13.11.2024

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК - ТИНЧЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИККА ОЛИБ БОРУВЧИ ЙЎЛ

Диний бағрикенглик — инсоният тарихидаги муҳим тамойиллардан бири бўлиб, бу ҳодиса жамиятда турли диний қарашлар ва эътиқодларни ҳурмат қилишни, ҳар бир инсоннинг эътиқод эркинлигини қабул қилишни таъминлайди. Бугунги дунёда, глобализатсия ва турли миллатларнинг бир жойда яшаши туфайли диний бағрикенглик янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Диний бағрикенглик тинч ва фаровон жамият қуришда асосий омил сифатида намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда турли дин вакилларининг ўз динларига эътиқод қилишлари учун шароитлар яратилган. Ушбу жараёнларда халқимизнинг азалий диний ва маданий қадриятларнинг асоси бўлган ислом дини ҳам янада юксалди. Аллоҳга шукроналар бўлсинким, миллий ва исломий қадриятлар-масжид ва мадрасалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди, мамлакатимиз фуқаролари эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Ислом дини илми ва маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, калом илмининг йирик намоёндаси Абу Мансур Мотрудий, фақиҳлар Бурхониддин Марғиноний ва Абул Барокат Насафий, тасаввуф илмининг буюк мутафаккирлари Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбандий каби буюк аждодларимизнинг таваллудлари кенг нишонланди, табаррук қадамжолари обод қилинди, асарлари минглаб нусхаларда нашр этилди. Аллоҳ таоло: “Шукр қилсангиз, албатта (неъматларимни янада) зиёда қилурма[1], - деди. Биз барчамиз жипслашишимиз, шукр қилиб, биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Юрт равнақи, халқ фаровонлиги учун ҳамма баробар ҳаракат қилиши керак. 

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди ва қадр топди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Динлараро бағрикенглик ғояси – хилма-хил диний эътиқоддаги ёки муайян динга эътиқод қилмайдиган кишиларнинг бир замин, бир ватанда олийжаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.

Турли динларга эътиқод қилувчиларнинг бир жамиятда диний бағрикенглик, динлараро ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида, тинч-тотув ва тенг ҳуқуқли тарзда ҳаёт кечиришлари аввало шу жамият гултожи бўлган инсонларга бевосита боғлиқдир. Шундай экан, ҳар биримиз жамиятдаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатларни қарор топтиришда, аждодлардан мерос миллий ва умумбашарий қадриятларимизни давом эттиришда ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Хулоса қилиб айтганда, диний бағрикенглик инсониятга тинч-тотув ва барқарор жамият қуриш учун зарур. Бу фазилатни ривожлантириш орқали биз ҳар бир инсоннинг эътиқодини ҳурмат қилишга, тушунишга ва биргаликда яхши ҳаёт қуришга ҳисса қўшишимиз мумкин.

 

 

Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси 

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Ibrohim surasi, 7-oyat mazmuni.

Izoh qoldirish

Izohlar