12.11.2024

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ФАЗИЛАТИ

Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Уни Аллоҳ таолонинг ўзи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилгандир. Кофир ва мушриклар даъво қилгандек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўзлари тўқиб олган эмаслар. Бунинг бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чунки ваҳий келмасдан олдин: «Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг». ўқиш, ёзишни ўрганмаган уммий эдинг. Дин нима, диёнат нима, ваҳий нима, илоҳий китоб нима билмас ҳам эдинг. Агар буларни билганингда ўқиб-ўрганганларидан таъсирланиб, ўзига дин тўқиб олди, китоб нозил бўлди, деб даъво қилмоқда десалар бўлар эди. «Лекин, Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни хоҳласак ҳидоят қилурмиз». ўша китоб-Қуръонни сен тўқиганинг йўқ. Уни Биз ўзимиз бир нур қилиб қўйдик. Ўша нур ила бандаларимиздан кимни хоҳласак жоҳилият зулуматларидан Ислом-иймон ёруғлигига чиқарамиз. Ушбу китобга амал қила бориб, «Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан». Аллоҳ таоло Ўз сўзи давомида: «Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур», деган. Яъни, эй, Муҳаммад сен одамларни ҳидоят қиладиган тўғри йўл-осмонлару ердаги барча нарсаларнинг молики бўлмиш Аллоҳ таолонинг йўлидир. Сен Аллоҳнинг китоби ваҳийлари ила Аллоҳнинг бандаларини, Аллоҳнинг тўғри йўлига ҳидоят қилурсан. Эй, одамлар! «Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур».

Аллоҳ таоло яна: «Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир», деган. Яъни, Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир. Қуръони Каримнинг яна бир сифати «тақводорларга ҳидоятдир». Ҳидоят-лутф билан мақсадга эриштиргувчи йўлни кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак унда тақво бор экан.

 

Валиев Аҳмадали – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar