АБУ БАКР МУҲАММАД ОЖУРИЙ
Арбаин ёзган мутақаддим имомлардан яна бири Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Бағдодий Ожурий. Тарожим ёзган уламоларнинг ҳеч бири Имом Ожурий роҳимаҳуллоҳнинг туғилган йилини келтирмаган. Лекин 330-ҳиижрий йилдан олдин Бағдодда ҳадис айтганини нақл қилганлар. Сўнг 360-йил Муҳаррам ойида вафот этгунча Макка шаҳрида яшаганлар. Абу Муслим Иброҳим ибн Абдуллоҳ, Абу Бакр Аҳмад ибн Абдуллоҳ Сижистоний, Абул Аббос Аҳмад ибн Исо Шайбоний, Абу Жафар Аҳмад ибн Яҳё ибн Исҳақ Ҳалвони Бажалий, Абул Аббос Ҳомид ибн Муҳаммад Муқриъ Балхий ва бошқа кўплаб уламоларга шогирд бўлган. Абу Нуайм Асбаҳоний (336-430-йиллар), Абул Қосим Холаф ибн Қосим Андалусий (325-393-йиллар), Абу Бакр Заквон Ҳамадони Асбаҳонийлар (333-419-йиллар) Имом Ожурийдан илм ўрганганлар. Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ Абу Бакр Ожурий ҳақида “Тазкира”да: “ Абу Бакр Ожурий Имом муҳаддис қудва (пешқадам)дир. Амал қилгучи олим, суннат соҳиби ва суннатга эргашувчи” , дейди. Ибн Холукон: “Абу Бакр Ожурий шофеий фақиҳ, муҳаддис, солиҳ ва обид”, дейди.
Абу Бакр Ожурий роҳимаҳуллоҳ “Аҳкамун ниса”, “Ахлоқул уламо”, “Ахлақу ҳамалатул Қуръан”, “Ҳусну хулқ” ва бошқа мавзуларда кўплаб китоблар таълиф этган.
“Китабу арбаина ҳадис” китобида жами қирқта ҳадисни муттасил санад билан ривоят қилган. Ҳар бир ҳадисни келтиргандан сўнг ҳадисни шарҳига ҳам тўхталиб ўтган. Китобнинг хотимасида муттасил санад билан Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан, у зот Росуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан, у Зот соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтади: “Умматимдан ким динининг юмуши борасида қирқта ҳадис ёд олса…” ҳадисни келтиради. Бу “арбаин”нинг ҳозирда иккита нусхаси мавжуд. Биринчиси Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб, жами 33 вароқ, ҳар бир вароғи икки бет, лекин бошидан бир вароғи кам. Иккинчи нусхаси Дамашқдаги “Зоҳирия” кутубхонасида бўлиб, жами 33 вароқ, ҳар бир вароғи икки бетдан. Муҳаққиқ бу китобнинг давомида Абу Саъд Абдуллоҳ ал-Қушайри роҳимаҳуллоҳнинг “Арбаин” асарини келтирган. У асарда ҳам 40 та ҳадис муттасил санад билан ривоят қилинган. Ҳар бир ҳадисдан сўнг у ҳадисни кимлардан ривоят қилганини баён қилган. Аксар ҳадислари муттафақун алайҳдир.
Хусанбоев Олимжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar