12.12.2024

САҲОБАЛАР БИР-БИРЛАРИГА ОХИРИГАЧА ЎҚИБ БЕРИШМАГУНЛАРИЧА АЖРАЛМАС ЭДИЛАР!

Аллоҳ таоло аср – ўзида ажойиботларни мужассам қилган ва Ўзининг қудратига ҳамда етук ҳикматига далолат қилувчи замон билан қасам ичиб, инсонни тўрт хислатга эга бўлмаса хасоратда эканини айтди. Ўша хислатлар тўрттадир. 1.Иймон. 2.Солиҳ амал. 3.Бошқаларга ҳақни тавсия қилиш. 4.Сабр ва матонатга тавсия қилиш.

Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан иккитаси йўлиқиб қолишса тоинки вал-аср сурасини бир-бирларига охиригача ўқиб беришмагунча ажралишмас эди. Ўқиб бўлиб кейин бирлари иккинчисига салом берар эди.

Буни Байҳақий Абу Ҳузайфадан (р.а.) ривоят қилганлар. Имом Шофеъий: «Агар инсонлар бу сурани тадбир қилишганида мўл-кўл бўлишар эди», дедилар. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳдан яна икки нақл бор:

1.Агар шу сурадан бошқа сура нозил бўлмаганда ҳам, умматга кифоя қилар эди деганлар.

2.Агар инсон бу суранинг ўзини тафаккур қилса ҳам унга ҳам ортиб қолади. Яни унга тўлиқ ақли етмайди. Бу сура инсонга ана шунчалик манфаъати катта бўлган сурадир. Аллоҳ таолонинг муқаддас каломини англаш, унга амал қилиш борасида мана шу сурани ўрганиш ҳам инсонга анчагина маълумот, илм ва ибодат қилиш учун куч ва ғайрат беради.

Аср сурасининг тафсири билан қисқача танишамиз. Аллоҳ таоло  бу сурада биринчи асрга (вақтга)  қасам ичаяпти. Буни уломолар ҳар хил шарҳлашган. Улардан бири умумий вақтга деб айтган, яна бири эса 100 йил деган, яна баъзи уломолар  эса аср намозига деган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уни бир кундан бўлган озгина вақт деганлар. Баъзи уломолар эса кечки вақтга деганлар. Чунки аср намозининг бошқа намозлардан даражоти буюк. Аллоҳ таоло ояти каримада:

    حَٰفِظُواْ عَلَى ٱلصَّلَوَٰتِ وَٱلصَّلَوٰةِ ٱلۡوُسۡطَىٰ وَقُومُواْ لِلَّهِ قَٰنِتِينَ

238. Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар - ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйсунган ҳолда туринглар! 

Чунки аср вақтида инсон турли хил ишлар билан машғул бўлади. Бугунги ишимни тугатиб қўяй ва шунга ўхшаш нарсалар билан аср намозини қазо қилиб қўяди. Аллоҳ таоло аср сурасига янада эътиборни ошираяпти.

Аллоҳ таоло Аср сурасида марҳамат қилади:

إِنَّ ٱلۡإِنسَٰنَ لَفِي خُسۡرٍ

2. (Барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Албатта, инсон хусрондадир. (Хусрон-мағлубият, ютқизиқ ва нуқсон маьноларини англатади). Ҳа, ҳар бир инсон хусрондадир...

Инсон зоти борки ҳаммаси надоматда. Шу надоматни тушунтириш учун бир ҳикояга назар ташлаймиз:

Бир подшоҳ аскарлари билан узоқ сафарга чиқади. Йўл-йўлакай бир ғорга дуч келишади. Ғорга киришдан олдин подшоҳ ўз аскарларига буйруқ беради:

“Ҳамма ғордан чиқаётганда бир тош олиб чиқсин”.

Аксарият аскарлар бу буйруқни аҳамиятсиз деб билиб, кичикроқ ёки энг енгил тошларни танлашади. Айримлари эса ҳатто ҳеч нарса олишга ҳам эринади. Улар бу вазифани жиддий қабул қилишмайди.

Ғордан чиққанларида ғорни оғзи битта тош билан ёпилди, подшоҳ тошларни кўрсатишни буюради ва бир мўъжизани намоён қилади: уларнинг олиб чиққан тошлари қимматбаҳо жавоҳирга айланади!

Шунда аскарлар афсусланиб қолишади: “Кошкийди катта тош олганимизда!”

Бу ерда тош олганлар ҳам надомат қилди, олмаганлар ҳам надомат қилди. Олганларнинг надомати шу бўлдики янада кўпроқ олар эдимку, олмаганлар эса нимага ҳам олмадим деб надомат қилдилар. Бу ҳикоядан шуни тушинамизки қиёмат куни ҳам ҳудди шундай бўлади, ибодатни қилганлар ҳам надомат қилади яъни кўпроқ ибодат қила олар эдим деб, ибодат қилмаганлар ҳам надомат қилишади нима учун мен Аллоҳимга ибодат қилмадим деб. Шу надоматни камайтирадиган нарса балки баъзи ҳолатларда умуман йўқга чиқарадиган нарса нима экан деса?  Аллоҳ таоло айтаяпти, лекин сен имон келтирсанг солиҳ амаллар қиладиган бўлсанг, ҳаққа буюрадиган бўлсанг, сабрга чақирадиган бўлсанг бундан мустасно.

Имом Розий (р.а.): “Оят шу нарсага далолат қиладики, албатта ҳақ оғир нарсадир. Машаққат доим у билан ҳамроҳдир. Шунинг учун тавсия қилишни бир-бирига яқин қилинмоқда”, дедилар.

 

  Қурбонов Аҳлиддин - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar