14.11.2024

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНЛАРАРО МУНОСАБАТ

 Эътиқод (арабчадан олинган бўлиб) ишонч, иймонли бўлиш маъноларини англатади. Кенг маънода эътиқод инсон фаолияти учун маънавий асос, йўл-йўриқ ва мўлжал бўлиб хизмат қилувчи ҳолатдир. Билим ва ғоялар инсоннинг ҳам акли, ҳам қалби билан ўзлаштириб олинганидагина эътиқодга айланади. Умуман олганда, эътиқод гуруҳ ва оммани жипслаштирувчи, одамларни ижтимоий ҳаётнинг фаол аъзосига айлантирувчи омил ҳисобланади.

 Эътиқод инсон вояга етиши билан боғлиқ ҳолда тўпланган билимлар, ўзига хос эҳтиёж ва манфаатлар, ҳаётий тажриба асосида шаклланиб, мустаҳкамланиб боради ва шахс фаолиятининг изчил, мантиқий, мақсадли бўлишига олиб келади.

  Юқоридаги сифатий хусусиятлар билан бир қаторда журъатсизлик, қатъиятсизлик ва бефарқлик каби ҳолатлар ҳам мавжудлиги ва улар эътиқоднинг заифлигини кўрсатишини таъкидлаш зарур. Бундай кишилар кўпинча бошқаларга эргашиб ёки тақлид қилиб яшайдилар. Шароитга қараб гоҳ у, гоҳ бу томонга оғадилар. Бундай эътиқодий заифлик, бўшлиқ шахс камолотига салбий таъсир кўрсатади.

 Агар эътиқод мутаассиб, ирқий, миллатчилик, тор сиёсий ва иқтисодий манфаатлар билан чекланган бўлса, бундай ҳолда у бузғунчилик, беқарорликка хизмат қилади, ривожланишга тўсиқ бўлади. Тараққиёт, ҳурликка етакловчи ишонч ва эътиқод билан бузғунчи, алдамчи, адаштирувчи, ёлғон «эътиқод»ни фарқлаш жуда муҳим.

Ҳар қандай эътиқод диний бўлавермайди. Аммо дин ҳам эътиқоднинг ўзига хос кўриниши сифатида жипслаштирувчи хусусиятга эга. 

Диний эътиқодда муайян тимсоллар (буюм, ҳаракат, сўз, матнлар) диний маъно ва мазмун касб этади. Уларнинг мажмуи диний йўналишнинг шаклланиши ва фаолият кўрсатишини таъминлайди. Ҳар бир дин ёки диний конфессия (йўналиш)нинг собит ақидалари мавжуд.

Динларнинг келиб чиқиши бир, аммо башарият турли динларга эътиқод қилади, хатто бир халқ, миллатлар турли диний таълимотларга эргашадиган ҳоллар мавжуд. Барча динларда эзгулик ғоялари устувор, «яхшилик қил, ёмонлик қилма» демаган бирорта диний таълимот йўқ. Барча динларни, хатто энг қадимгиларини ҳам бағрикенглик руҳида ўрганмоқ зарур.

 Диний мавзуни ёритишда бағрикенглик (толерантлик), сабр-тоқатлилик, инсон, жамият, дунё хақидаги қарашларнинг ўзаро мубоҳазаси усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Диний ва нодиний дунёқараш шаклларининг ўзаро ўхшаш томонларига урғу бериш даркор. 

 Бугун Ўзбекистон диний бағрикенглик ва муроса борасида нафақат МДҲ давлатлари, балки бутун дунёга намуна бўлмоқда. Бу ҳақда Москва ва Бутунрус патриархи Алексей, Хиллари Клинтон ва Мадлен Олбрайт, Иордания шаҳзодаси Ҳасан бин Таллол каби дунё миқёсида катта обрў ва нуфузга эга инсонлар  ҳам юртимизга ташрифлари вақтида таъкидлаб ўтдилар. Албатта, халқимизга хос бу хислат бир зумда пайдо бўлган эмас, балки узоқ тарихий асосларига эга.

  9-асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини сунна йўналишининг  ҳанафий (Имом Аъзам) мазҳаби қарор топди. Ҳанафийлик ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериш билан бошқа мазҳаблардан ажралиб туради. Бу таълимотни такомилга етказган ватандошларимиз — Абу Мансур Мотуридий, Абулмуъин Насафий ва Бурҳониддин Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, ислом динининг «аҳли сунна вал жамоа» йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар. 

Хусусан, ўз даврининг рамзи бўлган Амир Темур эътиқод ва маънавиятнинг катта аҳамиятини тўғри идрок этган. Шарафиддин Али Яздий Соҳибқиронни ҳакли равишда эътиқоди комил инсон сифатида таърифлайди. Энг муҳими, Амир Темур «аҳли сунна вал-жамоа» эътиқодига содиқ, диний ақидапарастликка қарши қатъий бўлган, ислом динини мутаассибликдан холи, эркин тушунган. Унинг комил эътиқоди бошқа динларни рад этиш ҳисобига бўлмаган ва шу жиҳатдан ҳам у нафақат ўз асри, балки ҳозирги замон кишиси учун ҳам намунадир.

  Мустақиллик йилларида кутилмаган воқеаларга ҳам дуч келинди. Халқаро терроризм билан уюшиб кетган диний экстремизм эндиликда умумбашарий муаммога айланди. Унинг ечими бир мамлакатнинг қўлида эмас, балки халқаро миқёсдаги саъй- ҳаракатларни талаб қилади.

   Ана шундай мураккаб вазиятда ҳам, Ўзбекистон ҳукумати диний бағрикенглик сиёсатини олиб борди. Республикада ислом билан бир қаторда бошқа ноисломий конфессиялар ҳам эмин-эркин фаолият кўрсатмокда. Фуқароларга миллати, ирқи, динидан қатъи назар, тенг ҳуқуклар қонун орқали кафолатланган. Буни диёримизга очиқ қалб билан келаётган ҳар бир меҳмон ўз кўзи билан кўрмоқда ва эътироф этмокда.

Мустақиллик ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида, жумладан, маънавий ҳаётдаги янгиланиш жараёнини, туб ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Динга бўлган муносабат тубдан ўзгарди: собиқ совет тизимининг динга атеистик ҳужумкорлик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди. Дин ва дунёвий давлат орасидаги муносабат ҳақида гап кетар экан, энг аввало, диннинг давлатдан ажратилиши тамойилини унинг асосини таъкидлаш зарур. Бу ҳакда Конституциямизнинг 61-моддасида шундай дейилади: «Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг   фаолиятига аралашмайди»

  Мазкур моддада муҳим қоидалар мустаҳкам қўйилган. Аввало диний ташкилотлар қайси конфессияга тааллуклилигидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқий майдонда фаолият олиб борадилар. Бугунги кунда республикамизда 15 та ноисломий конфессияга мансуб 186 та ташкилот эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам бунинг амалий ифодасидир. Колаверса, диний бирлашмалар фаолиятини ташкил этиш уларнинг ички иши ҳисобланади ва давлат назоратидан холидир.

   Шу билан бирга, диний ташкилотлар давлатдан ажратилган бўлса-да, бу диннинг жамиятдан ажратилганини англатмаслигини таъкидлаш зарур. Зеро, бирор динга эътиқод қилувчи фуқаролар ҳам жамиятнинг таркибий қисми ва шу сабабли дин фуқаролик жамиятида ўз мавқеига эга бўлади.

    Давлатнинг динга бўлган муносабатини ифодаловчи бошқа бир тамойил шундан иборатки, давлат динни халқ маънавиятининг узвий қисми сифатида тан олади. Шундан келиб чиқиб, унинг ривожи учун тегишли шарт-шароит яратишга ҳаракат қилади.

 Мазкур қоидада дунёвий давлатнинг  динга бўлган муносабатини ифодалайдиган асосий тамойиллар ўз ифодасини топган:

— диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;

— диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш;

— диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқукларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;

— маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш йўлларини излаш зарурати;

Давлатнинг динга муносабатидаги асосий хусусияти — бу диннинг сиёсатга аралашмаслиги. Зеро, ҳар қандай дин, биринчи ўринда маънавий-ахлоқий жиҳатни ўз ичига олади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, халқимиз диний ва маънавий қадриятларининг ҳозирги демократик жамият қадриятлари билан уйғунлашиши республикамизнинг келажакда янада равнақ топиши, жаҳон ҳамжамиятига қўшилишида муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

 

 

Хайрулло Мардонов – Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar