
ИМОМ ДОРУҚУТНИЙ (306-385)
Имом Ҳофиз Абул Ҳасан Али ибн Умар ал-Бағдодий Шофеий Доруқутний 306-ҳижрий йили Бағдодда туғилган. Имом Доруқутний ёшлик давридан Абул Қосим Бағавий, Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соид, Муҳаммад ибн Феруз Анматий, Али ибн Абдуллоҳ ибн Мубашшир ал-Воситий, Муҳаммад ибнул Қусим ибн Закариё Муҳарибий, Абу Умар Муҳаммад ибн Юсуф ибн Яқуб Қози ва бошқа устозларидан ҳадис эшитган. 320-йил Басра шаҳрига ҳадис эшитиш учун сафар қилган. Шом, Миср, Восит, Кўфа, Хузистон каби шаҳарларга ҳам ҳадис эшитиш учун сафарлар қилган. Имом Доруқутнийдан Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Ҳоким, Ҳофиз Абдулғани, фақиҳ Абу Ҳомид Исфароний, Абу Абдурроҳман Суламий, Абу Масъуд Димашқий, Абу Нуайм Асбаҳоний, Абу Бакр Барқоний, Қози Абут Тийб Тобарий ва бошқа кўплаб ҳуффоз муҳаддислар ҳадис ривоят қилганлар. Бу зот “Ал-илзамат ала соҳиҳай Бухорий ва Муслим”, “Ат-татаббуъ”, “Сунан”, “Ал-мўталаф вал мухталаф” ва бошқа китоблар таълиф этган.
Имом Доруқутний “Китабун фийҳи арбауна ҳадис” китобида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисларни жамлаган. Яъни бу китоб ҳам “арбаин”, ҳам “муснад” ҳисобланади. Китобни бобларга бўлмасдан, балки “биринчи ҳадис”, “иккинчи ҳадис” деб қирққа бўлган, ҳар бир қисмда бир ҳадисни келтириб, агар бошқа санади бўлса санадларни, ёки лафзда ихтилофи бўлса ихтилофни ҳам баён қилиб ўтган. Санадларни келтиргандан сўнг ҳадисни Бухорий ёки Муслим ривоят қилган бўлса уларни ҳам баён қилган. Агар ҳар бир келтирган санадни алоҳида ҳадис деб олсак (салаф уламолар ҳар бир санадни алоҳида ҳадис деб ҳисоблаганлар) жами 104 та ҳадис ривоят қилган бўлади. Китобни Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Абийд таҳқиқ қилган, жами 207 бетдан иборат бўлиб, таҳқиқ мобайнида Имом Доруқутний роҳимаҳуллоҳ ҳаёти, илмий фаолияти, ёзган асарлари, устоз ва шогирдлари, арбаин ёзган уламолар, уларни арбаин ёзишга ундаган ҳадис ва у ҳадисга уламоларнинг берган ҳукмлари, китобнинг аслий нусхаларининг суратларини келтирган.
Ҳусанбоев Олим – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar