ТИНЧЛИК - ЭНГ УЛУҒ НЕЪМАТ
Мустақилликка эришганимиздан сўнг, юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимизда амалга оширилаётган буюк бунёдкорлик ишлари табора равнақ топиб бормоқда. Албатта, биз инсонлар бундай улуғ неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, - деганлар.
Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз-у, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбар (алайҳиссалом) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.
Ислом динида тинчликни улуғлаш комил инсоннинг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Қуръони каримда бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй, иймон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!...” (Бақара сураси, 208-ояти).
Тинчликни қадрлаш, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Жамиятда яшайдиган барча инсонлар ўзларининг зиммасидаги бурчларини чуқур англасалар ва амал қилсаларгина бундай жамиятда бепарволик ва лоқайдликка йўл қўйилмайди.
Қуръони каримда ҳам берилган неъматга шукр қилиш ва қадрига етиб асраб авайлаб яшашга тарғиб қилинади. Агар инсон берилган неъматларни шукрини адо қилмаса, у бепарво ва лоқайдликка йўл қўйган бўлади. Қуръони каримда инсонни ношукур, беэтибор, бепарво ва лоқайд бўлишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро,83), - деб қайд этилганини фикримизнинг исботи бўла олади
Ҳар бир мусулмон киши ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун аввало Улуғ Яратгувчини, қолаверса Ватани ва халқини олдида масъулдир. Муқаддас динимизда барча халқларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган фитна-фасод ишлар улкан гуноҳ ишлардан саналади. Бу амаллар эса Қуръони каримда мунофиқларнинг амали сифатида баҳоланади: “(Олдингиздан) кетганида ерда фитна фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчилик) ёқтирмайди” (Бақара, 205).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда дунёнинг айрим мамлакатларида бўлаётган воқеалар инсонни ташвишга солади. Шунинг учун ҳам барчамиз ҳушёр, огоҳ ва ватанни севиш иймондан эканлигини ҳис этиб, бизларга берилган энг олий неъматлар мустақиллик, тинчлик ва хотиржамлик неъматларининг қадрига етиб яшасак зиммамиздаги ватан ва юрт олдидаги улкан вазифаларни бажарган бўламиз.
Хайрулло Мардонов – Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar