18.11.2024

БАЙРОҒИМИЗ, ҒУРУР ВА ФАХРИМИЗ ТИМСОЛИДИР

“Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991-йил 18-ноябрда Ўзбекистон Республикаси олий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган XII сессиясида қабул қилинган.

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.

 Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни ифодаловчи муқаддас рамз бўлиб, давлат ва таълим муассасалари бинолари, корхона ва ташкилотларда ифтихор билан ҳилпираб турибди. Шунингдек, истиқлолимизнинг рамзи бўлган байроғимиз мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарида, БМТ биноси олдидаги мустақил давлатларнинг байроқлари қаторида ғурур билан қад ростлаган

Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. Зотан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуннинг 2-3-моддаларида таъкидланганидек, давлатимиз байроғи суверенитетимиз рамзидир.

Халқаро майдонда расмий делегацияларимизнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференциялар, жаҳон кўргазмалари ва спорт мусобақаларида мамлакатимиз тимсоли ҳисобланади. Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизнинг ютуқлари қалбимизни ватанпарварлик туйғусига тўлдиради.

Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

 

Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълиммуассассаси ўқитувчиси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar