон кишининг Қуръонсиз, уни тиловат қилмай, унда келган амр-буйруқ ва қайтариқларни ўрганмай яшаши дуруст эмас.
Имом Бухорий Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: «Мен Анас ибн Моликдан: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида кимлар Қуръонни ўзида жамлаган эди», деб сўрадим. У айтди: «Тўрт киши Қуръонни ўзида жамлаган эди. Уларнинг барчаси ансорлардир: Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд».
Бошқа ривоятда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот этган пайтларида фақат тўрт киши Қуръонни ўзида жамлаган эди. Булар: Абу Дардо, Муоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд».
Шубҳасиз, саҳобалар даврида Қуръонни ёдлагувчилар сони ҳозиргига нисбатан кўп бўлган. Бу ерда фақатгина энг кўзга кўринган ва ишончли қорилар зикр қилинмоқда. Шунингдек, саҳобалар Қуръонни, унинг ҳукмларини ўрганиш билан бирга унга амал ҳам қилар эдилар. Шу сабаб Умар (розияллоҳу анҳу) шундай деганлар: «Орамиздан бирон киши Бақара ва Оли Имрон сураларини ёдласа, у бизнинг кўз ўнгимизда шарафли ҳисобланар эди».
Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) Бақара сурасини ўқиб чиқсалар, Аллоҳнинг неъматига шукрона тарзида бир туя сўяр эдилар.
Саҳобалардан бири шундай ривоят қилади: «Агар Бақара сураси хатм қилинса, Биз уни ўзгача тарзда нишонлар эдик. Ушбу сурани ўқиб чиқишни «кичик хатм» деб атардик. Катта хатм эса Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқишдир».
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қиладилар:
«Уйларингизни қабристонга айлантириб қўйманглар. Дарҳақиқат, Бақара (сураси) ўқиладиган уйга шайтон кирмайди» (Термизий ривояти).
Абу Умома (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Мен Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шундай деганларини эшитганман: «Бақара сурасини ўқинглар, зеро уни олиш – барака, тарк этиш эса ҳасратдир. Унга сеҳргарлар таъсир қила олмайди». Яъни Бақара сурасини ўқиб юрган кишига сеҳр-жоду таъсир қилмайди.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) шундай деганлар: «Ушбу Қуръон Аллоҳнинг дастурхонидир. Кимки уни ўрганишга қодир бўлса, уни ўргансин. Аллоҳнинг Китобидан бирор нарса бўлмаган уй барака ва яхшиликлардан узоқдир. Аллоҳнинг китобидан бирор нарса бўлмаган уй гўё хароба кабидир. Уни таъмирловчи бирор нарса бўлмас! (Унинг ёлғиз чораси – Қуръонни ўрганиш ва уни тиловат қилишдир). Бақара сураси тиловат қилинадиган уйдан шайтон чиқиб кетади» (Имом Табароний ривояти).
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Ҳар бир нарсанинг саноми бўлади. Қуръоннинг саноми – Бақара сурасидир» (Ҳоким ривояти).
«Саном» сўзи арабча бўлиб, энг юқори чўққи, энг фазилатли ўрин каби маъноларни англатади. Қуръоннинг саноми дейилганда Қуръондаги энг улуғ ва фазилатли сура маъноси тушунилади.
Юқоридагилардан маълум бўладики, саҳобалар Қуръонни ёд олиш билан чекланмай, унга амал қилишда ҳам жидду-жаҳд кўрсатганлар. Ўз ўрнида биз ҳам уларга эргашишимиз ва уларнинг ҳаётларидан ўрнак олишимиз лозим.
Ғаниев Олим – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar