23.11.2024

ДЎСТИНГ БЎЛСА, БОҒИНГ ЧАМАНЗОР!

Инсон учун ота – онасидан кейин қариндош уруғлар қаторидаги меҳрибон одам, бу дўстдир. Инсон фарзанди ота – онасиз ўзини қанчалар ғарибу бечора сезса, дўстларсиз ҳам дили кемтик бўлади. Шу сабабли дўсти йўқ одам бахтсиз одамдир, - дейди доно ҳалқимиз. “Дўстлик” сўзи элда муқаддас саналиб, мўъжизалар калити, омад, бахт – саодат, деб аталади. Ҳақиқата ҳам, қўшиқдек жарангдор, осмондек мусаффо, пўлатдек мустаҳкам, қуёш нуридек қайноқ, меҳригиёдек ҳаёт бахш бу сўзнинг замирида олам олам маъно ётади. Инсоннинг азал – азалдан ўзига дўст излаши қувонч ва ташвишларини у билан баҳам кўришга интилишининг сабаби ҳам шунда. 

Халқимизда дўстлик ҳақида, уни тараннум этувчи жуда кўп мақоллар, нақл ва ривоятлар бор. 

Қадимда ўтган бир подшоҳ уч ўғлини чақириб, га ўзингизниг номингизни қолдирадиган бир ёдгорлик барпо этинг, - деб уларга бир миқдор бойлигидан берибди. Катта ўғли номим қолсин, деб ўзига ҳашаматли мақбара солдирибди, ўртанча ўғли боғ – роғ қилибди, кенжа ўғли дўст орттирибди. Буни эшитган ота “вақти соати келиб мақбара нураб битади, боғ – роғ қурийди, аммо мустаҳкам дўстлик ҳамма нарсага бардош беради, кенжам тўғри йўл тутибди”, – деб ворисликни унга топширган экан. 

Ҳикоятда айтилганидек, ақлли одамлар учун дўстликдан азиз нарса йўқдир. Дўстлик беғараз бўлмоғи керак. Дўстлар қанча кўп бўлса, бало шунча кам ёпишади. Дўстга вафо қилмаган, хайрихоҳликни билмаган одам билан дўст бўлиш ҳеч қандай яхши натижа бермайди. Тушунмаганга, қадрига етмаганга яхшилик қилишдан, қулоқ солмаганга насиҳат қилишдан ва оғзи бўшга сир айтишдан катта хато бўлиши мумкун эмас. Феъл-атвори унча яхши бўлмаса-да аслида ақлли бўлган одамлар билан дўстлашиш фойдали, уларни ақил ва камолидан, билим ва тажрибасидан баҳра олса арзийди.  Лекин ахмоқ ва жоҳил одамлардан дўстлик чиқмайди. Улар билан дўстлашган пушаймон бўлади. Тожикларда “Душмани доно беҳ аз дўсти нодон аст”б яъни Нодон дўстдан доно душман яхшироқ, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.

Доноларнинг айтишича, уч гуруҳ кишилар билан дўстлик йўлини тутиш мақсадга мувофиқдир. 

Биринчиси – илм аҳли бўлиб, улар ўз ҳаётларини илму – одоб билан ўтказган ва ҳаётнинг барча аччиқ чучугини тортган бўладилар.

Иккинчиси – бахтиёр табиатли саодатманд кишилар бўлиб, ўз дўстларининг айбларини одамлардан яширадилар ва ҳеч қачон ошкор қилмайдилар.

Учинчиси – беғараз  ва  бетаъма кишилар бўлиб, уларнинг дўстликлари ҳақиқий  бўлади, бирор  фойда топиш эвазига қурилмаган бўлади.

Одобсиз ишлари -ю бузуқ ишлари кўрина бошлаган дўстлардан эҳтиёткорлик билан йироқлашиб, қайта дўст тутинмаслик керак.  Шу боис ҳар кимни ҳам дўст тутиб бўлмайди.  

Дўстлар ҳам уч тоифага кирадилар:

Биринчиси – “жон дўст” бўлиб, бундай дўст ҳақиқий ҳисобланади ва у ўз дўсти учун жонини ҳам аямайди.

Иккинчиси – “тил дўст” бўлиб,  у расман тилда дўстлик изҳор қилади аммо бошга бирор кулфат тушса, ўзини кўрсат майди.

Учинчиси – “мол дўст” бўлиб, бундай дўст еб-ичиш учунгина дўст бўлади. Пулинг тугаганда эса қорасини кўрсатмайди.

Дўстликда гар кўп. Кимнинг қадрдон дўсти кўп бўлса, у энг кучли, энг кўркам, энг омадли кишидир. Дўст инсон учун қанот, ақл – идрок йўлини ёритувчи машъаладир. Қуш қанотсиз кўкка парвоз эта олмаганидек, балиқ сувсиз яшай олмаганидек, инсон дўст биродарсиз ҳаёт кечира олмайди. “Дўстсиз бошим – тузсиз ошим”, деб бекор айтмаган доно халқимиз.

 Дўстни ёшликданоқ таниш у билан алоқа ва қадр-қимматни бутун умр мустаҳкамлаб бориш лозим. Шуйдай инсонгина ҳаётда кам қоқилади, кўпгина эзгу истакларига эриишишда дўстлари унга кўмакчи ва мадад бўладилар.

Байт:

Кўп дўстнинг танида жони бир бўлар

Жудо бўлишмайди ўлим келса ҳам 

Бирининг бошига тушса бир бало

Жонни фидо қилар дўстига шул дам

 

Хайрулло Мардонов – Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar